Корхона 2018 йил январда ташкил этилган (ИФУТ коди – 49410 «Автомобиль транспортида юк ташиш»). Бир нечта фаолият тури билан шуғулланади, солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллайди (ЯСТ тўловчи). 2018 йил якунларига кўра товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган соф тушумнинг энг кўп улушини улгуржи савдо ташкил этади. Жорий йил якунларига кўра ходимларнинг ўртача йиллик сони 25 кишидан ошади.
1. Корхона 2018 йил якунларига кўра кичик корхона ҳисобланадими?
2. Корхона 2018 йилда солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаши мумкинми?
3. Корхона 2018 йил учун ягона ижтимоий тўловни қандай ставка бўйича тўлаши керак?
1 |
Агар 2018 йил якунларига кўра корхонанинг асосий фаолият тури улгуржи савдо бўлса, бунда ходимларнинг ўртача йиллик сони 25 кишидан ошса, корхонангиз кичик корхона деб ҳисобланмайди. Савдода банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 25 киши бўлган корхоналар кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси).
2 |
Ҳа, агар йил якунларига кўра асосий фаолият тури савдо бўлса, ҳатто корхона 2018 йилда йирик корхона бўлса ҳам, ЯСТ тўлаши мумкин. Ходимлари сонидан қатъи назар савдо корхоналари солиқ солишнинг бошқа тизимини танлаш ҳуқуқисиз ЯСТ тўловчи ҳисобланади (Солиқ кодексининг 350-моддаси).
3 |
Кичик бизнесга мансублик йил якунларига кўра белгиланиши боис корхона 2018 йилда ЯИТни 25%лик ставка бўйича тўлаши керак.
Агар ЯИТни 15%лик ставка бўйича тўлаган бўлсангиз, қўшимча ҳисоблаб, қўшимча тўловни тўлашингиз лозим.
Кичик корхоналар учун белгиланган ставка – 15%ни қўллаган, бироқ йил якунлари бўйича уларнинг жумласига киритиш учун белгиланган ходимлар сони мезонига мос келмайдиган ЯИТ тўловчилар ЯИТ суммасини 25%лик ставка бўйича қўшимча ҳисоблайди. Бунда ЯИТнинг белгиланган энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯИТнинг қўшимча ҳисобланган суммасининг қайта ҳисоб-китоби амалга оширилмайди (АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 7-1-банди).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.