Давлат божхона қўмитасида ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи маҳаллий тадбиркорларга кўмаклашиш борасида қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Марказий банк, Ўзбекистон фермерлар кенгаши, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, «Ўзстандарт» агентлиги, «Ўзагроэкспорт» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда пойтахтимиз, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳудудий божхона бошқармаларидан туриб, ўзларини қизиқтирган саволлар ва ўйлантираётган муаммолар юзасидан мурожаат қилиш имконига эга бўлишди.
Тадбирда сўзга чиққан ДБҚ раисининг ўринбосари М.Салиев мамлакатимизда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги талаблар давлат органлари ходимлари ва экспортчи корхона вакиллари томонидан бир хил талқин этилиши кераклигини таъкидлади. Видеоселектордан кўзланган мақсад ҳам аслида шу эди. Йиғилишда, хусусан, Президентнинг «Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (17.10.2018 йилдаги ПҚ-3978-сон) атрофлича тушунтирилди.
Қарор билан мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини амалга оширишда бир қатор енгилликлар берилди: эндиликда юридик шахслар бундай маҳсулотлар экспортини олдиндан тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолати ва суғурта полисисиз экспорт қилиш ҳуқуқига эгалар. Шунингдек, экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайдиган бўлди.
Таъкидланганидек, етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини халқаро бозор стандартларига мос равишда (маҳсулотга тегишли белги қўйиш, ишлаб чиқарилган мамлакат, нави, ҳажми, оғирлиги, сифати ва ўрами тўғрисида маълумотларни акс эттириш) қадоқлаш ва Ўзбекистоннинг савдо бренди остида ташқи бозорга олиб чиқиш хорижий мамлакатларда маҳсулотларимизнинг мавқеи ошишига хизмат қилади. Шу сабабли қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларига мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва экспорт қилувчилари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш, бу маҳсулотларни етиштириш, тайёрлаш, саралаш, калибрлаш, қадоқлаш ва экспортга жўнатиш кластер тизимини жорий этишга кўмаклашиш учун шахсий жавобгарлик юкланган.
Тадбирда манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари ҳам сўзга чиқиб, мавзу юзасидан тегишли тушунтиришларни беришди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди. ДБҚ раҳбарияти республиканинг иқтисодий салоҳиятини оширишга ҳиссасини қўшаётган тадбиркорларга ўз ваколати доирасида барча амалий ёрдамларни беришга ҳамда товарлар экспортининг божхона расмийлаштирувини туну кун амалга оширишга тайёр эканлигини билдирди.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати.
Жорий йилнинг 19 ноябрига қадар республикамиздан хорижга қиймати 778 млн АҚШ долларилик 1,1 млн тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган.