Ташкилотимиз юк автомобилларини сотиш бўйича дилерлик фаолияти билан шуғулланади ва фойда солиғи тўлайди. Айни пайтда чет ташкилотларга хизмат кўрсатиш учун автомобилларни ювиш шохобчасини ташкил этмоқчимиз. Ўз маблағларимиз ҳисобидан артезиан қудуғини очмоқчимиз. Сувдан автомобилларни ювиш ва бошқа мақсадлар учун фойдаланамиз.
Қудуқдан олинган сувдан фойдаланиб автомобилларни ювиш фаолиятини ташкил этсак, қандай солиқларни тўлашимиз керак бўлади?
– Корхонангиз умумбелгиланган солиқларни тўловчи, Ўзбекистон ҳудудида сувдан фойдаланишни ёки сув истеъмолини амалга оширувчи сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчи бўлади (Солиқ кодексининг 257-моддаси 1-қисми).
Ер усти ва ер ости манбаларидан олиб фойдаланиладиган сув ресурслари солиқ солиш объектидир. Сув ресурсларининг ер ости манбаларига артезиан қудуқлари ва скважиналар, вертикал ва горизонтал дренаж тармоқлари ҳамда бошқа иншоотлар ёрдамида чиқазиб олинадиган сувлар киради (Солиқ кодексининг 258-моддаси).
Фойдаланилган сувнинг ҳажми солиқ солинадиган базадир (Солиқ кодексининг 259-моддаси). У сув ўлчагич асбобларининг кўрсаткичлари асосида аниқланади.
Сувдан ўлчагич асбобларсиз фойдаланилган тақдирда, унинг ҳажми сув объектларидан сув олиш лимитларидан, сув истеъмолининг технологик ва санитария нормаларидан, экинлар ҳамда дов-дарахтларни суғориш нормаларидан ёки маълумотларнинг тўғрилигини таъминловчи бошқа усуллардан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
2018 йилда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари Президентнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарори (13-илова) билан белгиланган бўлиб, тўловчининг тури ва сув ресурслари манбаига боғлиқ.
Корхона автомобилларни ювиш хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ фаолият бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни алоҳида ставкада тўлаши керак. Шу сабабли 2 та ҳисоблагич ўрнатишни тавсия этамиз. Бири – автомобилларни ювиш шохобчасининг иши учун, иккинчиси – сувдан бошқа мақсадларда фойдаланиш учун.
Солиқ тўлаш тартиби Солиқ кодексининг 264-моддасида белгиланган. Йил мобайнида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича жорий тўловлар назарда тутилган.
Автомобилларни ювиш хизматларини кўрсатишдан олинадиган даромадлар жами даромадга киритилади ва уларга фойда солиғи солинади (Солиқ кодексининг 130-моддаси), шунингдек ҚҚС солиш объекти ҳисобланади (Солиқ кодексининг 197, 199-моддалари).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.