Алиэкспрессда 5.10.2018 йилда почта жўнатмалари орқали 150 АҚШ долларига телефон сотиб олдик. Товар 5.11.2018 йилда Ўзбекистонга етиб келди. 485 000 сўмлик божхона тўловларини тўлаш керак экан.
Божхона тўловлари қандай шакллантирилади?
– Телефонингиз қиймати божхона тўловлари ундирилмайдиган товарларни олиб киришнинг белгиланган чекланган нормаларидан ошади. Халқаро почта жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган, божхона тўловлари ундирилмайдиган товарлар қиймати 100 АҚШ долларини ташкил этади (6.02.2018 йилдаги ПҚ-3512-сон қарорининг 1-банди). Яъни 100 АҚШ долларидан ошадиган суммадан тегишли божхона тўловларини тўлашингиз керак бўлади.
Телефон аппаратларининг ТИФ ТН коди – 8517 12 000 0.
Бу ҳолда қуйидагиларни тўлаш зарур:
● товар божхона қийматининг 10%и, бироқ бир донаси учун камида 10 АҚШ доллари миқдоридаги импорт божхона божи (Ставкалар, 29.09.2017 йилдаги ПҚ-3303-сон қарорга 1-илова);
● қўшилган қиймат солиғи – солиқ солинадиган базанинг 20%и. Товарларни импорт қилишда солиқ солинадиган базага товарларнинг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган божхона қиймати, шунингдек ЎзРга товарларни импорт қилишда тўланиши лозим бўлган акциз солиғининг, божхона божларининг суммалари киради (Солиқ кодексининг 206-моддаси);
● товарнинг божхона расмийлаштируви учун йиғим – товар божхона қийматининг 0,2%и, бироқ 25 АҚШ долларидан кам ва 3 000 АҚШ долларидан кўп эмас (ВМнинг 30.04.1999 йилдаги 204-сон қарори билан тасдиқланган Ставкалар).
Тўловлар ҳисобланиши учун телефоннинг божхона қийматини маълум қилиш зарур. Уни тасдиқлаш мақсадида декларация қилинаётган товар сотиб олинганлигини ва унинг қийматини тасдиқловчи чек, инвойс ва бошқа ҳужжатларни тақдим этишингиз керак бўлади. Улар мавжуд бўлмаганда божхона шунга ўхшаш товарларни сотувчи хорижий ташкилотларнинг каталогларида кўрсатиладиган маълумотлар ёхуд божхоначилар тасарруфида бўлган нархлар тўғрисидаги бошқа ахборот асосида божхона қийматини мустақил равишда белгилашга ҳақли бўлади. Бунда товар сифати, унинг бозордаги обрўси, келиб чиққан мамлакати, тайёрланган вақти ва нархга таъсир этувчи бошқа омилларга қараб қийматга тузатиш киритилиши мумкин.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.