Республикамиз Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида божхона органларида 2018 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари учун божхона кўригида хавф-хатардан огоҳ этиш тизими, яъни тадбиркорларнинг қанчалик ҳалол эканига қараб, уларни «яшил» ва «қизил» йўлаклар орқали ўтказишни жорий этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.
Марҳамат, қайси йўлакдан ўтасиз?
Мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон) қабул қилинди. Ушбу Фармон билан 2018 йил 1 сентябрдан божхона назоратини танлов асосида амалга оширишни назарда тутадиган «Хавфни бошқариш» автоматлаштирилган ахборот тизими (ХБТ) амалиётга киритилди.
Тизимдан самарали фойдаланиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси ходимлари Жаҳон божхона ташкилотининг халқаро стандартларига ва хавфларни бошқариш тамойиллари ҳамда хавфларни бошқариш тизимидаги асосий ҳужжатлар, Европа ва Осиё мамлакатлари (Буюк Британия, Финляндия, Япония, Малайзия, Россия, Қозоғистон ва бошқалар) амалиётини ўрганиб чиқишди. Улар орасида, хусусан, Божхона жараёнларини соддалаштириш ва мувофиқлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенцияга (Киото конвенцияси) умумий илова, ЖБТнинг Халқаро савдо ва хавфсизликни таъминлашнинг асосий меъёрлари, Савдони қулайлаштириш тўғрисидаги битими бор.
ХБТни жорий қилиш жараёнида республика Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан жалб қилинган «Реформатикc» консалтинг компаниясининг тезкор иқтисодий ўсиш ва инновацион ёндашувлар стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича хизмат кўрсатувчи мутахассислар билан яқин алоқалар ўрнатилди. Улар томонидан ХБТни амалиётга жорий этиш юзасидан тайёрланган тавсия ва таклифлар эътиборга олинди. Тизимни тўлақонли амалга татбиқ этиш орқали ялпи божхона назоратини ўтказишдан воз кечган ҳолда шакллантирилган хавф профиллари ёки тасодифий танлов асосида товар ва транспорт воситаларининг божхона назорати қуйидаги йўлаклардан бирига йўналтирилиши белгиланди:
«Яшил йўлак» – хавф даражаси паст бўлган товар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона назоратининг муайян шаклларини қўлламасликни назарда тутувчи соддалаштирилган тартиб;
«Сариқ йўлак» – хавф даражаси ўрта бўлган ёки тасодифий танлов натижаси бўйича ушбу йўлакка ўтказилган товар ва транспорт воситаларига тегишли бўлган БЮД, ҳужжатлар ва маълумотларни текширишни назарда тутувчи тартиб;
«Қизил йўлак» – хавф даражаси юқори бўлган ёки тасодифий танлов натижаси бўйича ушбу йўлакка ўтказилган товар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона назоратининг муайян шаклларини қўллашни назарда тутувчи тартиб;
«Кўк йўлак» – эркин муомалага чиқарилган товарлар устидан тасодифий танлов натижаси бўйича божхона назоратини қўллашни назарда тутувчи тартиб.
Кўзланган фойда
ХБТни амалиётга татбиқ этиш орқали ТИФ иштирокчиларига қуйидаги қулайликлар яратилади:
– ташқи савдо айланмасининг ошиши ва халқаро савдони ривожлантиришга эришилади;
– ҳалол ТИФ иштирокчилари рағбатлантирилиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлиги ошади;
– божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланадиган вақт қисқаради;
– ҳар бир ТИФ қатнашчисига индивидуал баҳо бериш, ТИФ қатнашчиларини уларнинг ҳалоллигига қараб бир-биридан ажратиш, уларнинг вақти ва харажатларини қисқартиришга имкон яратилади;
– ТИФ қатнашчиларининг божхона кўригидан ўтиши енгиллашади;
– товарлар айланмасининг даври қисқаради.
Таъкидлаш лозимки, божхона органларига берилган барча маълумотларни текшириш ва ишончлилигини таъминлашнинг амалда имкони йўқ. Шу боис, божхона органларининг чекланган ресурсларидан янада самаралироқ фойдаланиш давр тақозосига айланган. Шу туфайли асосий диққат-эътиборни юқори ставкали, сурункали хусусиятга эга бўлган божхона қонунбузарликларига қаратиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларига путур етказадиган ёхуд давлатнинг бошқа манфаатларига таҳдид соладиган вазиятларни самарали бошқариш лозим бўлади.
Бинобарин, ташқи иқтисодий фаолият жараёнида хавф-хатарли вазиятлар бўлмаса ёки улар минимал даражада бўлса, божхона расмийлаштируви ҳам шунга яраша содда тарзда, осон ва тез амалга оширилади – бунда транспорт воситаларининг кутиб қолиши, юкларни ташиш, уларни божхона терминалларида сақлаш билан боғлиқ асоссиз харажатларга йўл қўйилмайди.
И.МУХТОРОВ,
ДБҚ Хавфларни мониторинг қилиш ва баҳолаш бошқармаси бошлиғи в.б.