Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 48 / Божхона

Битим тарафлари ўзаро боғлиқ бўлганда божхона қиймати

 

Компаниямиз манзилига келиб тушган юкнинг божхона қийматини аниқлашда асосий усулдан фойдаландик. Барча зарур ҳужжатлар тақдим этилди, бироқ божхона битимда ўзаро боғлиқ шахслар иштирок этганини қайд этди.

Шахсларнинг ўзаро боғлиқлиги қандай аниқланади? У битим баҳосига қандай таъсир этиши мумкин? Божхоначиларни бунинг аксига ишонтиришнинг имкони борми?

Ильдар М.

 

– Хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги турли шаклда тобе бўлиш ва назорат қилишга асосланган ўзаро муносабатларини аниқлаш учун қонун ҳужжатларида «ўзаро боғлиқ шахслар» тушунчасидан фойдаланилади. Ташкилотлар ёки жисмоний шахслар ўртасидаги муносабат уларнинг иқтисодий фаолиятига таъсир этса, улар ўзаро боғлиқ ҳисобланади.

Ўзаро боғлиқ шахслар деганда қуйидаги белгиларнинг ҳеч бўлмаганда биттасига мос келадиган шахслар тушунилади:

● битим тарафларининг бири (жисмоний шахс) ёки битим тарафларидан бирининг мансабдор шахси айни вақтда битим бошқа тарафининг мансабдор шахси бўлса;

● битим тарафлари юридик шахсга биргаликда эгалик қилувчилар бўлса;

● битим тарафларининг бири (жисмоний шахс) бошқа тараф билан меҳнат муносабатлари бўйича боғлиқ бўлса;

● битим тарафларининг бири битим бошқа иштирокчисининг устав фондида (устав капиталида) овоз бериш ҳуқуқи билан устав фондининг (устав капиталининг) камида 5%ини ташкил этувчи ҳиссага (пайга) эгалик қилса ёки акцияларининг эгаси бўлса;

● битимнинг ҳар иккала тарафи бевосита ёки билвосита учинчи шахс томонидан назорат қилинаётган бўлса;

● битимнинг тарафлари бевосита ёки билвосита учинчи шахсни назорат қилаётган бўлса;

● битимнинг бир тарафи ва (ёки) унинг мансабдор шахси бевосита ёки билвосита битимнинг иккинчи тарафини назорат қилаётган бўлса;

● битим тарафлари ва (ёки) уларнинг мансабдор шахслари қариндош бўлса (БКнинг 307-моддаси).

 

Турли ёндашув

Ташқи савдо битими иштирокчилари ўзаро боғлиқ шахслар бўлса, божхона қонунчилигида божхона қийматини аниқлаш учун усуллардан фойдаланишнинг алоҳида шартлари белгиланган. Ташқи савдо битимининг ўзаро боғлиқ бўлган иштирокчилари унинг бозор нархлари даражасига мувофиқ келмайдиган баҳосини белгилашлари мумкинлиги шуни тақозо этади. Ўз навбатида ташқи савдо битимининг баҳоси божхона божини солиш мақсадида аниқланадиган товарнинг божхона қийматини белгилаш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Битимнинг тарафлари (сотиб олувчи ва сотувчи) бир-бирига ўзаро боғлиқ шахслар бўлса, олиб кириладиган товарга доир битимнинг қийматига оид усулдан (1-усул) божхона қийматини аниқлаш учун фойдаланилиши мумкин эмас. Уларнинг ўзаро боғлиқлиги битимнинг баҳосига таъсир этмаган ҳоллар бундан мустасно, бу эса декларант ёки божхона брокери томонидан исботланиши лозим (БКнинг 306-моддаси).

Сотиб олувчи ва сотувчининг ўзаро боғлиқлиги товарларнинг божхона қийматини аниқлаш учун битим қийматини номақбул деб топиш учун асос бўла олмайди. Олиб кириладиган товарга доир битим тарафларининг ўзаро боғлиқлиги белгилари бўлган тақдирда божхона органи унинг амалдаги ҳолатларини ўрганиб чиқиши керак. Агар божхона органи битим тарафларининг ўзаро боғлиқлиги унинг баҳосига таъсир кўрсатмаган деб топса, у товарларнинг божхона қийматини аниқлаш учун қабул қилинади.

Агар декларант томонидан тақдим этилган ёки божхона органи бошқа йўл билан олган ахборот асосида сотувчи ва сотиб олувчининг ўзаро боғлиқлиги битим қийматига таъсир кўрсатганлиги белгилари топилса, божхона органи декларант ёки божхона брокерига ушбу белгилар мавжудлиги ҳақида ёзма равишда хабар қилади. Шунингдек мазкур ўзаро боғлиқлик битим нархига таъсир кўрсатмаганлигини исботловчи далилларни 30 календарь кундан ошмаган муддатда тақдим этиш зарурлиги тўғрисида хабар қилади. Декларант ёки божхона брокери берилган ушбу имкониятдан фойдаланиб, бунинг аксини исботлаши ва маълум қилинган қийматни ҳужжатлар билан тасдиқлаши мумкин (БКнинг 308-моддаси).

 

Исботлаш базаси

Декларант ёки божхона брокерининг аризасига кўра амалга оширилган битимнинг нархи товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун қабул қилинади, агар у битимнинг қиймати баҳоланаётган товар олиб кирилишидан олдин ёки олиб кирилганидан сўнг 30 календарь кун ичида товар олиб кирилаётганда божхона органи рози бўлган қуйидаги қийматларнинг бирига яқинлигини исботлай олса:

● ЎзРда ўзаро боғлиқ бўлмаган сотиб олувчиларга айнан бир хил ёки ўхшаш товарлар сотилаётгандаги битимнинг қийматига;

● айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг қийматларини чегириб ташлаш усули бўйича аниқланган божхона қийматига;

● айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг қийматларини қўшиш усули бўйича аниқланган божхона қийматига.

Бунда декларант ёки божхона брокери томонидан таққослаш учун тақдим этилган, кўрсатилган битимнинг баҳосига ва товарнинг божхона қийматига қуйидаги мезонлар бўйича фарқлар ҳисобга олинган ҳолда тузатишлар киритилади:

● тижорат шартлари;

● миқдори;

● ўзаро боғлиқ бўлмаган шахслар ўртасидаги битимда сотувчининг харажатлари, агар бундай харажатлар сотувчи томонидан ўзаро боғлиқ бўлган шахс билан тузилган битимда амалга оширилмаса;

● БКнинг 304-моддасида санаб ўтилган харажатлар. Уларга қуйидаги харажатлар киритилади:

товарни божхона ҳудудига олиб кириладиган жойга етказиб берилгунга қадар қилинадиган харажатлар (ташиш қиймати; товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва бошқа жойга тўкиш харажатлари; суғурта қиймати);

сотиб олувчи томонидан қилинган харажатлар (воситачилик ва брокерлик ҳақлари, бундан товарни харид қилишдаги воситачилик харажатлари мустасно; контейнерлар ва (ёки) кўп марта ишлатиладиган бошқа идишларнинг қиймати, агар улар ЎзР ТИФ ТНга мувофиқ баҳоланаётган товар билан бир бутун деб қаралса; ўров-жойлов қиймати, шу жумладан, ўраш-жойлаш материалларининг ва ўраш-жойлаш ишларининг қиймати);

сотувчи сотиб олувчига бепул ёки арзонлаштирилган нархда бевосита ёхуд билвосита тақдим этадиган хизматларнинг ва бошқа товарларнинг қиймати;

интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун сотиб олувчи баҳоланаётган товарни сотиш шарти сифатида бевосита ёки билвосита тўлаши керак бўлган лицензия тўловлари ва бошқа тўловлар;

олиб кирилган товарни кейинчалик қайта сотиш, ўзгача тарзда тасарруф этиш ёки ундан бошқа тарзда фойдаланишдан тушган тушумнинг бевосита ёки билвосита сотувчига тегиши керак бўлган ҳар қандай қисмининг қиймати (БКнинг 308-моддаси).

 

Маълумот учун. Битимнинг нархига киритиладиган харажатлар тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта қилиш, брокерлик хизмати) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади (БКнинг 304-моддаси).

Юқорида кўрсатилмаган харажатларни битим нархига қўшишга йўл қўйилмайди.

 

Турли номдаги товарлардан ташкил топган товарларнинг битта туркуми етказиб берилганда, божхона ҳудудига олиб кирилган товарлардан ҳар бирининг божхона қийматига қўшилиши лозим бўлган ҳамда товарларнинг бутун туркуми учун белгиланган харажатларни аниқлаш ҳар бир товар қийматининг товарлар туркумининг қийматига нисбати билан аниқланадиган катталикка мутаносиб равишда, транспорт харажатларини ҳисобга олишда эса, товарларнинг оғирлигига ёхуд ҳажмига мутаносиб равишда амалга оширилади (БКнинг 304-моддаси).

Декларант ёки божхона брокери томонидан таққослашга тақдим этилган айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг битим баҳосидан ёки божхона қийматидан баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун битимнинг баҳоси ўрнига фойдаланилиши мумкин эмас (БКнинг 308-моддаси).

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 

Прочитано: 1012 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика