Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 48 / Амалий бухгалтерия

Чегирма берилган товар реэкспорти ҳисоби

 

Компаниямиз 2018 йил март ойида молиявий чегирма (30%) билан импорт товарни кейинчалик реализация қилиш ниятида сотиб олди (нархи 10 ш.б. х 10 дона = 100 ш.б.). Божхона тўловлари товар нархидан (10 ш.б.) келиб чиқиб ҳисобланди, товар эса нарх + қўшиладиган харажатлар = қиймат (10 + 1 ш.б. = 11 ш.б. х БЮД расмийлаштирилган санадаги МБ курси) бўйича кирим қилинди. 30 ш.б. (30% х 100 ш.б.) миқдоридаги молиявий чегирма ўша курс бўйича 9390-счётда ҳисобга олинди. 2018 йил ноябрь ойида 5 дона миқдордаги сотилмаган товарнинг бир қисмини хорижий етказиб берувчига реэкспорт қилиш (қайтариш) ҳақида қарор қабул қилинди. 

Чегирма билан олинган товар реэкспорти қандай ҳужжатларда, ҳисобда қандай проводкалар билан акс эттирилади?

 

– Реэкспорт божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудига илгари олиб кирилган товар уни олиб киришда тўланган божхона божлари ва солиқлар суммалари қайтарилган ҳолда олиб чиқилади (БКнинг 6-боби).

Товарнинг амалда реэкспорт қилинаётган қисмига нисбатан тўланган божхона божлари ва солиқлар суммаларини қайтариш айни бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этилган тақдирда амалга оширилади:

● товарнинг реэкспорти уни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш маълум қилинган кундан эътиборан 2 йил ичида амалга оширилаётган бўлса;

● товар божхона ҳудудида ишлатилмаган ва таъмирланмаган бўлса (БКнинг 35-моддаси).

Илгари олиб кирилган товарларни ўзгармас ҳолатда божхона ҳудудидан олиб чиқишда божхона қиймати:

● товарнинг у олиб кирилган пайтдаги божхона қийматининг;

● божхона ҳудудида қилинган харажатларнинг, шу жумладан, божхона расмийлаштируви ва божхона тўловларини тўлаш (товарлар реэкспорт қилиниши муносабати билан қайтарилиши керак бўлган тўловларни чегирган ҳолда);

● товарларни сақлаш, суғурталаш учун қилинган харажатларнинг, божхона ҳудудида қилинган бошқа харажатларнинг йиғиндиси сифатида аниқланади (БКнинг ­315-моддаси).

Товарни реэкспорт божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига божхона юк декларациясини ва товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади (БКнинг 34-моддаси).

Товарни импорт қилиш чоғида молиявий, яъни пул чегирмаси олгансиз. Харидорларга пул чегирмалари:

● муддатидан олдин тўлаш натижасида;

● катта ҳажмда харид қилиш натижасида ёхуд бошқа шунга ўхшаш сабабларга кўра берилади.

Ушбу шартлар олди-сотди шартномасида назарда тутилган бўлиши керак. Пул чегирмаси харид қилинган ТМЗ қийматини камайтирмайди, балки у берилган ҳисобот даврида даромадларга киритилади (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМСнинг 13-банди). Сиз чегирма суммасини бошқа даромадлар таркибида кўрсатиб, тўғри қилгансиз.

ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базани аниқлашда етказиб берувчиларнинг пул чегирмаси тариқасида олинган бошқа даромадлар ялпи тушумдан чегириб ташланади (Солиқ кодексининг 356-моддаси 1-қисми 6-банди).

Агар контракт шартларида реэкспорт қилиш назарда тутилмаган бўлса, илгари чегирма билан реализация қилинган товарни реэкспорт қилиш шартлари тўғрисида етказиб берувчи билан битимни имзолаш керак. Контракт шартлари билан яхшилаб танишиб чиқишни тавсия этамиз: товар қайтарилганда пул чегирмаси сақланиб қоладими? Масалан, катта ҳажмда харид қилганингиз учун чегирма берилган бўлса, қайтарганда харидингиз ҳажми катта бўлмай қолиши мумкин, яъни бунда чегирмадан фойдалана олмайсиз.

Реэкспорт учун БЮДда товарнинг импорт қилиш чоғидаги контракт қиймати, яъни чегирмани ҳисобга олмаган ҳолда кўрсатилган бўлиши керак.

«Қайтарилган» – товар билан бирга реэкспорт қилинган чегирма илгари етказиб берувчидан «олинган» чегирма сингари расмийлаштирилган бўлиши керак. Уни инвойс, солиштириш далолатномаси ёки бошқа ҳисоб-китоб ҳужжатларида акс эттириш мумкин.

Пул чегирмаси билан олинган товар қайтарилганда бухгалтерия проводкалари:

Дт 9220 Кт 2900 (11 ш.б. х 5 дона х етказиб бериш БЮД расмийлаштирилган санадаги МБ курси) – реэкспорт қилинган товар таннархининг ҳисобдан чиқарилиши;

Дт 6990 Кт 9220 (1 ш.б. х 5 дона х реэкспорт расмийлаштирилган санадаги МБ курси) – реэкспорт қилинган товарга оид божхона тўловлари бўйича қайтариладиган суммалар;

Дт 6010 Кт 9220 (10 ш.б. х 5 дона х реэкспорт расмийлаштирилган санадаги МБ курси) – етказиб берувчи олдидаги қарзнинг реэкспорт қилинган товар қийматига камайтирилиши;

Дт 9390 Кт 6010 (10 ш.б. х 5 дона х 30% чегирма х реэкспорт расмийлаштирилган санадаги МБ курси) – реэкспорт қилинган товарга олинган чегирмадан даромад суммасининг ҳисобдан чиқарилиши ва товар етказиб берувчи олдидаги қарзнинг кўпайиши.

Етказиб берилган санадаги ва реэкспорт қилинган санадаги МБ курслари турлича бўлса, товар чиқиб кетаётганда солиқ солинадиган бошқа даромад юзага келиши мумкин.

 

Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.

 

Прочитано: 1058 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика