Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 48 / Солиқ солиш

Ишларни импорт қилишдан солиқлар

 

Ташкилотимиз шартнома асосида ишларни импорт қилди. Қурилиш-монтаж ишлари Ўзбекистон ҳудудида норезидент – Қозоғистон корхонаси томонидан бажарилди.

Резидент корхона ишларни импорт қилишдан қандай солиқларни тўлаши зарур?

 

ҚҚС

Норезидент бажарган қурилиш-монтаж ишларига (ҚМИ) ҚҚС солинади, сабаби уларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳисобланади. Бундай ишлар учун реализация қилиш жойи кўчмас мулк – қурилиш майдончаси жойлашган жойга қараб аниқланади (Солиқ кодексининг ­202-моддаси 3-қисми 1-банди).

Ишларни импорт қилиш бўйича бюджетга ҚҚС тўлаш мажбурияти корхонангизнинг солиқ солиш тизимига (умумбелгиланган солиқлар ёки ЯСТ) боғлиқ эмас. ҚҚС корхонангизнинг ўз маблағлари ҳисобидан ишлар қийматининг 20%лик ставкаси бўйича тўланади.

Ҳисобот давридан (чорак) кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмай солиқ органларига Ўзбекистон Республикаси норезидентларидан олинган ишлар, хизматлар бўйича қўшилган қиймат солиғи тўловчиси тўғрисида маълумотлар, Ўзбекистон Республикаси норезидентларидан олинган ишлар, хизматлар бўйича қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китоби (3-илова, АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) тақдим этишингиз зарур.

 

Тўлов манбаида фойда солиғи

Норезидент ишни қандай ташкил этганига қараб солиқ солинади.

Қозоғистон компанияси Ўзбекистон ҳудудида доимий муассаса (ДМ) ташкил этган ёки уни ташкил этмаган ҳолда ҚМИни бажариши мумкин.

Қозоғистон Республикаси Ҳукумати билан Даромаддан ва мол-мулкдан олинадиган солиқларнинг иккиёқлама қўлланишининг олдини олиш тўғрисида битим (Алмати, 12.06.1996 йил, 2.04.1997 йилдан кучга кирган) тузилган. Битимнинг 5-моддасига мувофиқ, ҚМИ 12 ойдан ортиқ давом этса, норезидент ДМ ташкил этиши керак.

Агар норезидент ДМ ташкил этмаган бўлса, ҚМИ импорт қилинганда унинг даромадларидан фойда солиғини ушлаб қолиш мажбурияти корхонангиз зиммасига юклатилади.

Ўзбекистон норезидентининг ДМ билан боғлиқ бўлмаган даромадларига ушбу даромадларни олиш билан боғлиқ харажатларни чегирмасдан тўлов манбаида солиқ солинади (Солиқ кодексининг 155-моддаси).

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистоннинг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Халқаро битимга мувофиқ, Ўзбекистонда юзага келадиган ва Қозоғистон резидентига тўланадиган фойдага Қозоғистонда солиқ солинади (Битимнинг 7-моддаси 1-банди).

Агар Қозоғистон компанияси Қозоғистон Молия вазирлиги ёки ваколатли вакили томонидан берилган, Қозоғистонда унинг резидентлиги борлиги фактини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этган бўлса, корхонангиз тўлов манбаида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ушлаб қолмасдан норезидентга даромадларни тўлаши мумкин (Солиқ кодексининг 155-моддаси 12-қисми).

Агар Қозоғистон компанияси ДМ ташкил этган бўлса, Ўзбекистонда ҚМИни бажарганда Солиқ кодексининг 154-моддаси нормаларига мувофиқ ДМнинг даромадига солиқ солинади. Бу ҳолда импорт қилувчи резидент фойда солиғини ушлаб қолмайди. Доимий муассаса солиқни мустақил равишда ҳисоблаб чиқаради ва ЎзРда тўлайди (Битимнинг 7-моддаси 1-банди).

 

Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.

 

Прочитано: 1024 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика