Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 48 / Олий мажлис қонунчилик палатасида

Валюта муомаласига талабчанлик кучаяди

 

2018 йил 22 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакатда ижтимоий, иқтисодий, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

 

Мажлис кун тартибидаги масалалардан бири – «Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 170-моддасига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди.

Қайд этилишича, мамлакатимизда чет эл валютасини айирбошлаш эркинлаштирилгандан буён соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамай, хорижий валютанинг қонуний муомаласи билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар кескин ошиб бормоқда. Масалан, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан ўтказилган таҳлиллар бу тоифадаги жиноятчиликнинг кескин ўсиш ҳолатларини кўрсатмоқда: биргина жорий йилнинг 9 ойида 2 069 та (2017 йил шу даврида – 1 656) шундай ҳуқуқбузарликлар аниқланган.

Шуни инобатга олган ҳолда тайёрланган қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 170-моддаси, Жиноят кодекси 177-моддасининг санкциясига ўзгартиш киритиш орқали валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш учун жазо чораларини белгилаш ҳамда жарималар миқдорини ошириш кўзда тутилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши бу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини кучайтиришга, аҳоли томонидан чет эл валюталарини айирбошлаш шохобчалари орқали харид қилиш даражасини оширишга, иқтисодиётда хуфиёна секторнинг даражасини камайтиришга ва чет эл валютасининг назоратсиз чиқиб кетиш йўлларини бартараф этишга ёрдам беради.

Депутатлар, шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини муҳокама қилишди.

Мажлисда, шунингдек, республика иқтисодиёт вазири Б.Ходжаевга Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг «Ўзбекистонда энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва энергия тежовчи инновацион технологияларни қўллаш истиқболлари тўғрисида»ги парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Шунингдек, мажлисда парламент қуйи палатаси ваколатларига кирадиган бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати материали асосида.

 

Прочитано: 928 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика