Самарқандликлар жорий йилда 331,5 млн АҚШ долларилик маҳсулотни экспорт қилишмоқчи
Экспорт салоҳиятини ошириш, соҳада мониторинг ишларини самарали ташкил қилиш, шунингдек, импортни қисқартириш, экспортчи корхона ҳамда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мамлакатимизда устувор вазифалардан бирига айланган.
Самарқанд вилоятида ҳам жорий йилнинг I чорагида 74 та саноат ва 72 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхона экспорт дастурига киритилган бўлиб, улар томонидан тегишли равишда 15,1 млн АҚШ долларилик саноат ва 33,6 млн долларлик мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилган. Тадбиркорлар товарларни четга олиб чиқишда божхона соҳасида яратилган қулайликлардан самарали фойдаланаётганлари туфайли экспорт географияси тобора кенгайиб бормоқда. Хусусан, вилоят экспортчилари Қозоғистон, Туркия, Вьетнам, Эрон, БАА, Хитой, Россия, Ироқ, Белоруссия, Афғонистон, Ҳиндистон, Озарбайжон сингари 35 дан ортиқ давлат билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйган.
Четга маҳсулот чиқаришни рағбатлантиришда Президентнинг «Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (6.11.2017 йилдаги ПҚ-3377-сон) муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Қарорга кўра хўжалик юритувчи субъектларга етказиб бериш суммаси экспорт божхона декларациясини расмийлаштириш кунида 20 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмайдиган мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини амалга оширишда экспорт шартномаси тузмасдан инвойс асосида олдиндан 100 фоиз тўлов шарти билан экспорт қилиш ҳуқуқи берилди. Қолаверса бундай маҳсулотлар экспортига юк божхона декларациясини расмийлаштириш кўрик ҳужжати тузилганидан кейин 3 соатдан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилиши белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, Самарқанд вилоят божхона бошқармасининг ТИФ божхона постларида ҳам маҳсулотларни ўз вақтида божхона кўригидан ўтказиш ва расмийлаштириш ишлари тизимли равишда йўлга қўйилди. Мазкур постлар орқали ўртача бир кунда 850 тоннадан 1 000 тоннагача маҳсулотларни экспорт қилиш имконияти яратилган. Бунда божхона ходимлари 24 соат мобайнида тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида божхона кўриги ва расмийлаштириш ишларини тез фурсатда амалга оширишмоқда.
Самарқанд вилояти
божхона бошқармаси
Aхборот хизмати.