Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 14 / Долзарб мавзу

Солиқ тизимини тубдан яхшилаш вақтинчалик бюджет йўқотишларига олиб келмайдими?

 

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан уюштирилган Солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳаси муҳокамасида сўз борди.

Муҳокама 29 март куни – ҳужжат эълон қилингандан кейин 12 соат ўтмасданоқ «Ўзэкспомарказ»да бўлиб ўтди. Бу вақтга келиб Интернет тармоғида минглаб шарҳлар – ҳаяжонли ёқлаб чиқишлардан бошлаб, айрим таклифларни бутунлай рад этишгача боришди. Шунинг учун муҳокама жараёнида Концепцияни ишлаб чиқувчилар таклиф этилаётган солиқ ислоҳотларининг асосий йўналишларини тақдим этибгина қолмай, балки солиқ юкининг кичик бизнес, ёлланиб ишловчилар ва тадбиркорларнинг дивидендларига оғир бўлиб тушиши эҳтимоли тўғрисидаги хавотирларни ҳам тарқатиб юборишди. Концепция лойиҳасини Агентлик директорининг ўринбосари Гўзал Исломова, молия вазири ўринбосари Вячеслав Пак, Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Беҳзод Мусаев, korzinka.uz асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов, Иқтисодий ривожланиш маркази директори Юлий Юсупов ҳамда Грузиядан ташриф буюрган халқаро эксперт Ника Гилаури тақдим этишди.

 

Ҳисоб-китоблар нимадан дарак беради

Муҳокама давомида Гўзал Исломова амалдаги ва таклиф этилаётган солиқларнинг солиштирма таҳлилига бир неча бор мурожаат қилди. Таҳлил шартли мисолларда тайёрланган бўлиб, солиқ базаси шаклланишининг алоҳида хусусиятлари ҳисобга олинмаган ҳолда умумлаштирилган солиқ юкини намойиш этади. Ана шу рақамлардан (тақдимотлар 3-5-бетларда берилган) кўриниб турибдики, ислоҳотлардан энг кўп нафни айнан «кичик» бизнес – тушуми йилига 1 млрд сўмдан юқори бўлмаган юридик шахслар кўради. Улар бугунги кунда фаолият кўрсатаётган корхоналар – ЯСТ тўловчиларининг кўпчилик қисмини ташкил этади. 5 та солиқ (ЯСТ, ЯИТ, ЖШДС, ижтимоий суғуртага ажратмалар, дивидендга солиқлар) ўрнига улар бор-йўғи 2 та – оборотдан (тушумдан) 5% ва меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан 25% тўлашади.

Бугунги кунда ушбу бизнес-субъектлар учун солиқ юки 17%ни ташкил этади. Эндиликда бу юк 11,25%гача қисқаради. Солиқ юкининг пасайтирилиши – 1,5 баравар! Бунда фаолиятнинг айрим турлари (умумий овқатланиш, воситачилик) учун тушумдан олинадиган солиқ улуши 2-4 бараварга тушиб кетади. Концепция муаллифлари 1 млрд сўмлик чегара инфляция даражасига мувофиқ индексация қилинишини ҳам тушунтириб ўтишди.

Йирик бизнес учун солиқ юки анчагина – 1,4-1,45 бараварга (тушумдан 20%) қисқаради. Барча фойда қайта инвестицияланганда эса у яна 5%га пасаяди.

Солиқ ислоҳотларидан ўрта корхоналар ҳам ютади. B2B соҳасида (корпоратив сотувлар) ишлаётганлар учун солиқ юки ҳатто ер солиғи ва мол-мулк солиғини ҳисобга олган ҳолда 12-13%ни ­ташкил қилади. Улардан ундириладиган ­ҚҚСни амалда истеъмолчи тўлайди, кейинчалик у ушбу тўловни бюджет билан ҳисоб-китобларда ҳисобга киритади. B2C сектори (аҳолига сотувлар) учун солиқ юкининг пасайиши бозорнинг рақобатдошлигига боғлиқ бўлади.

Солиқ ислоҳоти «меҳнатга солиқлар»ни ҳам пасайтириши лозим. Бугунги кунда бу солиқлар 30,5%дан 55%гачадир. Солиқ солишнинг бундай юқори даражаси мамлакатимиз меҳнатга лаёқатли 12 млн лик аҳолисининг бор-йўғи 5 млн лик қисми солиқни тўлашига олиб келади. Бизнес ходимларни умуман расмийлаштирмасдан ёки ҳақ тўлашнинг хуфиёна чизмаларини қўллаган ҳолда иш ҳақи бўйича солиқларни тўлашдан ўзини «олиб қочмоқда».

Меҳнатга ҳақ тўлашдан даромадларга солинадиган ягона солиқнинг ставкаси (25%) сиртдан қараганда юқори бўлиб кўринади. Экспертларнинг фикрича, амалда бу солиқ ходим ва бизнес ўртасида иккига бўлинади – тегишинча 10% ва 15% бўлиб. Агар мазкур солиққа айнан шундай назар билан қаралса, унда маошдан ундирувлар ўртача 1,58 бараварга камаяди. Юқори маош оладиган малакали ходимлар учун солиқ юкламаси 2-3 бараварга паст бўлади!

Муаллифларнинг таъкидлашича, бу ерда гап айнан меҳнатдан олинадиган даромадга солинадиган солиқ ставкаси ҳақида кетмоқда. Бошқа даромадларга (мол-мулкдан, моддий наф тарзидаги ва бошқа даромадлар) солиқ ставкалари бундан-да паст бўлиши мумкин.

Дивидендларга солиқ солишнинг таклиф этилаётган механизми ҳам батафсил тушунтириб берилди. Йиллик 1 млрд сўмгача тушумга эга бўлган кичик корхоналар бу солиқни тўламайдилар. Ўрта ва йирик корхоналарга келсак, ушбу солиқнинг 25 фоизлик ставкаси ҳозирги 10%лик ставка билан солиштирганда жуда кўпдек туюлади. Лекин бу солиққа пасайтирилган бошқа барча солиқлардан айри ҳолда қарамаслик керак. Оддий хомчўтнинг ўзидаёқ кўринадики, бугунги кунда кичик корхона мулкдори (ЯСТ = 5%) 100 млн сўмлик оборотли бизнесидан 18 млн сўм чиқариб олмоқчи бўлса, 17 млн сўм солиқ тўлайди. Икки босқичли солиқ солишда (15% – юридик шахс тўлайди ва 10% – мулкдор тўлайди) худди шу суммадаги «соф» дивидендларни олиш учун 12-13 млн сўм тўлашга тўғри келади.

Бу ҳисоб-китоблар, албатта, ўртача олингандир. Балки мазкур солиқ ўзгаришлари ўзгача натижалар кўрсатиши мумкин бўлган бошқа солиқ тўловчиларнинг маълум бир фоизи учраб қолар. Лекин фуқаро ва юридик шахсларнинг асосий қисми солиқ юки пасайганини ҳис этишлари тайин.

Бир қарашда бу жараёнлардан ютуқни «бой берадиган» ягона тараф – давлат бюджети. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, дастлабки 2–3 йилда бюджет 20–25% даромадларини йўқотиши мумкин. Аммо давлат бу йўлни онгли равишда, инвестициявий муҳитни яхшилаш, бизнесни хуфиядан чиқариш ва мамлакатни жаҳон капитал бозорида рақобатдош қилиш учун танлади.

Халқаро тажрибанинг кўрсатишича, оддий, тушунарли ва барқарор солиқ тизимининг вужудга келиши бизнес катта қисмининг легаллашувига, миллий ва хорижий инвестицияларнинг ошишига олиб келиши керак. Бу эса ўз навбатида, нафақат бюджет даромадларини тиклашга, балки уларни оширишга ҳам имкон беради.

Турган гапки, бюджет даромадларини тиклаш тезлиги кўп жиҳатдан солиқ тўловчиларнинг ўзига ҳам боғлиқдир. Солиқлар тўлашни ҳеч ким ёқтирмайди, лекин ҳамма шуни англаши керакки, замонавий жамиятни уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Давлат, – бу ҳақда Концепция лойиҳасида ҳам аниқ қилиб айтилади – инсофсиз солиқ тўловчиларга нисбатан ўз босимини кучайтиради. Ва, муҳокама иштирокчиларининг фикрига кўра, кўпчилик Никa Гилаурининг таъбири билан айтганда «қоронғи хона»га яширингандан кўра, юки оғир бўлмаган солиқларни тўлашни афзал билади.

Ҳозирча эса бюджет даромадлари тикланмайди, унинг камомади ноинфляциявий усуллар билан қопланади. Шунинг учун Концепция муаллифлари қайд этганларидек, пенсия, таълим, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик ва бошқа зарурий эҳтиёжларни молиялаштириш оқсаб қолмайди.

Солиқларнинг таклиф этилаётган ўзгаришлари муҳокамаси давом этади, – дейишди муаллифлар. Концепция, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар учун очиқдир.

 

Михаил ПЕРПЕР,

«НТВ» газетаси бош муҳаррири.

Прочитано: 1405 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика