Маълумки, экспорт операцияларини «бир дарча» тамойили бўйича амалга ошириш механизми тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар сифатида амалда қўлланиб келаётир. Ҳукуматимизнинг 2011 йил 17 ноябрдаги 305-сон қарорига асосан фаолият кўрсатаётган мазкур тизим ҳозирги кунда Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг «Термиз» ТИФ божхона постида ҳам ишлаб турибди. Аммо унинг ишлаш самараси қандай бўлмоқда, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда бу енгилликдан қай даражада фойдаланилмоқда?
«Термиз» ТИФ божхона постида ўтказилган навбатдаги йиғилишда айнан шу масалалар таҳлил этилди. Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти, мазкур мавзуга алоқадор ташкилот вакиллари ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирок этган тадбирда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Т.Саидов айни дамда «бир дарча» маркази фаолияти қониқарсиз ташкиллаштирилганлигини қайд этди. Ахборот технологиялари ривожланган бир пайтда мутасадди органлар томонидан тегишли сертификат ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни расмийлаштириш учун тадбиркорлик субъектларидан ҳужжатларнинг қоғоз нусхалари талаб қилинаётганлиги салбий кўриниш сифатида баҳоланиб, бу каби ҳаракатларнинг олди олинишида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида қатъий келишиб олинди. «Термиз» ТИФ божхона пости ҳудудидаги «Termez Cargo Centre» халқаро логистика маркази фаолиятини янада ривожлантириш, экспорт ишларини жадаллаштириш учун «бир дарча» маркази фаолиятини тўлиқ қайта шакллантириш ҳамда уни йўлга қўйиш, ҳужжатлар алмашинувини реал вақт режимида электрон тарзда амалга ошириш ишларига асосий эътибор қаратилиши кераклиги айтилди. Бу ишларнинг тез ва сифатли ташкил этилиши, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектлари ва ТИФ қатнашчиларининг ҳам вақти, ҳам маблағларини тежашга, уларнинг давлат хизматларига бўлган ишончи ортишига омил бўлади.
Шунингдек, тадбирда иштирокчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга атрофлича жавоб олдилар. Масалан, «Фаровон Агро Инвест» МЧЖ ишончли вакили экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда тегишли сертификат ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни расмийлаштиришда тўланиши лозим бўлган тўловлар тўғрисидаги маълумотлар қаерда аниқ кўрсатилганлиги ҳамда муаммоли ҳолатларда кимга мурожаат қилиш кераклиги юзасидан савол берган. Саволга жавоб тариқасида сертификатлаштириш идоралари раҳбарияти томонидан шу куннинг ўзида тегишлилиги бўйича юқори турувчи идоралар тасдиқлаган прейскурант ҳамда «ишонч телефонлари» «бир дарча» марказининг ҳамма кўра олиши мумкин бўлган ҳудудда жойлаштирилиши таъминланди.
Шунингдек, «Agro-Export Trading» МЧЖ ишончли вакилининг таъкидлашича, экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда товарларни синов таҳлилларидан ўтказиш учун, аксарият ҳолларда, Тошкент шаҳрига мурожаат қилинаётганлиги, бу эса тадбиркорлик субъектлари ва ТИФ қатнашчиларининг қўшимча вақт ва маблағ сарфлашига сабаб бўлаётгани айтиб ўтилди. Мутасаддилар бунга жавобан айни вақтда вилоятда товарларни синов таҳлилларидан ўтказишга мўлжалланган лаборатория ҳақиқатан ҳам мавжуд эмаслигини, ушбу камчиликни бартараф этиш ва «Termez Cargo Centre» халқаро логистика маркази фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида «бир дарча» маркази негизида экспресс-лаборатория ташкил этилиши юзасидан вилоят ҳокимлиги ва юқори турувчи идораларга таклиф юборилганлиги ҳамда ушбу йўналишдаги ишлар давом эттирилаётганлигини билдирдилар.
«Жануб Нур Замин» МЧЖ брокерлик фирмаси раҳбарининг «ягона дарча» унификациялаштирилган божхона ахборот тизимига маълумотларни киритиш қандай амалга оширилишига доир берган саволига божхона назоратини ташкил этиш бўлими бошлиғи Ш.Бобоев тўлиқ тушунтириш берди ва мазкур тизимда маълумотлар билан ишлаш тартибини шу жойнинг ўзида кўрсатиб берди.
Сардор АМОНОВ,
Сурхондарё вилояти
божхона бошқармасининг
божхона лабораторияси гуруҳи катта инспектори.