Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган, ЯСТни тўлаш бўйича имтиёзга эга бўлган корхонамиз бўш пул маблағларини тижорат банки депозитларига жойлаштириб, фоизли даромад тарзидаги бошқа даромадлар олади. Солиқ кодексининг 156-моддасига мувофиқ дивидендлар ва фоизларга тўлов манбаида солиқ солинадими?
«ASAKA CAPITAL INVEST» МЧЖ раҳбари.
– Ҳақиқатан ҳам қонунчиликда муайян корхоналарга ягона солиқ тўловини тўлашга доир имтиёзлар белгиланган.
Солиқ кодексининг (Кодекс) 355-моддасига мувофиқ ЯСТ солинадиган объект бўлиб ялпи тушум ҳисобланади ва унинг таркибига бошқа даромадлар киритилади. Кодекснинг 132-моддасига кўра бошқа даромадларга товарларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ бўлмаган операциялардан олинадиган даромадлар киради.
Кодекснинг 156-моддасига мувофиқ фоизларга тўлов манбаида солиқ солинади. Уни ҳисоблаб чиқариш ва тўлов манбаида ушлаб қолиш тартиби Кодекснинг 165-моддасида белгиланган.
Қонун ҳужжатларида маҳаллийлаштириш лойиҳаларига доир ЯСТ бўйича тақдим этилган солиқ имтиёзи бошқа даромадларга нисбатан қўлланилиши назарда тутилмаган. Шундан келиб чиқиб, маҳаллийлаштириш дастурига киритилган, ЯСТни тўлаш бўйича имтиёзга эга бўлган корхонангиз ўз бўш пул маблағларини тижорат банки депозитларига жойлаштириб, фоизли даромадга эга бўлаётган экан, Кодекснинг 156-моддасига мувофиқ мазкур фоизларга тўлов манбаида солиқ солинади.
Материалларни «Norma» МЧЖ етакчи эксперти Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.