Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 52 / Директор учун шпаргалка

Таътилга – жадвал бўйича

 

Ўтаётган йил охиригача таътиллар жадвалини тасдиқлаш зарур. Кириб келаётган йилда ходимлар таътилларининг вақти ва навбатини аниқлаш мақсадида жадвал тузилади.

Ҳужжат биргаликда – иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг вакиллик органи томонидан тайёрланади. Тайёр жадвални корхона раҳбари кейинги календарь йил бошлангунга қадар, яъни 2018 йил 1 январгача тасдиқлайди.

 

Жадвал барчага – ҳам иш берувчиларга, ҳам ходимларга керак. Иш берувчи ишда бирйўла бир нечта ходим йўқлиги муносабати билан технологик, техник ва иқтисодий муаммоларга тўқнаш келмаслик учун йил давомида ходимларнинг таътилларини бир маромда тақсимлаши муҳим. Ходимлар учун бу олдиндан таътилни режалаштириш, энг кўп чегирма бериладиган даврда чипталар, турлар буюртириш имконини беради.

Фаолияти мавсумий тусга эга бўлган корхоналарда жадвалдаги таътилларни мавсумдан ташқари даврда белгилаш мумкин. Масалан, пахта тозалаш корхоналарида ишларнинг аксарият қисми сентябрь–май ойларида бажарилади. Шу сабабли таъмирлаш ва йиғим-терим ишларида банд бўлмаган ходимларнинг кўпчилик қисми учун таътиллар ёзги даврда берилгани маъқул.

Жадвалда белгиланган таътил вақти ўзгармас саналмайди – кейинчалик унга ходим ва иш берувчининг келишувига биноан тузатиш киритса бўлади. Таътиллар жадвали ишлаб чиқариш сабабларига ёки ходимнинг хоҳишига кўра ўзгариши ҳам мумкин.

Уни тузаётганда йиллик асосий таътил одатда биринчи иш йили учун 6 ой ишлангандан кейин берилишини, иш йилининг ўзи эса меҳнат шартномасига биноан иш бошланган кундан эътиборан ҳисобланишини инобатга олиш лозим. Бироқ айрим тоифадаги ходимлар иш бошлаганига 6 ой ўтмасдан таътил олиш ҳуқуқига эга. МКнинг 143-моддасига мувофиқ улар сирасига қуйидагилар киради:

√ аёллар – ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин;

√ I ва II гуруҳ ногиронлари;

√ 18 ёшга тўлмаган шахслар;

√ муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ва ишга жойлашган ҳарбий хизматчилар;

√ ўриндошлик асосида ишлаётганлар – асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда, ўриндошлик асосида ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда;

√ ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда умумий таълим мактабларида, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларида ўқиётганлар, агар улар ўзларининг йиллик таътилларини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, диплом, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласалар;

√ технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки ишлар хусусияти ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ходимлар.

Йиллик асосий таътил иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун таътиллар жадвалига мувофиқ иш йилининг исталган вақтида берилади. Бунда айрим ходимлар ўзлари учун қулай бўлган исталган вақтда таътил олишга ҳақли эканликларини ҳисобга олиш лозим (МКнинг 144-моддаси). Улар сирасига қуйидагилар киради:

√ 14 ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз она (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналар) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинлари;

√ I ва II гуруҳ ногиронлари;

√ 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахслар (Шахслар рўйхати, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова);

√ 18 ёшга тўлмаган шахслар;

√ таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганлар;

√ ишлаётган эркаклар хотинларининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида;

√ жамоа шартномаси, келишувида назарда тутилган бошқа ходимлар.

Таътиллар жадвалини касаба уюшмаси (ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи) раиси, кадрлар хизмати раҳбари имзолайди ва ташкилот раҳбари тасдиқлайди.

 

ТАЪТИЛЛАР ЖАДВАЛИ

Таркибий бўлинма

 

Штат жадвали бўйича лавозими

 

Ф.И.О.

 

Табель рақами

 

Таътил

 

кунлар сони (иш, календарь)

 

сана

 

таътилни кўчириш

 

режа бўйича

 

ҳақиқатдаги

 

асос

 

таътилнинг тахминий санаси

 

1

 

2

 

3

 

4

 

5

 

6

 

7

 

8

 

9

 

Қўриқлаш хизмати

 

Қоровул

 

Пардаев М.М.

 

8

 

18 иш куни

 

1.06.2018 йилдан 21.06.2018 йилгача

 

 

 

 

Лаборатория

 

Катта лаборант

 

Краснова О.М.

 

25

 

24 иш куни

 

18.06.2018 йилдан 30.06.2018 йилгача; 1.11.2018 йилдан 14.11.2018 йилгача

 

 

 

 

 

Таътиллар жадвалининг мавжудлиги иш берувчига меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда, айниқса бирйўла бир нечта ходим таътилга чиқаётган бўлса, таътил учун ҳақ тўланишини режалаштиришда ёрдам беради. МКнинг 148-моддасига мувофиқ, таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади.

Бундан ташқари, иш берувчи учун таътил пайтида йўқ бўлган ходимнинг лавозим мажбуриятларини бажара оладиган ходимни ўз вақтида топиш имконияти юзага келади.

 

«Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.

Прочитано: 2380 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика