Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 52 / Хўжалик юритиш амалиётидан

Дивидендларни репатриация қилишга буюртманома

 

ЯСТ тўловчи ташкилотимиз устав фондида 100 фоиз улушга эга бўлган муассисга (жисмоний шахс, ЎзР норезиденти) 2016 йил якунларига кўра 10 000 АҚШ доллари миқдорида дивидендлар тўламоқчи бўлди.

Фойдани репатриация қилиш мақсадида хорижий валюта сотиб олиш учун банкка буюртманома бердик.

Бироқ банк дивидендлар бўйича даромад солиғининг солиқ органи тасдиқлаган ҳисоб-китобини тақдим этмаганлигимизни рўкач қилиб, берилган буюртманомага кўра хорижий валютани сотиб олиш операциясини ўтказмаяпти. Банкнинг талаблари тўғрими?

О.П.

 

Ҳа, банк тўғри талаб қўйган.

Биржадан ташқари валюта бозорида хорижий валютани харид қилиш ва сотиш операцияларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 10.07.2001 йилдаги 294-сон қарорига 2-илова) ­35-бандига мувофиқ, банк дивидендлар бўйича даромад солиғи ҳисоб-китоби ва у тўланганлиги тўғрисидаги тасдиқномани талаб қилишга ҳақли.

Хорижий инвесторларнинг фойдаси, дивидендлари ва бошқа даромадлари репатриация қилинганда ваколатли банкка қўшимча равишда қуйидагилар тақдим этилади:

√ фойда тақсимланганлиги (акциядорлар умумий йиғилишининг қарори) ва дивидендлар тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат;

√ аудиторлик фирмаси ёки солиқ органининг солиқлар бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулосаси нусхаси;

√ конвертацияга маблағлар ҳисоб-китоби;

дивидендлар бўйича даромад солиғининг солиқ органлари томонидан тасдиқланган ҳисоб-китоби ва ушбу солиқ тўланганлиги тўғрисидаги тасдиқнома.

Солиқ агенти томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинадиган дивидендлар ва фоизлар кўринишида тўланадиган даромадлардан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида ҳисобот (солиқ) даврида юридик шахсларга – акциядорларга тўланган дивидендлар кўрсатилади (Ҳисоб-китобнинг 020-сатри). Мазкур Ҳисоб-китоб Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларига киритилган (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 1-илова). Ҳисоб-китобга изоҳга кўра, у солиқ агенти – юридик шахс томонидан қўлланилаётган солиқ солиш тартибидан қатъи назар, шу жумладан ЯСТ тўловчиси томонидан тақдим этилади.

Жисмоний шахсларга тўланадиган дивидендлар уларнинг жами даромадига киритилади (Солиқ кодексининг 171, 176-моддалари). Улар Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларида (МВ ва ДСҚнинг 2439-сон қарорига ­2-илова) акс эттирилади. Айнан қуйидагиларда:

● Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларда (чораклик);

● Маълумотларга 2-илова «Тўланган дивидендлар ва фоизлар ҳамда ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасининг расшифровкаси» 2, 3, 4-устунларида (чораклик);

● Маълумотларга 3-илова «Жисмоний шахсларга ҳисобланган даромадлар расшифровкаси» 032-сатрида (йил якунларига кўра);

● Маълумотларга 4-илова «Жисмоний шахсларнинг солиқ солишдан озод этилган даромадлари расшифровкаси» 01-сатрида (йил якунларига кўра) – солиқлар бўйича имтиёзлар қўлланган бўлса.

Дивидендларни жисмоний шахсга тўлаётганингиз сабабли банк учун зарур бўлган қуйидаги барча ахборотни ўз ичига олган Маълумотларга 2-иловани тақдим этишингиз мумкин:

√ 2-устунда – дивиденд ва фоизларнинг ҳисобланган суммаси;

√ 3-устунда – ҳисобланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

√ 4-устунда – жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи чегирилган ҳолда дивидендлар ва фоизларнинг ҳисобланган суммаси.

Бунда 2-иловадаги маълумотлар конвертация учун маблағлар ҳисоб-китобига мувофиқ келиши лозим.

Президентнинг «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (2.09.2017 йилдаги ПФ-5177-сон) билан валюта соҳасини тартибга солишнинг амалдаги тизимини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда валюта сиёсатини либераллаштириш назарда тутилган. Хусусан, 2017 йилнинг 5 сентябридан ЎзРнинг юридик шахслари жорий халқаро операциялар (товар, иш ва хизматлар импорти, фойда репатриацияси, кредитларни қайтариш, хизмат сафари харажатларини тўлаш ва бошқа савдо характерига эга бўлмаган ўтказмалар) бўйича тўловларни амалга ошириш учун тижорат банкларида чет эл валютасини чекловсиз сотиб олишлари мумкинлиги белгиланган (2-банд).

Марказий банк бошқарувининг қарори (АВ томонидан 23.11.2017 йилда 511-9-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Тижорат банклари томонидан хорижий валютадаги ҳисобварақларни юритиш тартибига тузатишлар киритилди. Энди валюта счётларида қайд этилган маблағлар счёт эгасининг буйруғига биноан дивидендлар тарзида тўланиши мумкин.

 

Анжелика НАМ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1423 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика