Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 52 / Жавоб берамиз

Пойтахтдан туманларга товар жўнатилганда

 

Тошкент шаҳрида жойлашган корхонамиз улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга оширади. Республиканинг вилоят марказлари ва туманларида ўз омборхона ва савдо шохобчаларимизга эгамиз. Реализация қилинадиган товарлар пойтахтдан вилоят марказидаги омборхонага, у ердан эса туманлардаги савдо шохобчаларига етказилади. Ҳар бир савдо шохобчасига тўлов терминали ва НКМ ўрнатилган, инкассация хизмати билан шартнома тузилган. Кунлик савдо тушуми ҳар бир ҳудуддаги банк билан тузилган шартномага асосан корхонанинг иккиламчи ҳисобрақамига ва иккиламчи ҳисобрақамдан асосий ҳисобрақамимизга келиб тушади.

Бизнинг ҳолатда корхонамиз бухгалтериясида вилоят марказларидаги омборхона ва туманлардаги савдо шохобчаларида товарлар реализацияси билан боғлиқ қандай ҳужжатлар расмийлаштирилади, қандай бухгалтерия ўтказмалари амалга оширилади ва ҳисоботлар тузилади?

Корхона раҳбари.

Тошкент шаҳри.

 

Юридик шахслар томонидан товарларнинг реализация қилиниши Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини руйхатдан ўтказиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон қарори билан тасдиқланган), товарларнинг чакана реализация қилиниши Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қилиш қоидалари (ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган) талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Корхонангизга қарашли вилоят марказларидаги омборхона ва туманлардаги савдо шохобчаларида товарлар реализацияси билан боғлиқ алоҳида ҳужжатлар расмийлаштирилмайди ҳамда алоҳида бухгалтерия ўтказмалари қилинмайди. Бухгалтерия ҳисоби марказлашган ҳолда бош офисда юритилади. Бунда умумлаштирилган ҳисобни назорат қилиш мақсадида вилоят ва туманларда жойлашган омбор ва савдо шохобчалари бўйича ҳисобни алоҳида субсчётлар очган ҳолда юритишни тавсия этамиз. Масалан, омбордаги товарларнинг ҳисоби 2911, 2912, ... ва ҳ.к., уларнинг таннархи 9121, 9122, ... счётларда реализациядан тушумлар эса 9021, 9022, ... счётларда олиб борилади.

Товарларнинг корхона таркибий бўлинмалари ўртасидаги ҳаракати, масалан, товар Тошкент шаҳридан вилоят марказидаги омборхонага, вилоят марказидаги омборхонадан туманлардаги савдо шохобчаларига етказилганда белгиланган тартибда юк хати расмийлаштирилади. Шунингдек, вилоят марказидаги омборхона ва туманлардаги савдо шохобчаларида товарларни қабул қилиб олган моддий жавобгар шахслар томонидан товарларнинг кирим ва чиқим ҳаракати бўйича ойлик товар ҳисоботи юритилиб, улар ҳар ойнинг охирида корхона марказий бухгалтериясига тақдим этилади.

Товарларни сотишдан олинган тушумлар ҳисоби умумий тартибда марказлашган бухгалтерия томонидан 21-сон БҲМС қоидалари асосида юритилади.

Товарларни сотишдан олинган даромадлар 9020-«Товарларни сотишдан даромадлар» ҳисобварағи кредитида 4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган ҳисобварақлар», ­5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари» ҳисобварақлари билан корреспонденцияда акс эттирилади. Сотилган товарлар таннархи 2900-«Товарлар» гуруҳи ҳисобварақларининг кредитидан 9120-«Сотилган товарларнинг таннархи» ҳисобварағи дебетига ҳисобдан чиқарилади.

Ҳисобот даври якунида 9020 ва 9120-ҳисобварақлари 9910-«Якуний молиявий натижа» ҳисобварағига ёпилиши лозим.

 

Товарларни сотиш акс эттирилади

 

 

Дебет

 

Кредит

 

Сотилган товарлар таннархи ҳисобдан чиқарилди

 

9120-«Сотилган товарларнинг таннархи»

 

2900-«Товарлар»

 

Товарларни сотишдан олинган даромад акс эттирилади

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган ҳисобварақлар»

5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари»

9020-«Товарларни сотишдан даромадлар»

 

ҚҚС ҳисобланди (ҚҚС тўловчиларга)

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган ҳисобварақлар»

 

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарзлар (турлари бўйича)»

 

Ҳисобот даври охирида 9020-ҳисобварақнинг ёпилиши акс эттирилади

 

9020-«Товарларни сотишдан даромадлар»

 

9910-«Якуний молиявий натижа»

 

Ҳисобот даври охирида 9120-ҳисобварақнинг ёпилиши акс эттирилади

 

9910-«Якуний молиявий натижа»

 

9120-«Сотилган товарларнинг таннархи»

 

 

Шунингдек, Президентнинг 2016 йил 27 декабрдаги ПҚ-2699-сон қарори 10-2-иловасига асосан агар чакана савдо корхоналари мустақил юридик шахс ҳисобланмайдиган ва турли аҳоли пунктларида жойлашган, улар бўйича ягона солиқ тўловининг турли ставкалари белгиланган бир нечта савдо шохобчаларига эга бўлсалар, улар ҳар бир савдо шохобчаси бўйича товар оборотининг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритишлари ҳамда мазкур аҳоли пунктлари учун белгиланган ставкаларда ягона солиқ тўловини тўлашлари лозим бўлади.

Шу билан бирга, чакана савдо корхоналари ЯСТни қонун ҳужжатларига мувофиқ, лекин айнан шундай фаолият турини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган қатъий белгиланган солиқ миқдоридан кам бўлмаган миқдорда тўлайдилар. Агар чакана савдо корхонаси бир нечта турғун савдо шохобчаларига эга бўлса, ЯСТ ҳар бир турғун савдо шохобчаси учун унинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда тўланади. Бунда ЯСТнинг энг кам миқдори турғун савдо шохобчаси жойлашган жойда чакана савдони амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган қатъий белгиланган солиқ ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади (АВда 04.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).

 

Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ,

«Norma Online» етакчи эксперти.

Прочитано: 1456 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика