Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 52 / Ислоҳот одимлари

Солиқ таътиллари – бу қандай таътил?

 

Бу қишки таътил эмас, Янги йил таътили ҳам эмас, балки тадбиркорлар ёқтирадиган солиқ таътилларидир

 

«Солиқ ва божхона хабарлари» газетасининг аввалги сонларида (28.11.2017 йилдаги 48, 12.12.2017 йилдаги 50, 19.12.2017 йилдаги 51-сонлар) мамлакатимизда солиқ қонунчилиги ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича амалдаги қонунчиликка киритилаётган янгиликлар хусусида фикр юритган эдик.


Президентимизнинг «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (18.07.2017 йилдаги ПФ-5116-сон) кўра 2018 йил 1 январдан бошлаб мамлакатимизда вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчилар – хўжалик юритувчи субъектларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ таътиллари берилиши мумкинлиги белгиланган.

Солиқ таътиллари деганда, аввало, солиқ тўловчиларнинг маълум тоифасини солиқларни тўлашдан муай­ян муддатга озод қилиш тушунилади. Кўпинча солиқ тўловчиларга тақдим этиладиган солиқ имтиёзлари, яъни муайян вақт давомида солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан озод қилиш ҳоллари ҳам солиқ таътили сифатида эътироф этилади.

 

Масалан, Россия Федерацияси солиқ қонунчилигида бевосита солиқ таътили тушунчаси қўлланилмаса-да, мамлакат Солиқ кодекси 346.20-моддасида ишлаб чиқариш, ижтимоий, фан ҳамда аҳолига маиший хизмат кўрсатиш соҳасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорларга Россия Федерацияси субъектлари қонунлари билан 0% ставкада солиқ солиш белгиланиши мумкинлиги қайд этилган. Якка тартибдаги тадбиркорлар 0% ставкадаги солиқдан ўзлари давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб 2 солиқ даври давомида фойдаланишлари мумкин. Мазкур имтиёз Россия Федерациясида якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган солиқ таътиллари деб тушунилади.

Бундай солиқлардан озод қилиш мамлакатимиз солиқ қонунчилигида ҳам мавжуд бўлиб, масалан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин 12 ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, рўйхатдан ўтиш санасидан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан 6 ой муддатга озод этилади1. Бунга ўхшаш солиқлардан бутунлай озод қилиш шаклидаги солиқ имтиёзлари солиқ қонунчилигида бир қанча тоифадаги солиқ тўловчиларга нисбатан белгиланган.

 

Шуни таъкидлаш муҳимки, 2017 йил 6 сентябрда Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими (www.regulation.gov.uz) порталида Давлат солиқ қўмитаси томонидан тайёрланган ва муҳокамага қўйилган «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 22, 54, ­354-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасида «солиқ таътиллари» тушунчасига таъриф бериб ўтилган. Мазкур қонун лойиҳаси Солиқ кодекси 54-моддаси номини «Солиқ таътиллари тақдим этиш, солиқ қарзини тўлашни кечиктиришнинг ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлашнинг умумий шартлари» деб ўзгартиришни таклиф этади. Таклиф этилаётган модда шартларига кўра солиқ таътиллари – ҳисоблаб чиқилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаси, шунингдек солиқ қарзи суммасини солиқ тўловчи томонидан бир йўла ёки босқичма-босқич (тўлов муддатини кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш) тўлаган ҳолда кейинроқ муддатга кўчиришдан иборатдир. Мазкур модда лойиҳасининг иккинчи қисмига кўра солиқ таътиллари вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келган ҳалол солиқ тўловчиларга ваколатли орган томонидан тегишли қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни 24 ойга бўлган муддатга кўчириш кўринишида тақдим этилади.

Қонун лойиҳаси мазмунидан кўриниб турибдики, солиқ таътиллари мамлакатимизда солиқлардан тўла озод қилиш шаклида эмас, балки солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни кечиктириб ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш шаклида амалга оширилади. Бундай имтиёздан фойдаланувчилар доираси чекланган, чунки мазкур имтиёз фақатгина ҳалол солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилади.

 

Юқоридаги қонун лойиҳасида қандай солиқ тўловчилар ҳалол солиқ тўловчилар деб топилиши ҳам белгилаб қўйилган. Солиқ кодекси 22-моддасига киритилаётган қўшимчаларга кўра охирги 2 йил мобайнида (янги ташкил этилганганлар – солиқ мажбурияти вужудга келган пайтдан) ўз солиқ мажбуриятларини тўлиқ ва ўз вақтида бажариб келган ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликка тортилмаган солиқ тўловчилар ҳалол солиқ тўловчилар деб тан олинади.

Солиқ кодексининг амалдаги 54-моддаси солиқ тўловчилар томонидан солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлашни тартибга солади. Мамлакатимиз солиқ қонунчилигида солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилмаган. Яъни амалдаги солиқ қонунчилиги солиқ тўловчилар томонидан солиқ қарзинигина тўлашни кечиктириб тўлашни назарда тутади холос. Фақатгина ягона солиқ тўловини тўловчилар учун ушбу тўловни тўлаш муддатини давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил муддатга кечиктириш мумкинлиги, кечиктирилган суммалар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда имтиёзли давр тугаганидан сўнг 12 ой ичида тенг улушлар билан тўланиши кераклиги белгиланган2. Янги ташкил этилган микрофирма ва кичик корхоналарнинг ягона солиқ тўловини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаши тартиб-таомили Янги ташкил этилган микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловини кечиктириб тўлаш тартибида (АВ томонидан 2.08.2005 йилда 1502-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган. Аммо бундай ҳуқуқдан савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ҳамда лотереялар ташкил этиш бўйича фаолият олиб борувчи ягона солиқ тўлови тўловчилари фойдалана олмайдилар.

 

Давлат солиқ қўмитаси томонидан тайёрланган таҳрирдаги қонун лойиҳасига кўра, мамлакатимизда солиқ таътиллари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддатини кейинроқ муддатга кўчириш шаклида тақдим этилади. Шунингдек мазкур солиқ таътилларидан фақатгина вақтинчалик молиявий қийинликларга дуч келган ҳалол солиқ тўловчилар фойдаланиши мумкинлиги эътиборлидир. Бундан ташқари, мазкур солиқ таътиллари ваколатли орган қарорига кўра 24 ойгача бўлган муддатга тақдим этилади.

Солиқ қонунчилигига тадбиркорлик субъекти бўлган солиқ тўловчиларга солиқ таътиллари шаклида солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича қоидаларнинг киритилиши ҳалол солиқ тўловчилар учун ўз молиявий аҳволини яхшилаш ҳамда тежалган молиявий ресурслардан корхонанинг айланма маблағи сифатида фойдаланиш ва кейинчалик эса солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлиқ ва ўз вақтида тўлаш учун шароит яратиб беради, деб ҳисоблаймиз.

 

Ихтиёржон ТЎРАБОЕВ,

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси.


1Солиқ кодексининг 375-моддаси.

2Солиқ кодексининг 354-моддаси.

Прочитано: 2049 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика