Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 52 / Янги йил бухгалтерияси

Байрам арафасида...

 

Байрам тадбирларини ўтказиш ҳар жиҳатдан фойдали: ходимлар ҳордиқ чиқариш ва кўнгил очишни истасалар, иш берувчи жамоа руҳини мустаҳкамлашни кўзлайди. Шу сабабли корхоналар раҳбарлари кўпинча ходимлар учун корпоратив кечалар, айниқса янги йил базмларини уюштирадилар. Аслида уларга салмоқли харажат қилинади. Шу муносабат билан Янги йил арафасида турли байрамларходимлар учун базм ёки болалар учун янги йил томошаси бўлсин – ўтказиш харажатларига солиқ солиш ва уларни ҳисобга олиш масалалари айниқса долзарб тус олади.

Корхона ходимнинг корпоративга бориш харажатини тўлаши унинг даромади ҳисобланадими? «Байрам» харажатлари ҳисобига солиқларни камайтириш мумкинми? Текширувчилар уларни эътибордан четда қолдирмасалар керак. Шу ва бошқа саволларга жавоблар – «Norma Online» эксперти Дарина Абухович материалида.

 

ЖШДС: ФОЙДА БОРМИ

Ўтказилаётган тадбир доирасида айнан ҳар бир ходим олган иқтисодий нафни баҳолаш ва ЖШДС солинадиган даромадни аниқлаш учун Солиқ кодексига мурожаат қиламиз.

Ходимнинг жами даромадига ҳар хил турдаги даромадлар, шу жумладан моддий наф тарзидаги даромадлар киритилади (Солиқ кодексининг 171-моддаси). Бундай даромадларга корхонанинг ходим манфаатларини кўзлаб товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини тўлаши, шунингдек жисмоний шахснинг даромади ҳисобланган корхонанинг бошқа харажатлари киради (Солиқ кодексининг 177-моддаси).

Бошқача айтганда, корпоративни ташкил этишга доир корхона харажатлари ходимнинг манфаатларини кўзлаб хизматлар ҳақини тўлаш (зални ижарага олиш, базмда хизмат кўрсатиш ва овқатланиш, кўнгилочар дастурни ўтказиш хизматлари ва ҳ.к.) сифатида баҳоланиши мумкин. Бу ҳолда корпоративда қатнашувчи ходимларда кўрсатилган хизматларнинг бир киши ҳисобидаги қийматига тенг бўлган моддий наф юзага келади. Ушбу суммадан иш берувчи солиқ агенти сифатида ЖШДСни ҳисоблаб чиқариши ва ушлаб қолиши шарт.

Бошқа томондан, ҳар бир ходим бўйича корхона харажатларини ажратиб бўлмаса, уларни ходимларнинг меҳнат ва дам олиш шароитларини таъминлаш билан боғлиқ бўлган ҳамда муайян жисмоний шахсларнинг даромади ҳисобланмайдиган иш берувчининг харажатлари сифатида баҳолаш мумкин (Солиқ кодексининг 171-моддаси 2-қисми 4-банди). Бу ҳолда текширув чоғида тадбир қатнашчиларидан ЖШДСни ушлаб қолиш тўғрисида сўз юритишга ўрин қолмайди.

Шу сабабли ходимнинг даромадларига солиқ солиш ёки солмаслик корпоративни ўтказишга доир бошланғич ҳужжатлар қандай расмийлаштирилганига боғлиқлигини унутмаслик лозим.

Эътибор беринг! Корпоративни ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларда (шартномалар, тўлов учун счётлар, кўрсатилган хизматлар тўғрисидаги ҳисобварақ-фактуралар ва ҳ.к.):

● тадбир қатнашчилари сони;

● 1 кишига тўғри келадиган базм қиймати;

● корпоративда қатнашадиган ёки қатнашган жисмоний шахсларнинг рўйхати кўрсатилса, ходимларнинг унда қатнашишидан даромадларидан ЖШДСни қўшимча ҳисоблаш учун текширувчиларда асослар пайдо бўлиши мумкин.

 

КОРХОНАНИНГ КОРПОРАТИВ ХАРАЖАТЛАРИГА СОЛИҚ СОЛИШ

Ишга боғлиқ бўлмаган тадбир

Фойда солиғини тўловчилар учун тадбирнинг расмийлаштирилиши катта аҳамиятга эга.

Фойда солиғини ҳисоблашда корхона харажатлари иқтисодий асосланганлигини, улар хўжалик фаолияти билан боғлиқлигини аниқлаш муҳим. Тантанали тадбирларни ўтказиш харажатлари ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмагани ва корхонага бевосита наф келтирмаслиги боис фойда солиғини ҳисоблашда бундай харажатлар чегирилмайдиган харажатларга киритилган. Улар солиқ солинадиган фойдани камайтирмайди (Солиқ кодексининг 147-моддаси 16-банди).

Корхонанинг Меҳрибонлик уйларидаги болалар учун янги йил байрами ҳақини тўлаш харажатлари хайрия харажатлари таркибида ҳисобга олинади ва улар ҳам чегирилмайдиган харажатларга киритилади (Солиқ кодексининг 147-моддаси 15-банди). Бунда корхона солиқ солинадиган фойдани хайрия ёрдами суммасига, бироқ солиқ солинадиган фойданинг 2%идан ортиқ бўлмаган миқдорда камайтиришга ҳақли (Солиқ кодексининг 159-моддаси 1-банди).

Кўпгина корхоналар фойда солиғини камайтириш мақсадида ходимлар учун корпоратив базмни ташкил этиш харажатларини вакиллик1 ёки реклама харажатлари2 сифатида расмийлаштиришга ҳаракат қиладилар. Бу фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани рекламага йўналтирилган маблағлар суммасига, шунингдек вакиллик харажатлари суммасига камайтириш мумкинлиги билан боғлиқ. Бунда вакиллик харажатлари меъёрлаштирилган ҳисобланишини ёдда тутиш зарур. Солиқ солинадиган базани маҳсулотни (ишлар, хизматлар) реализация қилишдан олинган тушумнинг қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғини ҳисобга олган ҳолдаги ҳажмидан 1%дан ортиқ бўлмаган миқдорда камайтириш мумкин (Солиқ кодексининг 145-моддаси 10, 11-бандлари).

Корпоратив базм, вакиллик ва реклама тадбирлари ўртасида катта фарқ бор.

Вакиллик тадбирлари:

● бошқа ташкилотларнинг вакилларини (бизнес бўйича ҳамкорлар, мижозлар, эҳтимолий мижозлар ва ҳ.к.) таклиф қилган ҳолда ташкил этилади;

● кўнгилочар эмас, расмий тусга эга бўлади. Бошқа ташкилотларнинг вакиллари ва солиқ тўловчининг вакиллари расмий қабулини (нонушта, тушлик ёки бошқа шунга ўхшаш тадбир) ўтказиш, ушбу шахсларни тадбир ўтказиладиган жойгача етказишнинг транспорт таъминоти, буфетда хизмат кўрсатиш харажатларини ўз ичига олади. Кўнгилочар иш ва дам олишни ташкил этиш харажатлари эса вакиллик харажатларига кирмайди;

● тегишли бошланғич ҳужжатлар (шартномалар, кўрсатилган хизматлар тўғрисидаги далолатнома ва ҳ.к.), шунингдек тасдиқловчи ҳужжатлар (вакиллик тадбирини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ, вакиллик харажатлари сметаси мақсад ва эришилган натижалар кўрсатилган ҳолда ўтказилган тадбир ҳақида ҳисобот ва ҳ.к.) билан расмийлаштирилади;

Реклама харажатларини тасдиқлаш учун реклама муайян доирадаги шахслар ўртасида тарқатилишини ёдда тутиш лозим. Тегишинча, ушбу харажатларни расмийлаштириш учун:

● реклама тадбирини ўтказиш тўғрисида буйруқ;

● харажатлар сметаси;

● тасдиқловчи бошланғич ҳужжатлар (реклама маҳсулотларини тайёрлашга доир шартномалар, корхонанинг тадбир уюштириш харажатларини тасдиқловчи ҳисобварақ-фактуралар, бўлғуси харидорларни (ҳамкорларни) хабардор қилиш усули ва ҳ.к.);

● ўтказилган тадбир ҳақида ҳисобот (эркин шаклда);

● реклама харажатлари ҳисобдан чиқарилганлиги тўғрисида далолатнома.

Раҳбар бухгалтерия ҳисоботида харажатларни акс эттириш усулини мустақил равишда танлашга ҳақлидир. Бироқ муайян қарор қабул қилишдан аввал эҳтимолий хатарлар: текширув пайтида фойда солиғи қўшимча ҳисобланиши, бутун давр учун солиқ бўйича пеня, шунингдек раҳбар учун маъмурий жарималарни баҳолашни қатъий тавсия этамиз. Аксарият ҳолларда бундай хатарларга йўл қўйиш ўзини оқламайди.

 

Нима ҳисобга киритилади, нима киритилмайди?

Байрам тадбирини уюштириш хизматлари бажарилганини тасдиқловчи ҳисобварақ-фактурадаги ҚҚС ҳисобга олинади (Солиқ кодексининг 218-моддаси). Базм учун сотиб олинган озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар бўйича ҚҚС суммаси ҳисобга олинмайди. У уларнинг харид қийматига киритилиб, корхона харажатларига ҳисобдан чиқарилади (Солиқ кодексининг 219-моддаси 6-банди).

 

Расмийлаштириш усули ким учун аҳамиятли эмас

Кичик корхона – ягона солиқ тўловини тўловчида харажатларни расмийлаштиришнинг танланган усулидан қатъи назар корпоратив харажатлари солиқ бўйича солиқ солинадиган базани камайтирмайди (Солиқ кодексининг 356-моддаси).

Проводкаларни расмийлаштирамиз

Бухгалтерия ҳисобида корпоратив тадбирларга харажатлар қуйидагича акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Счётлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Янги йил кўнгилочар дастурини ташкил қилиш бўйича хизматлар ҳақи тўланди

 

4310,

6990

5110,

4310

Чет ташкилот хизматлари бўйича ҚҚС ҳисобга киритилди (ҚҚС тўловчилари учун)

 

4410,

6410

6990,

4410

Янги йил арчаси, корпоратив базмни ташкил қилиш бўйича харажатлар ҳисобдан чиқарилди

 

9430

 

1090,

6990

 

 

Янги йилда фақат ютуқлар, мукофотлар ва корпоратив базмлар бўлишини тилаймиз. Байрам ўтказиш корхона бухгалтери ва раҳбари учун бош оғриғига айланмаслиги керак. Солиқ текширувлари чоғида муаммолар юзага келмаслиги учун режалаштириш босқичидаёқ қилинган барча харажатлар ҳисобда қандай акс эттирилиши ҳақида ўйлаб, солиқ оқибатларини чамалаб кўриш лозим. Шу сабабли бошланғич ҳужжатларни, натижада – бухгалтерия ва солиқ ҳисоботларини тўғри расмийлаштиринг.

 


1Вакиллик харажатларига солиқ тўловчининг ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш ёки уни сақлаб туриш, шунингдек солиқ тўловчининг бошқарув ва назорат органлари мажлисларига келган иштирокчиларни қабул қилиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш мақсадларида қиладиган харажатлари киради. Бу харажатлар мазкур шахсларнинг расмий қабулини ўтказиш, транспорт таъминоти, овқатланиши ва турар жойи, солиқ тўловчининг штатида турмаган таржимонлар хизматига ҳақ тўлаш харажатларидир (Солиқ кодекси 145-моддасининг 11-банди).

2Реклама – бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида юридик ёки жисмоний шахслар, маҳсулот, шу жумладан товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва технологиялар тўғрисида ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай воситалар ёрдамида қонун ҳужжатларига мувофиқ тарқатиладиган махсус ахборот («Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси).

Прочитано: 1752 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика