Корхонамиз ходими хотинининг номига расмийлаштирилган, ишончномага кўра ўзи бошқарадиган автомобилдан хизмат мақсадларида фойдаланади. 2015 йилда унга шахсий автомобилдан фойдаланганлик учун даромад солиғини ушламасдан белгиланган меъёрлар доирасида компенсация тўланди.
Хотини ёки яқин қариндоши номига расмийлаштирилган автомобиль шахсий ҳисобланадими? Агар ходим автомобилни ишончномага кўра бошқарса, ундан хизмат мақсадларида фойдаланганлик учун компенсацияга даромад солиғи солинадими? Агар солиқ солинса, солиқ 2016 йилда ҳисоблаб ёзилганда ва ушлаб қолинганда, 2015 йилда тўланган компенсациядан ЖШДСни даромад солиғининг қайси шкаласи бўйича ушлаб қолиш зарур?
Г.Эргашева,
МЧЖ бухгалтери.
– Ходимларнинг шахсий автомобилларидан хизмат мақсадлари учун (хизмат сафарларидан ташқари) фойдаланганлик учун компенсация тўлаш тартибига (ВМнинг 2.04.1999 йилдаги 154-сон қарорига 3-илова) мувофиқ, компенсация корхоналарнинг хизмат мақсадлари учун ўз шахсий енгил автомобилларидан фойдаланадиган ходимларига тўланади.
Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг ҳисобини олиб бориш, миллий давлат рақами белгиларини бериш ва уларни алмаштириш қоидаларининг (ВМнинг 26.05.1997 йилдаги 256-сон қарорига 1-илова) 7-бандига мувофиқ, фуқароларнинг шахсий мулки бўлган транспорт воситалари фақат бир киши, яъни эгаси номига рўйхатдан ўтказилади. Фуқаролик кодексининг 134-моддасига кўра, бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради. Яъни автомобилга берилган ишончнома билан мулкдор ишончли вакилга фақат ўз автотранспортини бошқариш ҳуқуқини беради, бунда мулкка эгалик ҳуқуқи ишонч билдирувчида қолади.
Шу сабабли ишончномага кўра бошқарилаётган автомобиль ходимингизнинг шахсий мулки ҳисобланмайди. Шахсий автомобилдан фойдаланганлик учун у олган тўловлар Солиқ кодексининг 171-моддаси 2-қисми 8-бандида назарда тутилган компенсация тўловлари ҳисобланмайди. Демак, улар жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги солиқ солинадиган даромадлари ҳисобланади.
Бухгалтерия ҳисоби стандартлари ва солиқ қонунчилигига кўра солиқ тўловчиларнинг даромадлари ва харажатлари ҳисоблаб ёзиш усули билан акс эттирилади (Солиқ кодексининг 39-моддаси; «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддаси). Шундан келиб чиқиб, жисмоний шахснинг даромадларига даромадлар ҳисоблаб ёзилган даврда амал қилган ставкаларда солиқ солишингиз керак.
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma Online» эксперти.