МЧЖнинг ягона муассиси – жисмоний шахс, ЎзР резиденти. Ўтган йилларнинг якунларига кўра унга ҳисоблаб ёзилган дивидендлар устав фондини оширишга йўналтирилди, бу Адлия вазирлигида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган. Улардан ЖШДС ушланмаган. 2 йилдан ортиқ вақт ўтгач, муассис корхона устав фондини камайтиришга қарор қилди, бу ҳам Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.
Муассис устав фондини камайтириш суммасини олиши мумкинми?
Бу ҳолда унда солиқ мажбуриятлари юзага келадими?
О.Горбунова,
МЧЖ бош бухгалтери.
– «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, муассиснинг жамият устав фондини камайтириш ҳақидаги қарори ёзма тарзда расмийлаштирилиши шарт. Унда шакллантирилган ва янги устав фонди миқдорлари, шунингдек иштирокчининг камайтирилаётган улуши корхонанинг қайси мол-мулки (асосий воситалар, пул маблағлари ёки товар-моддий қимматликлар) ҳисобига тўланиши акс эттирилади. Муассиснинг қарорига кўра иштирокчи улушининг камайтирилаётган қисми пул маблағлари ёки корхонанинг бошқа мол-мулки билан қайтарилиши мумкин.
Бунда шуни ҳисобга олиш зарурки, агар натижада жамият кўрсатилган Қонуннинг 14-моддасида белгиланган устав фондининг энг кам миқдоридан (МЧЖни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этиш санасидаги ҳолатга кўра қонун ҳужжатларида белгиланган ЭКИҲнинг 40 бараваридан) кам бўлиб қолса, ўз устав фондини камайтиришга ҳақли бўлмайди.
Солиқ кодексининг 179-моддасида назарда тутилишича, дивидендлар тарзида олинган ва дивиденд тўлаган юридик шахснинг устав фондига йўналтирилган даромадларга солиқ солинмайди. Бироқ имтиёз қўлланилганидан сўнг бир йил ичида иштирокчи муассислар таркибидан чиққанда ёхуд тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки унинг муассислари ўртасида тақсимланганда илгари солиқ солишдан озод қилинган даромадларга умумий асосларда солиқ солиниши керак. Ушбу имтиёзни беришдан мақсад – дивидендлар ҳисобига устав фондига киритилган инвестициялардан муайян давр (камида 1 йил) ичида юридик шахснинг эҳтиёжлари учун фойдаланишдан иборат.
Сизнинг ҳолатда иштирокчи улушининг бир қисми дивидендлар устав фондини кўпайтиришга йўналтирилган пайтдан бошлаб 2 йил ўтгач қайтарилади. Демак, илгари қўлланган имтиёзлар сақланади ва солиқ мажбуриятлари юзага келмайди.
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma Online» эксперти.