Norma.uz
Норма маслахатчи / 2016 йил / № 14 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Ўғрининг бошига етган омадсизлик

 

Ушбу воқеани менга турмуш ўртоғи бир неча йил Лотин Америкасида ишлаган ҳамкасбим ҳикоя қилиб берди. Унга ҳамроҳ бўлган аёли, табиийки, суд янгиликлари билан қизиқмаслиги иложсиз эди. Ана шу воқеалардан бири газетхонларимизга ҳам қизиқарли бўлади деб ўйлайман.

 

Дунё яралибдики, аёллар ёш ва жозибали кўринишларини сақлаб қолишга ҳаракат қилиб, бунинг учун турфа хил воситалардан фойдаланадилар. Уларнинг кўпчилиги мевали ниқобларни хуш кўради. Ҳамкасбим ҳикоясининг қаҳрамони ҳам ана шу воқеа юз берган Бразилияда йил бўйи топиш мумкин бўлган малина ва қулупнайли ниқобларга ружу қўйган.

45 ёшлар атрофида бўлган Марта Родригес ўша куни уйга одатдагидан эртароқ қайтган. Гап шундаки, у ишлайдиган фирманинг директори юбилейини нишонламоқчи бўлиб, зиёфат олдидан ясан-тусан қилиб олишлари учун аёл ходимларга барвақт жавоб берган.

Марта турмуш ўртоғи билан иккови яшар, ўша куни эри хизматда эди. Уларнинг қизи бошқа шаҳарда ўқир, ўша ерда яшар эди. Эр-хотин ишдан қайтгунларича одатда коттежда кундуз кунлари ҳеч ким бўлмасди.

 

Уйга қайтгач, Марта душ қабул қилди, юзига қирғичдан ўтказилган қулупнайли ниқоб сурди ва иккинчи қаватдаги ётоқхонага дам олиш учун чиқиб кетди. У энди мизғий бошлаганда дарвоза томонида қандайдир шубҳали товушлар эшитилди. Дивандан сакраб туриб, ётоқхонадан пастга қаради. Худди шу пайтда биринчи қаватдаги эшик очилди ва ғўлабир нотаниш киши кўринди. У ҳар томонга аланглаб кирганидан Марта унинг ўғрилигини билди.

Афсуски, ётоқхонада телефон йўқ эди, зеро воқеа уяли телефонлар ҳали бўлмаган замонда юз берган. Полицияни чақириш учун ўша пайтда фақат ўғри турган биринчи қаватдаги телефондан қўнғироқ қилиш мумкин эди.

Марта ётоқхона эшигини овоз чиқармай ёпди, астагина калитни буради ва юраги дук-дук урган ҳолда пастдаги овозларга қулоқ сола бошлади. Аввалига у чақирилмаган меҳмон биринчи қават билан чекланади деб умид қилган эди, зеро эрининг кабинетида каттагина пул сақланар, ошхонада эса қимматбаҳо чинни идишлар ва ошхонанинг кумуш идиш-товоқлари бор эди. Бироқ кўп ўтмай ғичирлаётган зинадаги қадам товушларидан ўғри тепага кўтарилаётганлигини тушунди. Ётоқхонадаги деразага панжара ўрнатилган эди. Қисқаси, оёғи синишини ўйламай қочишни истаганда ҳам, пастга сакрашнинг иложи йўқ эди. Хонада гир-гир айланиб, Марта кийим жавонига яширинишдан бошқа илож тополмади. Билинар-билинмай нафас олган ҳолда илиб қўйилган қўйлаклар орасига кириб олди.

Бир дақиқадан кейин аёл ўғри қулфни очишга уринаётганлигини сезди. Сўнгра эшик ғичирлаб, кенг очилди. Марта хонада овоз чиқармай босилаётган қадамларни ҳис этди, жавонлар ва секретер очилаётганини эшитди. Чамаси, ўғри пул ва тақинчоқларни қидирмоқда эди.

Бироқ Мартанинг ўғри кийим жавонига қарамайди деган умиди чиппакка чиқди. Қадамлар яқинлашди ва у яширинган жойнинг эшиги ланг очилди... Аёл даҳшатга тушиб кўзларини юмди ва бирданига паст овоздаги нолани, сўнгра гавда полга ағдарилганини эшитди. Жавондан бошини чиқариб, унинг ёнида ётган ўғрига кўзи тушди. Ҳали ҳам ташвиши ариганига ишонқирамай, Марта секингина, ётган одамга бехос тегиб кетмасликка ҳаракат қилиб, унинг устидан сакраб ўтди ва пастга, телефон томон қараб югурди. Полицияни чақириб бўлгач, ўғри ҳушига келиши ва пастга тушишидан хавфсираган ҳолда зинадан кўз узмай холлдаги курсида ўтирди. Ҳаяжон ва қўрқув боис юзидаги ниқобни бутунлай унутган эди.

Полициячилар бир неча дақиқадан кейин етиб келишди. Улар отишга тайёр тўппончаларини қўлда ушлаб, коттежга кириш эшигини ланг очишганида, Марта уларга қараб югурди. Бироқ улар юзи қонга бўялган аёлни кўриб орқага тисарилдилар... Кейин полициячилар уни кўчага олиб чиқиб, юзидаги жароҳатларни боғлашни таклиф қилишди. Шундагина Марта ҳали тугалланмаган косметик муолажасини эслади. У хижолат бўлиб, юзидаги қулупнайли ниқоб эканлигини тушунтирди ва ўғри ўзи яширинган жавон олдида йиқилганлигини айтди. Шунда полициячилар ўғрининг нимадан қўрққанлигини тушуниб, қаҳқаҳа уриб кулишди.

Иккала полициячи секин-аста зинадан кўтарила бошлади, улар жиноятчи ўзига келиб қаршилик кўрсатиши мумкинлигидан хавфсирар эдилар. Бироқ уларнинг хавфсираши беҳуда бўлиб чиқди: ўғри жавон олдида қимирламай ётар эди. Унда қурол топилмади. Полициячилардан бири унинг томирини ушлаб кўрди – у урмаётган эди. Етиб келган «тез ёрдам» шифокори унинг ўлганлигини қайд этди.

Мартанинг сўзларидан юз берган воқеанинг барча тафсилотлари аён бўлди, бироқ ҳақиқатан ҳам шундай бўлганлигини текшириш талаб этиларди. Зеро бошқа вариантларни ҳам истисно этиб бўлмас эди. Масалан, марҳум Мартанинг жазмани бўлиб чиқиши, уни эри ёки ҳатто унинг ўзи ўлдирган бўлиши мумкин эди. Қисқаси, биринчи навбатда ўлимнинг сабабини аниқлаш керак эди. Дастлабки кўздан кечириш танада шикастланишлар йўқлигини кўрсатди, фақат полга ағдарилганда оз-моз жароҳатланган эди. Жиноятчининг ёнида қанор қоп бўлиб, унга пул ва ошхона анжомлари солинган эди, марҳум курткасининг чўнтагидан эса уй бекасининг олтин тақинчоқлари ҳам топилди. Буларнинг ҳаммаси Мартанинг кўрсатмаларини объектив равишда тасдиқларди. Суд-тиббий экспертиза ўлимга оддийгина инфаркт сабаб бўлганлигини кўрсатди, чунки ўғрининг юраги хаста бўлган. Шу сабабли шўрлик ўғри жавон эшигини очиб, бехос юзи қонга бўялган аёлни кўриб қолганда юраги бунга дош бера олмаганлиги маълум бўлди.

Кейинги текширувда марҳум бир неча марта судланган, 50 яшар тажрибали ўғри эканлиги аниқланди. Кейинроқ топилган унинг жазманининг айтишича, ўғри бир неча кун Мартанинг уйини ташқаридан кузатган ва иш кунлари кундузи коттежда ҳеч ким бўлмаслигини аниқлаган. Бу ҳол унга қўл келарди, зеро у ўғирлик қилганда доим зўравонликдан қочган. Бироқ аксига коттежга кириш учун белгиланган куни юзидаги «қонли» ниқоб билан Марта Родригес уйда бўлган,...

Анча илгари бўлиб ўтган ушбу воқеа ўғрилик қилиш, алалхусус юраги касал бўлган кишиларнинг ўғирлик қилиши мумкин эмаслигини яна бир бор исботлайди.

 

Ольга Маршанская,

ЎзР Адлия вазирлиги ҳузуридаги РСЭМнинг давлат суд эксперти.

Прочитано: 2084 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика