Менинг ҳеч ким пропискадан ўтмаган, 2 йилдан бери бўш ётган 3 хонали квартирам бор. Унда сув ҳисоблагичи ўрнатилмаган, шу пайтгача бир киши учун ҳақ тўлаб келганман. Ҳозирда Миробод туман Сувсоз икки кишига ҳақ тўлашимни талаб қиляпти. Аслида қандай иш тутишим керак?
О.Тўхтабоев.
– Сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматларини кўрсатганлик учун ҳисоб-китоб қилиш тартиби Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарорига 2-илова, бундан кейин – Сув таъминоти қоидалари) билан белгиланади. Унинг 99-бандида белгиланишича: «Фуқаролар пропискадан ўтказилмаган хонадонларда, сувни ҳисобга олиш асбоби мавжуд бўлмаганда, ичимлик сув ва канализация хизматлари учун тўловлар қонунчиликда кўрсатилган истеъмол нормаларига кўра, белгиланган тарифларнинг орттирилувчи коэффициентини қўллаш йўли билан: 1 ва 2 хонали уйларда – бир киши ҳисобидан; 3 хонали уйларда – икки киши ҳисобидан; 4 хонали уйларда – уч киши ҳисобидан; 5 хонали уйларда – тўрт киши ҳисобидан амалга оширилади». Шундан келиб чиқиб сиз сув таъминоти хизматлари учун икки нафар истеъмолчи ҳисобидан ҳақ тўлашингиз керак.
Мавзувий сонни Ирина Гребенюк олиб боради.