Миллий матбуот марказида «Ўзбекэнерго» АЖ томонидан истеъмолчиларнинг электр энергиясидан оқилона ва самарали фойдаланишига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 ноябрдаги «Электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ электр энергияси истеъмолини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилмоқда. Бу электр таъминотини бир маромда ва ишончли бошқариш имконини бермоқда.
2015 йилда 326 мингта уйга электрон ҳисоблагич ўрнатилган. Жорий йилда эса 350 мингга яқин хонадондаги ҳисоблагичларни автоматик тизимда ишлайдиганларига алмаштириш режалаштирилган. Хусусан, Бухоро, Жиззах, Самарқанд вилоятларидан биттадан туман танлаб олинган бўлиб, йил охирига қадар уларда ҳисоблагичлар тўлиқ автоматик тизимга ўтказилади.
– Мақсад электр энергиясидан фойдаланишни такомиллаштириш ва истеъмолчиларнинг тўлов интизомига риоя этишини таъминлашдир, – дейди «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти «Энергосотиш» филиали директори ўринбосари Парда Хидиров. – Замонавий электрон ҳисоблаш ускуналари ўрнатиш орқали электр энергияси ҳисобини юритиш яхшиланади. Синов тариқасида Қўқон шаҳри ва пойтахтимизнинг Бектемир тумани автоматлаштирилган тизимга уланиб, узатилаётган электр энергияси миқдорини аниқлаш, кўрсаткичларни масофадан ёзиб бориш, маълумотларни йиғиш каби барча ишларни автоматик бошқариш йўлга қўйилди. Натижада истеъмол миқдори камайиб, тўлов ошгани кузатилди.
Анжуманда 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб электрон ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозланмаган хўжалик субъектларига электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш тўхтатилиши қайд этилди. Электр энергияси олдиндан тўлов асосида етказиб берилиши, истеъмол қилинган электр миқдорини абонентлар интернет орқали кузатиши мумкинлиги ҳақида маълумот берилди.
ЎзА асосида.