Кўп қаватли уйнинг 1-қаватидаги квартирадан ҳашаротлар ва нохуш ҳид атрофга тарқайди. Турар жойнинг санитария ҳолати учун ким жавоб беради, агар ўша уйда яшовчи унга риоя этмай, қўшниларига хавф-хатар туғдирса, қандай йўл тутиш керак? Муаммони қай тартибда ҳал этиш мумкин?
Г.Бойдедаев.
– Агар ҳид ва ҳашаротлар кўп квартирали уйнинг ертўласидан атрофга тарқалаётган бўлса, бунинг учун хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати жавобгар бўлади. У ертўлага мунтазам равишда санитария жиҳатидан ишлов бериб туриши шарт. Уларнинг манбаи квартира бўлганда эса турар жойнинг санитария ҳолати учун унинг соҳиби жавоб беради.
325-сон Қоидаларнинг 11-бандида назарда тутилганидек, ижарага олувчилар, ижарадорлар ва турар жой эгалари қуйидагиларга мажбурдирлар: турар жойларнинг сақланишини таъминлаш; ўзлари бевосита фойдаланадиган турар жойга, шунингдек, санитария-техника ва бошқа асбоб-ускуналар ва бошқаларга эҳтиётлик билан муносабатда бўлиш; ўзлари эгаллаб турган турар жойларни, умумий фойдаланиладиган жойларни озода ва тартибли сақлаш ва бошқалар.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 53-моддасига мувофиқ, санитария қонун ҳужжатларини, санитария нормаларини, қоидаларини ва гигиена нормативларини бузиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
МЖТКнинг 159-моддасида белгиланишича, турар жойларни сақлаш ва улардан фойдаланиш, умум фойдаланадиган жойларни санитария ҳолатида сақлаш қоидаларини бузиш, уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларини бузиш фуқароларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агар қўшни квартирасидаги санитарияга зид ҳолат бутун кўп қаватли уй аҳлига хавф-хатар туғдираётган бўлса, унинг ўзи ҳеч қандай бартараф этиш чорасини кўрмаса, туман СЭСга унинг уйида дезинфекция ўтказилишини сўраб шикоят ёзинг. Участка нозири ва маҳалла қўмитасига ҳам мурожаат этишингиз мумкин.
Мавзувий сонни Ирина Гребенюк олиб боради.