Norma.uz
Норма маслахатчи / 2016 йил / № 14 / Биз яшайдиган уй

Газ таъминоти: қонунлар ижросида беписанд бўлмайлик

 

Баъзан газ етказиб берувчилар қонун ҳужжатлари талабларига нисбатан барқарор беписандлик кайфиятини ҳосил қилган кўринади. Улар истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бунчалик ўжарлик билан ва жазосиз кўп маротаба поймол қилишларини бошқача изоҳлаб бўлмайди. Сўнгги йилларда УКХ соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши сонига кўра ушбу соҳа биринчиликни қўлдан бермай келаётгани бежиз эмас, фуқароларнинг газетамиз таҳририяти, Давлат рақобат қўмитаси, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаатлари шундан далолат бермоқда. Бироқ газчиларнинг қонун ҳужжатларига бефарқликлари жазосини нимагадир истеъмолчилар тортадилар. Кўп сонли маълумотномалар йиғиб, зиммаларига юкланган қарзнинг асоссизлигини, тўқиб чиқарилганини исботлаш учун улар ўз маблағлари, соғлиқлари, асаблари, вақтларини кетказадилар. Етказиб берувчилар эса, рад этиб бўлмайдиган асос-далилларга қарамай, ўз билганларидан қолмайдилар.

 

Тўғри, газ истеъмолчилари ҳам баъзан кўп ҳуқуқбузарликларга йўл қўядилар. Бунга ўз вақтида газ ҳақини тўламаслик, ҳисоблагичларни вақтида текширтирмаслик, ҳисобга олиш асбобларини очиш ва бошқа салбий мисолларни келтириш мумкин. Бироқ бу билан етказиб берувчилар зиммасидаги жавобгарлик олинмайди. Ҳуқуқбузарларга талаб қўяётиб, улар ўз мажбуриятларини ҳам унутмасликлари лозим. Бу гап иккала тарафга тегишли.

Биз сўнгги вақтда газчилар янги ҳунар ўйлаб топганлари ҳақида кўп ёздик – улар маълумотлар базасида коммунал маҳсулот истеъмоли ҳақида маълумотлар йўқлиги сабабли асоссиз равишда қарз ҳисоблаб ёзмоқдалар. Хусусан, ҳисоблагич текширувдан ўтганидан сўнг мувофиқлик сертификатининг нусхасини тақдим этмаганликни шулар сирасига киритиш мумкин. Бу ҳолат шунчалик оммавий тус олдики, баъзан газ таъминоти ташкилотлари сохта қарз ҳисоблаб ёзиш йўли билан ўз муаммоларини ҳал этаётганга ўхшайдилар. Зеро абонентлардан бири ҳуқуқларини ҳимоя қилади, бошқаси эса сансалорлик ва босимдан қочиб пул тўлаб қўя қолади. Акс ҳолда сертификат ўз вақтида тақдим этилгани ва у қабул қилинганини тасдиқловчи имзо қўйилгани ҳам етказиб берувчилар учун исбот бўла олмаслигини қандай қилиб изоҳлаш мумкин. «Ҳеч нимани билмаймиз. Маълумотлар базада йўқ», – деб тураверишади. Ундай бўлса, буни нима билан исботлаш мумкин? Уларнинг ўзлари маълумотларни вақтида базага киритмаганликлари учун ким айбдор? Истеъмолчи эмас, балки буни қилишни унутган ёки атайин шунга йўл қўйган инсофсиз ва масъулиятсиз ходимлар айбдор эканлиги аниқ. Шуниси ҳайратланарлики, бу вақтда истеъмолчиларни сохта қарзлари ошиб бораётганлиги ҳақида огоҳлантирмай, жорий тўловларни қабул қилаверадилар.

 

«Ишлашга халал берманг...»

Пойтахтимизнинг Миробод туманида истиқомат қилувчи пенсионер Галина Витушкинанинг таҳририятимизга мурожаати бунга яққол мисол бўла олади:

«Мен Click мобил тизими орқали газ бўйича шахсий ҳисобрақамим ҳолатини текшириб кўришга қарор қилиб, кутилмаганда 833 284 сўм қарзим борлигини кўриб қолдим, – деб ёзади у. – Мирободтумангаз ташкилотига ёзма ариза билан мурожаат қилиб, маълумотлар базасида ҳисоблагич текширилганлиги тўғрисида маълумот йўқлиги сабабли огоҳлантиришсиз мени 2012 йил ноябрдан 2013 йил июлгача газ истеъмолининг норматив ҳисоб-китобига ўтказганликлари сабабли асоссиз қарз юзага келганини аниқладим. Бироқ мен 2010 йилда ҳисоблагични ўз вақтида текширтирганман, барча зарур ҳужжатларни (дастлабки ташхис қўйиш далолатномаси ва сертификатни) дарҳол туман газ ташкилотига топширганман. Тушунарсиз сабабга кўра улар маълумотлар базасидан чиқарилган, 2011 йилда мен уларни такроран тақдим этганман, бу туман газ ташкилоти ходимининг имзоси билан тасдиқланган. Бундан ташқари, газчиларнинг талабига кўра қарз ҳисоблаб ёзилган даврда ҳақ тўлаганлигим ҳақидаги барча квитанцияларни, маҳалладан маълумотномани, квартира режасини ва оилам аъзолари сони ўзгармаганлигини, қўшимча газ ускуналари ўрнатилмагани ва жойи ўзгартирилмаганини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни тақдим этдим.

4 ойдан бери ҳақлигимни исботлашга уринаман. Миробод туман прокуратурасига, Монополияга қарши қўмитага, инсон ҳуқуқлари бўйича органларга, «Ўзтрансгаз» АКга, республика Вазирлар Маҳкамасига ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Прокуратуранинг сўровига кўра Миробод туман газ ташкилоти ва Тошшаҳаргаздан қарз реал эмаслиги, техник хато туфайли юзага келгани ва ҳисобдан чиқарилиши кераклиги қайд этилган жавоблар олинди. Миробод туман газ ташкилоти қарзни ҳисобдан чиқариш тўғрисида далолатнома тузди ва 25.01.2016 йилгача уни маълумотлар базасидан чиқариш мажбуриятини олди. Шаҳаргаз ҳам реал қарз мавжуд эмаслиги ҳақида далолатнома тузди, у 29.02.2016 йилгача ҳисобдан чиқарилишини маълум қилди. Бироқ ҳанузгача қарз осилиб турибди. Бундан ташқари, қандайдир йўл билан маълумотлар базасига ҳисоблагичнинг ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўрсаткичлари қўшиб қўйилди.

Давлат рақобат қўмитаси ва инсон ҳуқуқлари бўйича органлар аризаларимни кўриб чиқиб, қонун мен тарафимда эканлигини, қарзни зудлик билан ва тўлиқ ҳисобдан чиқаришларини талаб қилишга ҳақли эканимни айтишди. Бироқ талабларим бузиб бўлмас деворга урилмоқда.

Етказиб берувчи бу қарзни реал қарз эмас деб тан олди, бироқ уни ҳисобдан чиқаришга шошилмаяпти. Менга қарзни қайта ҳисоблаш учун ариза тўлдиришни таклиф қилишди, у ерда 833 284 сўм «нореал қарз» деб кўрсатилган. Қарзим йўқлиги ҳақида маълумотнома беришдан бош тортишяпти. Бироқ сохта қарзни ҳисобдан чиқариш хусусида сўз бориши керак. Агар газчилар қайта ҳисоблаш ҳақида сўз юритсалар, асоссиз қарз «осилганча» қолади, газ истеъмоли учун жорий тўлов ҳисобига қопланади, шундай бўлиб келмоқда ҳам. Бироқ «нореал қарзни» қоплаб, реал қарзни орттирмаслигимга кафолат борми. Бугунги кунга келиб туман газ ташкилотидан 800 000 сўмдан ортиқ қарз бўлиб чиқяпман.

Ёшим 70 да, умр бўйи республика манфаатига хизмат қилганман. Энди эса қўлимда барча тасдиқловчи ҳужжатлар бўла туриб, ҳеч кимдан қарздор эмаслигимни исботлаш учун турли идораларга қатнашга мажбурман. Кўпчилик абонентлар ҳам худди шу аҳволдалар. Уларнинг кўпчилиги – энг виждонли тўловчилар ҳисобланмиш пенсионерлар, кекса кишилардир. Табиий газ истеъмолчиларининг ҳуқуқлари мунтазам равишда бузилаяпти. Ҳеч нимани тушунишни истамайдиган Мирободтумангаз ходимларининг орсизлиги кишини ҳайратлантиради. Барча саволга: «Хола, компьютерга жуда кўп қараяпсиз. Уйингизга бориб, ишлашимизга халал берманг...» – деб жавоб қайтарадилар».

 

Камчиликларни бартараф этиш йўли

Материални босмага тайёрлаш пайтида асоссиз қарзни ҳисобдан чиқариш масаласи ҳал этилмай қолаверди. Ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаол фуқаролик позициясини намоён этган Витушкинага тан бериш керак. Судга даъво билан мурожаат қилишгина қолди, у масалани ҳал этишда якуний нуқта қўя олади. Зеро турли идораларнинг қонун истеъмолчи тарафида эканини, сохта қарз ҳисобдан чиқарилишини талаб қилишга ҳақли эканлигини қайд этиб ўтиши суд қароридан фарқли равишда етказиб берувчини камчиликларни бартараф этишга мажбур этмайди. Бундан ташқари, Давлат рақобат қўмитаси «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг ижросини назорат қилувчи орган ҳисобланади. У истеъмолчилар ҳуқуқларини бузувчиларга кўрсатмалар йўллаш, уларни бажармаганликлари учун жарима чораларини кўришга ҳақли.

Истеъмолчиларни бу каби ҳолатлардан қандай ҳимоялаш мумкин? Эҳтимол, етказиб берувчиларнинг бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлигини ошириш керакдир. Буни қандай қилса бўлади?

1. Қонун ҳужжатларига риоя этмаганлик учун жарима чоралари янада қатъийроқ ва сезиларлироқ бўлиши керак.

2. Газ таъминоти ташкилотлари ходимларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини бузиш далиллари бўйича «Трансгаз» АК бўлинмаларида ички текширув ўтказиб, айбдорларга нисбатан қатъий чоралар кўриш, ҳисоб-китоблардаги хатоликлар ва мижозларнинг аризаларига ўз вақтида муносабат билдирмаганликлари учун уларни моддий жавобгарликка тортиш зарур. Зеро бундай ҳолатлар етказиб берувчиларга нисбатан салбий муносабатни шакллантиради, уларнинг обрўсига путур етказади, тарафлар ўртасида зиддиятни юзага келтиради. Газ таъминоти ташкилоти ходимининг бирон марта истеъмолчи олдида совуққонлиги ва масъулиятсизлиги учун узр сўраганини ҳеч эслолмайман.

3. Кадрлар сиёсатини такомиллаштириш, соҳани малакали мутахассислар билан мустаҳкамлаш.

4. Виждонсиз газчилар йўл қўйган суиистеъмолликлар, ваколатни ошириш, совуққонлик далилларини барчага ошкор қилиш.

Маълумотлар базаларида ҳисоблагич текширилгани ҳақидаги маълумотнинг йўқлиги ва йўқолиши масалалари юзасидан қуйидагича таклиф киритамиз:

1) Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 30.07.2014 йилда 2604-сон билан рўйхатдан ўтказилган) етказиб берувчига сертификат нусхасини имзо қўйдириб тақдим этиш зарурлиги ҳақидаги бандни киритиш. Газчиларнинг ёппасига масъулиятсизлигини ҳисобга олиб, истеъмолчи текширув ҳақидаги маълумотлар базага киритилганини ўзи назорат қилиши зарур бўлиб чиқяпти. Аслида бундай бўлиши керак эмас. Туман газ ташкилоти ходимларининг совуққонлиги, уларга ишониб бўлмаслиги сабабли уларнинг иши истеъмолчи зиммасига юклатилган бўлиб чиқади;

2) Низомга етказиб берувчининг ҳисоблагич текширувдан ўтказилгач, уни ўрнатиш ва улаш чоғида туман газ ташкилотига сертификат нусхасини тақдим этиш зарурати ҳақида истеъмолчини огоҳлантириши тўғрисидаги бандни киритиш;

3) «Ўзстандарт» агентлиги аккредитациялаган, текшириш ўтказишга ваколатли лабораториялар сертификатнинг асл нусхасини истеъмолчига беришлари, кўчирма нусхасини эса газ таъминоти ташкилотига электрон кўринишда жўнатишлари мумкин. Ушбу тартибни Ўзстандарт билан у аккредитациялаган лабораториялар ўртасидаги лицензия битимида қайд этиш мумкин;

4) текширув жараёнини бирхиллаштириш мақсадида барча коммунал хизматларни етказиб берувчилар учун текширув ўтказиш хизматларини кўрсатувчи ягона марказ очиб, уни «бир дарчадан» ўтказиш механизмини йўлга қўйиш лозим. Ушбу амалиётдан фойдаланиб, сертификат нусхасини истеъмолчининг иштирокисиз ва бунинг учун жавобгарлигисиз етказиб берувчига топшириш керак.

 

Ҳисоблагич ҳақини тўланг!

«...Бундан ташқари, Мирободтумангаз ходимлари 2005 йилда ўрнатилган газ ҳисоблагичи ҳақини, тағин жорий кундаги курси бўйича доллар эквивалентида тўлашни талаб қилишди, – дея давом этади Г.Витушкина. – Ҳисоблагич бўйича қарз сўндирилди, бироқ, афсуски, ҳамма квитанциялар сақланмаган, ахир 10 йилдан ортиқ вақт ўтди. Энди мен 10 йил аввалгидан кўра икки баравар ҳақ тўлашим керак бўладими? Туман газ ташкилоти республика фуқаролари билан ҳисоблагичларни АҚШ долларига ўрнатиш шартномаларини нимага асосланиб тузгани тушунарсиз. Зеро қонун ҳужжатларига мувофиқ республикамиз ҳудудидаги барча ҳисоб-китоб тўловлари, кредитлар олиш ва қайтариш миллий валютада амалга оширилади».

11 йилдан буён газ истеъмоли ҳақини пули тўланмаган ҳисоблагич бўйича қабул қилаётганда газ таъминоти ташкилотининг ходимлари қаерда бўлганлар?

Шартноманинг 11-боби 5-бандига мувофиқ, истеъмолчи газни ҳисобга олиш асбобининг қийматини тўламаган ёки ўз вақтида тўламаганда етказиб берувчи уни ёзма равишда огоҳлантиргандан сўнг газ тармоғидан ўчириш, бунда ҳар бир ўтказиб юборилган кун учун қарзнинг умумий суммасидан 0,4% миқдорида, бироқ муддати ўтказиб юборилган тўлов суммасининг 50%идан ортмайдиган миқдорда пеня ундириш ҳуқуқига эга.

Унинг ҳақи миллий валютада ҳисоб-китоб қилинишига келсак, бунда муаллиф мурожаат моҳиятини тушунмаган кўринади. Гап шундаки, ҳисоблагичлар Хитой Халқ Республикаси кредити ҳисобига долларда сотиб олинган. Абонент билан етказиб берувчи ўртасидаги газни ҳисобга олиш асбобини реализация қилиш шартномасининг ­4-бандига мувофиқ, у тўлов кунида Ўзбекистон Марказий банки томонидан белгиланган доллар курсида сўмда кредитга олинган.

Низоли масалалар музокара ўтказиш йўли билан ҳал этилади ёки суд тартибида кўриб чиқилади. Шунда етказиб берувчи кредитни сўндириш муддатини кўрсатган ҳолда шартномани тақдим этиб, абонентга нисбатан ўз талабларини асослаши керак бўлади. Суд истеъмолчининг талабига кўра банкдан истеъмолчи ҳисоблагич ҳақини тўлаганлиги ҳақида квитанцияни сўраб олишга ҳақли. Суд тартибида кўриб чиқиладиган талабларнинг даъво муддати 3 йилни ташкил этади.

 

Мавзувий сонни Ирина Гребенюк олиб боради.

 

Прочитано: 3572 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика