Ягона интерактив давлат хизматлари портали дастакларининг қулайлиги туфайли ундан фойдаланувчилар сони кундан кунга ортиб бормоқда. Портал тақдим этаётган хизмат турлари ҳам тобора кенгайиб бораётир.
«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш марказидан мухбиримизга хабар беришларича, Ягона порталда янги интерактив хизматлар ишга тушади. Ҳозирги вақтда қуйидаги хизматларни ишга туширишга тайёргарлик кўрилмоқда:
● молиявий, солиқ, статистика ҳамда бошқа ҳисоботларни тадбиркорлик субъекти шахсий кабинети орқали интерактив расмийлаштирув ва тақдим этиш;
● тадбиркорлик субъектининг шахсий кабинети орқали «Интернет-банкинг» тизимидан фойдаланган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, коммунал хизмат тўловларини тўлаш, рухсат бериш ҳужжатлари ва лицензияларини кўриб чиқиш ва тақдим этиш учун йиғим ва давлат божларини тўлаш имконияти (бугунги кунда мазкур хизмат турларини фақат Микрокредитбанк, Халқ банки ва Миллий банк тақдим этмоқда);
● тадбиркорлик субъектлари томонидан лицензия битимларини бажариш тўғрисидаги электрон ҳисоботларни тақдим этиш;
● тадбиркорлик субъектлари томонидан жўнатилган солиқ ҳисоботининг ҳисобини юритишнинг мониторинги;
● фаолиятнинг лицензияланадиган турларини ҳамда рухсат бериш тартиб-таомилларини электрон шаклга ўтказиш учун «Лицензия» ахборот тизимлари мажмуини Ягона порталга интеграциялаш.
«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш марказидан хабар беришларича, жорий йилнинг январь ойида тадбиркорларнинг порталдаги фаоллиги унинг бутун фаолияти давомида айниқса ошганлиги қайд этилган. Улар ўтган йилнинг октябрь ойи бошида ишга туширилган тадбиркорлик субъектининг шахсий кабинетига муносиб баҳо берганлар. Айнан шу кабинет орқали юридик шахсларга тақдим этиладиган Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг барча хизматларига кириш имконияти туғилади. Бу хизматлар орасида айниқса қуйидагилар энг талабгир ҳисобланади:
- ташқи савдо шартномалари бўйича маълумотларни ТСОЯЭАТга тақдим этиш;
- тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжлари учун маҳаллий автотранспорт воситаларини харид қилишга электрон буюртма бериш;
- тўлов терминаллари билан жиҳозлаш учун электрон буюртма бериш;
- хўжалик юритувчи субъектларни текшириш режа-жадвалидан кўчирма бериш;
- маҳсулот ва хизматлар сифатини бошқариш тизимларини сертификациялаш соҳасида юридик шахсларни аккредитациядан ўтказиш учун буюртма бериш;
- сув таъминоти ва сув чиқариш тизимларига уланиш учун техник шартларни олишга электрон буюртма бериш;
- Ўзбекистонга темир йўл орқали олиб кириладиган юклар тўғрисидаги ахборотни олиш.
Йил бошида тадбиркорларда қонун ҳужжатларининг таъсир доирасига баҳо беришда иштирок этиш имконияти туғилди, яъни улар у ёки бу масала бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқдалар ёхуд шунчаки ўзларига маъқул тушган изоҳларни қўллаб-қувватламоқдалар.
Саида ЖОНИЗОҚОВА,
ўз мухбиримиз.