Корхона Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, автотранспортни сақлаш бўйича ер участкалари мавжуд бўлганда асосий фаолият тури автотранспортни таъмирлаш ва унга техник хизмат кўрсатиш ҳисобланган ташкилот сифатида камайтирувчи коэффициентни (0,35) қўллаган ҳолда ягона солиқ тўловини тўлайди.
Корхона бошқа ташкилотдан 500 млн сўм қарздор ва уни пул билан узолмаяпти. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорига кўра биз қарзни сўндириш ҳисобига қиймати 500 млн сўм бўлган кўчмас мулкимизни (асосий воситалар) кредиторга беришимиз керак.
Асосий воситаларни бериш корхонанинг асосий фаолият турига таъсир кўрсатадими?
У мазкур операцияни амалга оширгандан кейин камайтирувчи коэффициентни қўллаган ҳолда ЯСТ бўйича имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладими?
Асосий воситаларнинг мазкур чиқиб кетиши асосий воситаларни реализация қилиш деб талқин этилмайдими?
Агар мазкур чиқиб кетиш ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорига кўра юз бераётган бўлса, корхона 500 млн сўмлик қийматдан 6%лик ставкада ЯСТ тўлайдими?
Н.Солижонова,
бош бухгалтер.
– Солиқ кодексининг 132-моддаси 1-бандига мувофиқ асосий воситалар ва ўзга мол-мулкнинг чиқиб кетишидан даромадлар солиқ солиш мақсадида бошқа даромадларга киритилади. Шу сабабли улар таркиби ҳисобот давридаги асосий фаолият турини белгилайдиган товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинадиган соф тушумга кирмайди. Сизнинг ҳолатингизда кўчмас мулк объектининг чиқиб кетишидан даромадлар асосий фаолият турини белгилашга таъсир кўрсатмайди.
Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга1 мувофиқ камайтирувчи коэффициентлар ҳар чоракда ҳисобланадиган ЯСТнинг энг кам миқдори (яъни ер солиғининг 3 баравари миқдори) ҳисоб-китоби чоғида ҳисобга олинади. Ҳисобот даврида корхонангизда асосий фаолият тури сақланиши боис ЯСТнинг энг кам миқдори ҳисоб-китобида 0,35 камайтирувчи коэффициентини қўллаш (асосий фаолият тури автотранспортни сақлаш бўйича ер участкалари мавжудлиги шароитида автомобиль транспортида йўловчи ва юклар ташиш бўйича хизматлар кўрсатиш бўлган ташкилотлар учун) қонунийдир.
Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши сабаблари 5-сон БҲМС «Асосий воситалар»2 51-бандида саналган. Улардан келиб чиқиб суднинг ҳал қилув қарорига мувофиқ асосий воситалар (АВ)нинг чиқиб кетиши уларни реализация қилиш ҳисобланади, чунки мазкур ҳолда кўчмас мулк объекти қарзни сўндириш ҳисобига берилади. Бироқ солиқ солиш мақсадида солиқ солинадиган база бўлиб АВни реализация қилишдан бутун тушум (сизнинг ҳолатингизда 500 млн сўм) эмас, балки бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган чиқиб кетишдан олинадиган даромад (фойда) ҳисобланади (Солиқ кодексининг 133-моддаси). АВ ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан молиявий натижани (фойда ёки зарар) аниқлашда илгари қайта баҳоланган объектларни қўшимча баҳолаш суммаси, аввалги қўшимча баҳолашлар суммаларининг ушбу объектларни аввалги арзонлаштиришлар суммасидан ошиши уларнинг чиқиб кетишидан даромад таркибига Асосий воситаларни балансдан чиқариш тартиби тўғрисида низомда3 назарда тутилган тартибда киритилади.
Солиқ кодексининг 353-моддасига кўра бошқа даромадларга асосий фаолият тури учун белгиланган ЯСТ ставкаларида солиқ солинади. Шу боис мол-мулкнинг чиқиб кетишидан сиз олган даромадга (фойдага) ҳам асосий фаолият тури бўйича ставкада – 6% солиқ солинади.
МИСОЛ. Қарздор корхона балансда кўчмас мулк объектига эга:
дастлабки (тикланиш) қиймати – 600 млн сўм;
ҳисоблаб ёзилган амортизация – 150 млн сўм;
объект бўйича қайта баҳолаш (қўшимча баҳолаш) суммаси – 100 млн сўм;
реализация қилишдан тушум (ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорига кўра) – 500 млн сўм.
Реализация қилишдан даромад (фойда) резерв капитални ҳисобга олиш ҳисобварақларида ҳисобга олинадиган АВ объектини қайта баҳолаш натижалари (сальдо)га (100 млн сўм) тузатилган ҳолда реализация қилишдан тушум (500 млн сўм) билан АВнинг қолдиқ (баланс) қиймати (600 – 150 = 450 млн сўм) ўртасида фарқ сифатида белгиланади. Шу тариқа, ЯСТ солинадиган даромад (фойда) суммаси:
500 – 450 + 100 = 150 млн сўмни ташкил қилади.
ЯСТ суммаси: 150 млн сўм х 6% = 9 млн сўмни ташкил қилади.
1МВ, ИВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2Молия вазирининг АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
3Молия вазирининг АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
Ирина АХМЕТОВА,
экспертимиз.