Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 7 / Ижара муносабатлари

Шартнома доирасида

МЧЖ жисмоний шахсдан нотурар жойни офис учун ижарага олган. Уни таъмирлашни: хоналар ўртасидаги эски эшиклар, ромларни алмаштиришни, полнинг ёғич қопламини тиклаш ва силлиқлашни, бўяш ва бошқа ишларни бажаришни режалаштиряпмиз. Бунда хона ичидаги архитектура-қурилиш конструкцияларини ўзгартиришни мўлжалламаяпмиз. Нотурар жой эгаси бундай таъмирлашга қарши эътироз билдирмаяпти. Зарур қурилиш ва сарфлаш материалларини МЧЖ ҳисобига харид қиламиз ва ўрнатамиз.

МЧЖ ижарага олинган жойни таъмирлаш учун қурилиш ва сарфлаш материалларини харид қилиш ҳуқуқига эгами?

Биз жисмоний шахс билан уни ўтказишга фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги бир марталик шартнома туза оламизми?

МЧЖнинг таъмирлаш харажатлари ижарага берувчининг ЖШДС тўланиши керак бўлган даромади деб ҳисобланмайдими?

Агар ижара шартномаси бирор-бир сабабларга кўра тугатилса, МЧЖнинг балансдан ташқари ҳисобварағида қайд этилган ўрнатилган эшиклар, ромларни нима қилиш керак? 

 

Фуқаролик кодексининг (ФК) 547 ва 548-моддаларида белгиланишича:

агар қонун ҳужжатлари ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижарага берувчи ижарага топширилган мол-мулкни ўз ҳисобидан капитал таъмирлаши шарт. Капитал таъмирлаш мулк ижараси шартномасида белгиланган муддатда, агар бу муддат шартномада белгиланмаган ёки шошилинч зарурат туфайли ўтказилса, оқилона муддатда амалга оширилмоғи лозим. Ижарага берувчининг капитал таъмирлаш мажбуриятини бажармаслиги ижарага олувчига таъмирлаш қийматини ижарага берувчидан ундириб олиш ёхуд ижара ҳақи ҳисобига ўтказиш ҳуқуқини беради;

агарда қонун ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ижарага олувчи ижарага олинган мол-мулкни яхши ҳолда сақлаши, уни ўз ҳисобидан жорий таъмирлаши ва сақлаш бўйича бошқа харажатларни қилиши лозим.

Шу тариқа, сиз ижарага олган жойда капитал таъмирлашни ҳам, жорий таъмирлашни ҳам амалга оширишингиз ва бунинг учун тегишли қурилиш материалларини харид қилишингиз мумкин. Бироқ таъмирлаш шартлари, унинг учун ижарага берувчи билан ҳисоб-китоб қилиш тартибини ижара шартномасида (ёки зарурат туғилганда – унга қўшимча битимда) назарда тутиш зарур.

 

Сиз жисмоний шахс билан фу­қаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома, хусусан таъмирлаш ишларини бажаришга пудрат шартномасини тузишингиз мумкин (ФКнинг 631-моддаси), унда пудратчининг маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини белгиланган муддатда топшириш, буюртмачининг эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбурияти назарда тутилади. У пудратчининг ҳам, буюртмачининг ҳам материалларидан бажарилиши мумкин (ФКнинг 632-моддаси). Буни пудрат шартномасини тузаётганда назарда тутиш лозим, чунки ҳисоб-китоб қилиш тартиби мазкур шартга боғлиқ. Пудратчи буюртмачи берган материалдан тежаб-тергаб ва режали фойдаланиши, иш тугаганидан сўнг ишлатилган материал тўғрисида буюртмачига ҳисобот бериши, шунингдек унинг қолдиғини қайтариб бериши ёхуд ўз ихтиёридаги фойдаланилмай қолган материалнинг қийматини ҳисобга олиб, буюртмачининг розилиги билан ишнинг баҳосини камайтириши шарт (ФКнинг 640-моддаси).

Предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномаларга мувофиқ жисмоний шахсларга тўловлар (бундан якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар мустасно), Солиқ кодексининг 172-моддаси иккинчи қисмига кўра меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киради. Уларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари солинади.

Солиқ кодексининг 187-моддасига кўра сиз асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида (яъни ўриндошлар ва сиз тузган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича) солиқ даври (йили) тугаганидан сўнг 30 кун ичида солиқ органларига белгиланган шаклда Тўланган даромадлар ва ушланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари тўғрисида маълумотнома тақдим этишингиз, шунингдек ушбу даромадларни ҳар чораклик Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларга1 киритишингиз керак.

Бироқ Солиқ кодексининг 187-моддасига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ 2015 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахснинг фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича олинган даромадларидан ЖШДС унинг ёзма аризасига асосан энг юқори ставкада (2014 йилда – 22%, 2015 йилда – 23%) ушланган тақдирда Тўланган даромадлар ва ушланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари тўғрисида маълумотнома тақдим этишга зарурат йўқ. Худди шу тартиб ЖШДСнинг энг кам ставкасида солиқ солинадиган даромадларга ҳам тааллуқлидир.

 

Ижарачининг ижарага олинган мол-мулкни жорий (капитал) таъмирлаш харажатлари унинг ишлаб чиқариш таннархига ёки ижарага олинган объектнинг мақсадига боғлиқ ҳолда давр харажатларига киритилади. Уларни ижарага берувчи ижара ҳақи ҳисобига қайд этиши ёки, агар бу ижара шартномасида таъкидланган бўлса, уни қоплаши мумкин. Бунда ижарачи ижарага берувчини таъмирлаш ҳақидаги нияти, уни бошлаш ёки тугатиш муддатлари ҳақида ёзма равишда хабардор қилиши керак. Иш якунланганидан кейин ижарачи ижарага берувчига қилинган харажатлар суммасини маълум қилади, у, масалан, ижара ҳақи ҳисобига киритилиши керак. Мазкур билдирувномага харажатлар рўйхати ва улар суммасини тасдиқлайдиган ҳужжатлар илова қилинади. Шартномада қайд қилинган ижара ҳақи таъмирлаш харажатлари муносабати билан тузатилмайди ва ҳисобда тўлиқ акс эттирилади. Шу сабабли таъмирлаш ишлари қиймати ҳар қандай ҳолда, шартнома шартларига боғлиқ ҳолда, ижарачининг ёки ижарага берувчининг харажатлари сифатида баҳоланади.

Ижарага олинган мол-мулк учун ижарага берувчи жисмоний шахсга тўланадиган даромадлар Солиқ кодексининг 176-моддасига кўра унинг мулкий даромади ҳисобланади. Уларга тўлов манбаида (Солиқ кодексининг 184-моддаси 3-банди) энг кам ставка бўйича (2014 йилда – 7,5%, 2015 йилда – 8,5%) ЖШДС солинади (Солиқ кодексининг 181-моддаси), бироқ ижтимоий суғуртага ажратмалар солинмайди.

Бунда шуни назарда тутиш лозимки, 2014 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан нотурар жойлар ижарага берилганда шартномада белгиланган ижара тўлови суммасига, бироқ ижара тўловининг энг кам ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган суммадан кам бўлмаган миқдорда ЖШДС солинади (Президентнинг 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон Қарорининг 4-банди). 2014 йилда нотурар жойлар учун ижара тўловининг энг кам ставкаси умумий майдоннинг 1 кв.метри учун Тошкент шаҳрида – 6 000 сўм, Нукус шаҳри ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда – 4 000 сўм, бошқа аҳоли пунктларида – 2 000 сўмга тенг бўлди (Президентнинг ПҚ-2099-сон Қарорига 25-илова). Улар жорий йилда ҳам сақланган (Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорига 26-илова).

 

Ишлаб чиқариш мақсадидаги асосий воситаларни таъмирлашга доир барча харажатлар «Ишлаб чиқариш тусидаги бошқа харажатлар» моддаси (Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомнинг2 1.5.1.2-банди) бўйича маҳсулот (ишлар, хизматлар)нинг ишлаб чиқариш таннархига киритилади, маъмурий аҳамиятга эга бўлган асосий воситаларнинг харажатлари эса «Маъмурий харажатлар» моддаси бўйича давр харажатларига киритилади (Харажатлар таркиби тўғрисидаги низомнинг 2.2.9-банди). Уларга сарфланган қурилиш материаллари (ромлар, эшиклар, бўёқлар, пол қопламаси ёки полни бўяш учун лок ва бошқалар), инвентарь қиймати, ижтимоий суғуртага ажратмалар (сизнинг ҳолатингизда – ижтимоий ажратмаларни ҳисобга олган ҳолда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномада назарда тутилган жисмоний шахсга тўлов суммаси) билан биргаликда таъмирлаш билан банд бўлган ходимлар иш ҳақи ва бошқа харажатларни киритиш мумкин. Шу тариқа, барча сарфланган материаллар балансдан ҳисобдан чиқарилади, уларнинг биронтасини балансдан ташқари ҳисобварақларга киритиш керак эмас. Бунинг устига, улар ҳисобини юритиш учун бирорта балансдан ташқари ҳисобварақ назарда тутилмаган. Таъмирлаш харажатлари унинг турига ва ижара шартномаси (ёки унга илова қилинадиган қўшимча битимлар) шартларига боғлиқ ҳолда тўлалигича корхонангиз харажатларига киритилиши (жорий таъмирлаш ўтказилаётганда) ёки ижарага берувчи томонидан тўлиқ (ёки қисман) қопланиши мумкин. Капитал таъмирлашда ҳам уларни ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаси бўйича жорий ижара тўловлари ҳисобига қайд этиш мумкин.

Бу ФКнинг 555-моддасидан ҳам келиб чиқади, унга кўра ижарачи амалга оширган мол-мулкнинг ажраладиган яхшиланишлари, агар мулк ижараси шартномасида бошқа нарса назарда тутилмаган бўлса, унинг мулки ҳисобланади. Ижарачи ўз маблағлари ҳисобига ва ижарага берувчининг розилиги билан ижарага олган мол-мулкни мол-мулк учун зарарсиз ажралмайдиган яхшилашлар қилган тақдирда ижарачи шартнома бекор қилинганидан кейин, агар шартномада бошқа нарса назарда тутилмаган бўлса, ушбу яхшилашлар қийматини қоплаш ҳуқуқига эгадир.

 

1МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 2-илова.

2ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон Қарори билан тасдиқланган.


Ирина АХМЕТОВА,

экспертимиз. 

Прочитано: 2956 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2017-02-18 12:17:40, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика