Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 7 / Қонунбузарликлар фош этилди

«Кўк» камар

Маълумки, амалдаги тартибларга мувофиқ, божхона чегарасини кесиб ўтаётган жисмоний шахслар, валюта назоратидан ўтказилади, яъни улар томонидан тўлдириладиган йўловчи божхона декларациясида Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий ва чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари ҳамда қимматбаҳо буюмларнинг мавжудлиги ва миқдори кўрсатилиши шартдир.

 

Афсуски, мазкур тартибларга риоя қилмасдан, нақд хорижий валюталарни ноқонуний равишда олиб чиқиб кетишга уриниш ҳоллари учраб турибди.

 

2014 йилда республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 781 та божхона қоидабузарлиги аниқланиб, натижада салкам 3,4 млрд сўм эквивалентдаги нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

 

Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари «Тошкент-Москва» йўналишидаги поезд йўловчиси, бухоролик М.А. хонимнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйишди. Аниқланишича, ушбу шахс йўловчи божхона декларациясида қайд этмасдан туриб, қўл юклари орасига 5 700 АҚШ долларини яширинча олиб чиқишга уринган экан.

«Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари ҳам нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишига оид бир нечта қонунбузарлик ҳолатларини аниқлашди. Самарқандлик Р.М.нинг Истанбулга парвози бироз кечикди: у йўловчи божхона декларациясида қайд этган 2 000 АҚШ долларидан ташқари, божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, 5 000 АҚШ долларини чўнтагига солганча, бамайлихотир чиқиб кетишга уринган экан.

«Тошкент-Франкфурт» рейси бўйича парвозга шайланган И.К. ҳам «уддабурон» чиқиб қолди. Холислар иштирокида ушбу шахс шахсий кўрикдан ўтказилганда, чарм курткасининг ички қисмига ҳамён моҳирлик билан яширилганлиги фош бўлди. Ҳамёнда йўловчи божхона декларациясида қайд қилмаган ва табиийки, яширинча олиб чиқиш учун кўзланган 5 900 евро борлиги аниқланди.

Шунингдек, божхоначилар хитойлик Ю.Хан томонидан 11 300 АҚШ долларининг қонунга хилоф равишда олиб чиқиб кетилишининг олдини олишди. «Тошкент-Урумчи» рейси бўйича парвоз олдидан ушбу хорижий фуқаронинг багажи божхона кўригидан ўтказилганда, мазкур нақд хорижий валюталар юклар орасига яшириб қўйилганлиги аён бўлди.

Қаршилик Л.Н. хоним ҳам Москвага учиш олдидан таваккалга қўл урди. Амалдаги тартибларга зид равишда нақд хорижий валюталарни олиб чиқишнинг гўёки теша тегмаган усулини қўллади: белидаги камари орасига 13 070 АҚШ долларини устомонлик билан беркитиб олди. Аммо, божхоначилар қаршисида безовталаниши, унинг «иситма»сини фош қилиб қўйди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, республикамизда резидентларга 2 000 АҚШ доллари эквивалентидаги нақд хорижий валюталарни йўловчи божхона декларациясида ёзма қайд этиш шарти билан эркин олиб чиқиб кетишга рухсат этилади. Бундан ортиқ миқдордаги нақд валюталарни олиб чиқиш учун эса ваколатли банклар ёки Марказий банкнинг ўрнатилган тартибдаги рухсатномаси талаб этилади.

Норезидентларга эса Ўзбекистонга кириб келаётганда ўзи билан олиб келган ҳамда божхонага тақдим этилган йўловчи божхона декларациясида қайд этилган миқдордаги хорижий валютани олиб чиқишга рухсат берилган.

 

Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати.

Прочитано: 2041 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика