Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 7 / Долзарб мавзу

Миллий сертификатлаштириш: гап-сўз ва мунозаралардан амалиёт сари

«Бозор усуллари бухгалтерга ҳам тааллуқлими ёки бухгалтерларни мажбурий сертификатлаштиришни кўзлаб» сарлавҳаси остида эълон қилинган мақолаСБХ»нинг 11.10.2012 йилдаги 41 (949)-сон) газетамиз саҳифаларида ва ­norma.uz сайтида қизғин баҳс-мунозара уйғотди. Шу масалага оид электрон сўровда 438 нафар одам иштирок этди. Уларнинг 82 фоизи шундай сертификат зарур эканлигини таъкидлашди.

 

Газета бошлаб берган бу масала муҳокамаси ўтган давр мобайнида профессионал ҳамжамият доираларида кенг муҳокама этилди ва у Ўзбекистонда бухгалтерларни миллий сертификатлаштиришдан ўтказиш амалиёти соҳасини ҳам ўз қамровига олди. Мустақил имтиҳонни, сертификат бериш таомили устидан назоратни ташкил этиш тартиби ҳамда мазкур институтни жорий этишнинг бошқа жиҳатлари муҳокама қилинмоқда. Бугунги кунда бухгалтерларни миллий сертификатлаштириш лозим деган бир тўхтамга қарийб якдиллик билан келинди. Бу иш жорий йилда амалга оширилса эҳтимол. Ҳозирги пайтда сертификатлаштиришни ўтказиш, таълим бериш ва имтиҳон топшириш тартибини, шунингдек берилган сертификатларнинг амал қилиш муддатини белгиловчи низом лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Унга биноан сертификатлаштиришнинг миллий тизими икки даражали бўлади. Булар «Сертификатланган амалиётчи бухгалтерлар» ва «Сертификатланган профессионал бухгалтерлар» рутбасидир.

Биринчи даражага оид тизимда «Миллий қонун ҳужжатлари бўйича бухгалтерия ҳисоби» ҳамда «Солиқ солиш» фанлари бўйича имтиҳон топшириш мўлжал қилинмоқда. Ана шу сертификатни олиш учун ўрта ёки олий маълумотли бўлиш, таълим муассасасини тамомлаганидан сўнг бухгалтерия ҳисоби, аудит, солиқ маслаҳати, молия ёки солиқ назорати соҳаларида амалий иш стажига (шу жумладан ўриндошлик асосидаги иш бўйича шундай стажга) эга бўлиш ёки охирги беш йилнинг камида бир йили мобайнида шу соҳада ўқитувчилик қилган бўлиш, бухгалтерлар ва аудиторларнинг республика профессионал жамоат бирлашмаларидан бири аъзоси бўлиш талаб этилади.

Иккинчи даража сертификатини – «Сертификатланган профессионал бухгалтер» сертификатини олиш учун «Миллий қонун ҳужжатлари бўйича бухгалтерия ҳисоби», «Солиқ солиш», «МҲХС бўйича молиявий ҳисоб», «Бошқарув ҳисоби» ва «Тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш» фанларидан имтиҳонларни муваффақиятли топшириш лозим.

Бундай сертификатга талабгор олий (иқтисодий ёки ноиқтисодий) маълумотга, олий ўқув юртини тамомлаганидан кейин тегишли соҳаларда амалий иш стажига (шу жумладан ўриндошлик асосидаги иш бўйича шундай стажга) эга бўлиши лозим. Шуниси ҳам борки, иқтисодий маълумотга эга бўлган тақдирда, кейинги ўн йилнинг камида икки йили, ноиқтисодий маълумотли бўлган тақдирда эса камида уч йили мобайнида шундай иш стажига эга бўлиши ва албатта профессионал жамоат бирлашмаси аъзоси бўлиши лозим.

Мазкур сертификатлар муддатсиз бўлади деб мўлжал қилинмоқда. Улар бухгалтерлар ва аудиторларнинг республика профессионал жамоат бирлашмалари томонидан берилади. Низомнинг лойиҳасида сертификатланган мутахассислар малакасини ҳар йили ошириб туриш зарурлиги назарда тутилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳати, миллий сертификат олишда «МҲХС бўйича молиявий ҳисоби», «Солиқ солиш», «Бошқарув ҳисоби» ва «Тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш» фанларидан CIPA дастури бўйича ёки сертификатлаштириш йўналишидаги халқаро эътироф этилган бошқа дастурлар (ACA, ACCA, CPA, CGA, CIMA ва бошқалар) бўйича тегишли фанлардан имтиҳонлар муваффақиятли топширилганлигига оид гувоҳномалар ҳам тан олинади. Биргина шарти, бу имтиҳонлар топширилганидан кейин беш йилдан ортиқ муддат ўтмаган бўлиши керак. Бухгалтерликнинг халқаро сертификатига эга бўлган талабгорлар иккинчи даражали миллий сертификат олиш учун «Миллий қонун ҳужжатлари бўйича бухгалтерия ҳисоби» фанидан имтиҳон топширишлари шарт. Аудитор ва солиқ маслаҳатчиси малака сертификатларининг соҳибларига «Сертификатланган профессионал бухгалтер» сертификатини имтиҳонларсиз олиш имконияти берилади деб мўлжал қилинмоқда.

Миллий сертификатлаштиришни ўтказиш учун имтиҳон олувчи мустақил ташкилот ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ташкилот дастлабки босқичда мамлакат пойтахтининг ўзида фаолият олиб боради ва сертификатлаштириш имтиҳонлари ўтказишга бўлган талаб-эҳтиёжга қараб, кейинчалик бошқа минтақаларни ҳам қамраб олади. Мазкур ташкилот фаолияти алоҳида низом билан тартибга солинади.

Имтиҳон топшириладиган фанлар бўйича талабгорларни ўқитиш мажбурий эмас, аммо ўқишга хоҳиши бўлганлар бухгалтерлар ва аудиторларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш учун лицензияси бўлган нодавлат таълим муассасаларида имтиҳонларга тайёргарлик кўриши мумкин.

 

Ольга КИРЬЯКОВА,

мухбиримиз.

 

Бухгалтерларни миллий сертификатлаштириш институтини жорий этиш хусусида низом лойиҳаси устида иш олиб бораётганлар ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашдилар.

 

Миновар ТЎЛАХЎЖАЕВА, Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси кенгаши раиси, иқтисод фанлари доктори, CAP соҳиби:

– Миллий сертификатлаштириш зарурлиги кўпдан буён муҳокама этиб келинади. Бундай тизим жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида мавжуд. Уларнинг аксариятида сертификатлаштириш иши ихтиёрийлик асосида ўтказилади. Баъзи мамлакатларда йирик листинг компанияларда ишловчи бухгалтерлар учун мажбурий сертификатлаштириш назарда тутилган.

Илгари Ўзбекистонда миллий сертификатлаштиришга унча талаб-эҳтиёж йўқ эди. Халқаро сертификатлаштириш тизими фаолияти яхши йўлга қўйилган ва мутахассислар учта фан – «Молия ҳисоби», «Солиқлар», «Ҳуқуқ» фанлари бўйича давлат тилида имтиҳон топшира олардилар.

CAP/CIPA йўналишида халқаро сертификатлаштириш бўйича имтиҳонлар ўтказилишига мутасаддилик қилувчи Евросиё сертификатланган бухгалтерлар ва аудиторлар кенгашида корпоратив муаммолар суд тартибида муҳокама этилганлиги муносабати билан миллий сертификатлаштиришни жорий этиш ҳозирги даврнинг қатъий талабига айланди-қўйди.

Миллий тизимни ишлаб чиқишда кўпгина ижобий жиҳатларга эга бўлган халқаро сертификатлаштириш принциплари эътиборга олинди. Баҳолашнинг холислиги ва тайёргарлик сифати билан боғлиқ принцип уларнинг энг муҳимлари сирасига киради. Мамлакатимиз тизимида ана шу принциплар сақлаб қолинди. Аммо халқаро сертификатлаштириш ишидан фарқли равишда, бизда бу иш бухгалтерия ҳисоби миллий стандартларига йўналтирилган бўлади.

Миллий сертификатлаштириш иштирокчиларининг малакасига доир талабларга ҳам ­эътибор қаратилишини истардик. Чунончи, амалий иш тажрибаси бўлишининг ўзи фаолият ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлмаган мутахассисларга сертификат олиш имконини бермайди. Айни бир вақтда, бу борадаги тўлиқ тасаввурга эга бўлиш иш стажи катта бўлган мутахассисларни сертификатлаштиришда муҳим омил бўлиб қолади.

Сертификатланган бухгалтерлар малакасини ҳар йили мажбурий тартибда ошириш миллий қонун ҳужжатларини пухта ўрганиб боришни, уларга киритилаётган ўзгартишлар ва янгиликлардан бохабар бўлиб туришни тақозо этади. Буларнинг ҳаммаси истиқболда давлат органларига тақдим этиладиган ҳисоботлар сифатига ижобий таъсир этади.

Бундан ташқари, миллий тизимнинг жорий этилиши компанияларни сертификатга эга бўлган малакали мутахассисларни излашга, ўзларида ишлаб турган ходимларни сертификат олишга, ўқиш ва малакасини оширишга ундовчи рағбат омили бўлиб қолади деб ўйлаймиз. Зотан, бу иш бухгалтерия ҳисоби сифатини ошириш ҳамда бухгалтер касби нуфузини кўтаришга хизмат қилади.

 

Нозир ИБРАГИМОВ, Ўзбекистон бухгалтерлар федерацияси бошқаруви раиси, иқтисод фанлари доктори:

– Ривожланган иқтисодиётга эга бўлган мамлакатларда бухгалтерларни сертификатлаштириш борасида кўп йиллик тажриба бор. МДҲга аъзо мамлакатлар орасида миллий сертификатлаштириш Қозоғистон, Беларусь, Тожикистон қонунларида назарда тутилган. Бухгалтерларни сертификатлаштириш ишини ташкил этишни молиялаштиришни ўтган асрнинг 90-йиллари охирларида Европа Иттифоқининг TACIS лойиҳаси бошлаб берган бўлиб, уни USAID лойиҳалари давом эттирган эди. Ана шу йўналишдаги иш натижасида Сертификатланган бухгалтерлар ва аудиторлар халқаро кенгаши таъсис этилди ва кейинчалик унинг номини Евросиё кенгаши деб ўзгартирдилар. Ҳозирги вақтда ана шу CAP/CIPA халқаро сертификатлаштириш ташкилоти МДҲга аъзо 11 мамлакатда фаолият кўрсатиб келмоқда.

Ўзбекистонда режалаштирилаётган бухгалтерларни ихтиёрий асосда сертификатлаштириш мазкур касбдагилар ўз устида тинмай иш олиб боришини, уларнинг профессионал билим ва кўникмалари ошиб боришини, бухгалтерларнинг профессионал ҳамжамият фаолиятига қамраб олинишини назарда тутади. Сертификат шунингдек иш берувчилар, меҳнат бозори учун билим ва кўникмалар даражаси гувоҳномаси бўлиб қолади.

Ҳозирги вақтда, бухгалтерларни миллий сертификатлаштириш зарурати масаласи етилди. Бу иш мутахассислар бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботга оид миллий талабларни чуқур ўрганиш дастурларидан кенг баҳраманд бўлишини таъминлайди, барча фанлар бўйича уларга ўзбек ва рус тилларида ўқиб ўрганиш ва имтиҳон топшириш имкониятини беради. Бухгалтерларни миллий сертификатлаштириш жорий йилнинг ўзидаёқ реал веқеликка айланади деб умид қиламиз.

Прочитано: 3495 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика