ЯСТ тўловчиси бўлган ташкилот (ХХТУТ бўйича коди – 61110) қурилиш-монтаж ва мукаммал таъмирлаш ишларини бажаради. Ўтган йил августида биз янги импорт ускунаси – стрелали кран ва мачтали юккўтаргич харид қилдик ва фойдаланишга киритдик.
Янги импорт ускунасини харид қилган ва фойдаланишга киритган қурилиш ташкилоти ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базани 25%га камайтиришга доир имтиёздан фойдалана оладими?
Р.Расулов,
қурилиш фирмаси бухгалтери.
– Солиқ кодексининг 356-моддасига мувофиқ ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база, солиқ тўловчи ўз фаолиятида фойдаланиш учун (сотиш учун эмас) харид қилган технологик асбоб-ускуналар бўйича, харид қилиш манбаи (ўзининг ёки қарз маблағлари, шу жумладан лизинг) ва фаолият туридан қатъи назар, камайтирилади.
Ушбу имтиёзни қўллашни Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтириш, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бинолар ва иншоотларни реконструкция қилишни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисида низом1 тартибга солади. Унга кўра чиқарилган санадан бошлаб 3 йилдан ошмаган технологик жиҳоз янги технологик жиҳоз ҳисобланади. Асосий воситаларни ЯСТ бўйича имтиёзни қўллаш учун технологик жиҳозларга киритиш мумкин бўлган бошқа аниқлаштирувчи таърифлар ёки мезонлар амалдаги меъёрий ҳужжатлар билан белгиланмаган.
Жиҳозни технологик жиҳозларга киритишда одатда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатига2 (бундан кейин – Рўйхат) амал қилинади. Унга, хусусан, кўтариш кранлари (ТИФ ТН коди – 8426...) ва юккўтаргичлар (ТИФ ТН коди – 8425...) киради.
Агар сизнинг ускунангиз ушбу Рўйхатга киритилган ва у чиқарилган кундан бошлаб 3 йилдан кўп вақт ўтмаганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлса, сиз ЯСТ бўйича имтиёзни қўллашингиз мумкин. Шуни эътиборда тутиш лозимки, Рўйхат импорт божхона божи ва ҚҚС бўйича имтиёзларни қўллаш мақсадида келтирилган. Уларни тўлашдан 8 тоннадан кўп юк кўтара оладиган кўтариш кранлари озод қилинган. Бироқ бундай техникани Рўйхатга киритиш далилининг ўзиёқ сизга барча кўтариш кранларини (шу жумладан 8 тоннадан кам юк кўтарадиганларини ҳам) ЯСТ бўйича имтиёзни ҳисоблаш чоғида технологик жиҳозларга киритиш ҳуқуқини беради.
Солиқ солинадиган база жиҳоз фойдаланишга топширилган жорий солиқ давридан бошлаб камайтирилади. Бироқ чегириладиган сумма ҳар бир солиқ даврида солиқ солинадиган базанинг 25%идан ошмаслиги керак. Яъни у қайси даврдаги ойда харид қилинганидан, асосийси – фойдаланишга топширилганидан қатъи назар, бутун солиқ даври учун ҳисобланган солиқ солинадиган база камайтирилади. Агар янги жорий этиладиган жиҳознинг қиймати давр солиқ солинадиган базасининг 25%идан ошса, қолган сумма кейинги солиқ даврларида, назарда тутилган чекловларни ҳисобга олган ҳолда белгиланган муддат (5 йил) доирасида чегирилиши мумкин.
Янги технологик асбоб-ускуналар олишга йўналтирилган маблағлар суммаси ҳисоб-китоби Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобига3 5-иловада акс эттирилади. Унда белгиланган солиқ солинадиган базани камайтириш суммаси Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобига 4-илованинг 050-сатрига кўчирилади.
МИСОЛ. Ишлаб чиқариш корхонаси февралда қиймати 43 600 минг сўм бўлган жиҳоз харид қилди, мартда уни фойдаланишга киритди. Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китоби ва камайтириш суммаси учун солиқ солинадиган база жадвалда кўрсатилган.
(минг сўм)
Ҳисобот даври
|
ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база
|
Ҳисобот даври учун камайтириш суммаси (солиқ солинадиган базанинг 25%и)
|
I чорак
|
11 600
|
2 900
|
II ярим йиллик
|
28 100
|
7 025
|
9 ой
|
59 600
|
14 900
|
йил
|
78 900
|
19 725
|
Келтирилган маълумотларга кўра корхона йил учун солиқ солинадиган базани фақат 19 725 минг сўмга камайтириши мумкин, қолган 23 875 минг сўм (43 600 – 19 725) солиқ солинадиган базани кейинги солиқ даврларида (4 йилдан кўп бўлмаган даврда) камайтиради.
Шуни эслатиш лозимки, янги технологик жиҳоз харид қилинган (импорт қилинган) пайтдан эътиборан 3 йил ичида реализация қилинган ёки текинга берилган тақдирда, ЯСТ бўйича имтиёзнинг амал қилиши бекор қилинади, уни тўлаш мажбуриятлари эса тикланади.
1МВ, ИВ, ДСҚ ва ДБҚнинг АВ томонидан 11.06.2007 йилда 1688-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2ИВ, МВ, ТИАИСВ ва ДБҚнинг АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
3МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 13-илова.
Лилия ХИСМАТОВА,
экспертимиз.