Корхонамизда корпоратив карточкадан фойдаланиб келинмоқда. Биз ушбу карточка орқали якка тартибдаги тадбиркорлардан бозорда хўжалик эҳтиёжлари учун турли материаллар, жумладан, кир ювувчи воситалар, кирсовун, супурги, челак ва ҳоказоларни харид қилишни бошладик.
Ушбу харид қилинган материаллар учун юкхат олмаймиз, бунда қандай бирламчи ҳужжатлар юритилиши керак? Келгусида ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаймизми?
Ушбу карта орқали яна қандай тўловларни амалга ошириш мумкин ва бунда ҳисоб қандай юритилади?
Бaҳодир Қамбаров, МЧЖ раҳбари.
Жиззах вилояти.
– Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – 1470-сон Низом) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланилган ҳолда товарлар ва хизматлар учун ҳисоб-китобларни ўтказиш тартиби белгиланган.
Хусусан, корпоратив банк карталарининг сақловчилари савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида миллий валютадаги корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган) кўзда тутилган харажатларни тўлаш учун нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишлари мумкин.
Корпоратив банк картаси воситасида бошқа харажатлар учун тўловлар амалга оширилганда ҳисобот ҳужжатлари сифатида терминаллар квитанцияларининг асл нусхалари, унга илова қилинган тегишли савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича тўловни терминал орқали қабул қилган хизматчининг имзоси ва “тўланди” муҳри қўйилган счётлар ва квитанциялар хизмат қилади.
Эслатиб ўтмоқчимизки, корпоратив банк картасига унинг сақловчига тўланадиган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ва дивидендларни ўтказишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, корпоратив банк карталари воситасида нақд пул берилишига йўл қўйилмайди.
Шуни билингки, товар-моддий бойликлар якка тартибдаги тадбиркорлардан ҳақи корпоратив карта бўйича тўланган ҳолда сотиб олинганда, агар терминал чекида харид қилинган ТМБларнинг номи ва сони кўрсатилмаса, уларни кирим қилиш товар-моддий бойликларни харид қилиш далолатномаси (харид далолатномаси) бўйича расмийлаштирилади.
Далолатнома корхона раҳбари тайинлаган комиссия томонидан тузилади, у раис ва ходимлар жумласидан бўлган бир нечта аъзодан иборат бўлади. Далолатномада товарларнинг номи, уларнинг ўлчов бирликлари, сони, нархи ва ТМБ харидига сарфланган умумий сумма кўрсатилади. Мазкур сумма комиссиянинг қарорига асосан ТМБ хариди учун масъул бўлган корпоратив карта сақловчисининг ҳисоботидан ҳисобдан чиқарилади. Далолатномага комиссиянинг барча аъзолари имзо чекадилар ва у корхона раҳбари томонидан тасдиқланади.
Шунингдек, корпоратив банк карталаридан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз шаклда тўлаш учун сарф қилинаётган пул маблағлари корпоратив банк картасининг сақловчисига ҳисобдорлик шарти билан бериладиган, қатъий тарзда белгиланган мақсадларга ишлатиладиган маблағлар бўлиб ҳисобланади.
Ҳисобдор шахс (корпоратив картанинг сақловчиси) уни ҳисобдорликка олган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмаган ҳолда корпоратив карта воситасида ишлатилган суммалар тўғрисида ҳисобот тақдим этиши шарт (1470-сон Низомнинг 7-банди).
Ҳисобот ва харид далолатномасига терминалларнинг якка тартибдаги тадбиркорлардан олинган ТМБ учун ҳақ тўланганлигини тасдиқлайдиган чекларининг асл нусхалари илова қилинади.
Корпоратив карта орқали амалга оширилган операцияларнинг қонунийлиги учун жавобгарлик карта ҳисобварағини очган юридик шахс зиммасида бўлади.
Жавобни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ
тайёрлади.