Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 41 / Солиқ тўловчига ёрдам

2013 йил учинчи чораги учун ягона солиқ тўловини ҳисоб-китоб қилишга доир тавсиялар

“Норма маслаҳатчи”нинг 9.04.2013 йилдаги 14 (403)-сонида ва “СБХ”нинг 9.07.2013 йилдаги 27 (987)-сонида турли фаолият соҳаларидаги корхоналар жорий йилнинг тегишинча I ва II чораклари учун ягона солиқ тўловини ҳисоб-китоб қилишларига доир тавсиялар чоп этилган эди. “Norma Ekspert” мутахассислари аниқ вазиятларда солиқ тўлашдан қисман озод этиш, солиқ солинадиган базани камайтириш, солиқ ставкасини пасайтириш тарзидаги имтиёзлар мавжуд бўлганда ЯСТни, ЯСТнинг энг кам миқдорини, тўланиши керак бўлган ЯСТ суммасини ҳисоб-китоб қилиш тартибини тушунтирдилар. Ҳар бир вазият ЯСТ ҳисоб-китоби ва унга иловалар, шунингдек энг кам миқдор маълумотнома-ҳисоб-китобини тўлдириш бўйича тавсиялар билан ёритилган.

Бугун экспертларнинг III чорак учун ЯСТ ҳисоб-китоби ва ҳисоботни тўлдириш бўйича тавсиялари чоп этилмоқда. Аввалги вазиятларнинг ўзи асос сифатида қабул қилинди.

 

 

Ягона солиқ тўлови солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Ягона солиқ тўловининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.

Ягона солиқ тўлови қуйидагича тўланади:

микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан - ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай;

микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган солиқ тўловчилар томонидан - ҳар ойда, ке­йинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса - йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатдан кечиктирмай.

Солиқ кодекси, 360-модда.

 

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда айрим турдаги солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқаришда уларнинг тўланиши лозим бўлган энг кам миқдори белгиланади.

Солиқ кодекси, 28-модданинг тўртинчи қисми.

 

ЯСТ ҳисоб-китобига доир тавсиялар “Norma Ekspert” мутахассисларининг эксклюзив ишланмаси саналади. Уларни ОАВларда, шу жумладан электрон ОАВларда қайта босишга “Norma” газеталари бирлашган таҳририяти” МЧЖ ва “Norma Ekspert” ХКнинг ёзма рухсатномаси билангина йўл қўйилади.

 

*Тавсиялар “Практическое налогообложение” (“Амалий солиқ солиш”), “Практическая бухгалтерия” («Амалий бухгалтерия»), “Малое предприятие: учет, налоги, право” (“Кичик корхона: ҳисоб, солиқлар, ҳуқуқ”) электрон маълумотнома тизимлари материаллари асосида тайёрланди.

 

Корхоналар эътиборига...

... ишлаб чиқариш корхоналари

Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материалларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури иштирокчиси бўлган корхоналар (кейинги ўринларда  Маҳаллийлаштириш дастури деб юритилади) маҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича ишлаб чиқарилган маҳсулот қисмида 2014 йил 1 январга қадар ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 26.06.2013 йилдаги 183-сон ва 28.08.2013 йилдаги 237-сон қарорлари билан 2013 йилги Маҳаллийлаштириш дастурига тузатишлар киритилди. 

Ягона солиқ тўлови бўйича имтиёзни қўллаш ҳуқуқи билан Дастурга қуйидагилар киритилди:

2013 йил 1 июлдан – ВМнинг 26.06.2013 йилдаги 183-сон қарорига 1-иловада кўрсатилган корхоналар;

 2013 йил 1 сентябрдан – ВМнинг 28.08.2013 йилдаги 237-сон қарорига 1-иловада кўрсатилган корхоналар.

ВМнинг 26.06.2013 йилдаги 183-сон ва 28.08.2013 йилдаги 237-сон қарорларига 2-иловада рўйхати келтирилган айрим лойиҳалар Маҳаллийлаштириш дастуридан чиқарилди. Улар Дастурдан чиқариш санасидан бошлаб ягона солиқ тўлови бўйича имтиёздан (божхона тўловлари бўйича имтиёздан ҳам) маҳрум этилдилар.

 

... чакана савдо корхоналари

2013 йилда йил бошига белгиланган энг кам иш ҳақи миқдори - 79 590 сўмдан келиб чиқиб қатъий белгиланган солиқ ставкалари белгиланади. ЭКИҲнинг оширилиши (2013 йил 15 августдан – 91 530 сўм) ЯСТнинг энг кам миқдорига таъсир қилмайди. Масалан, Тошкент шаҳридаги ноозиқ-овқат товарлари дўкони бўйича ЯСТнинг энг кам миқдори жорий йилнинг ҳар бир ойи учун 795 900 сўмга тенг (10 ЭКИҲ).

 

● ... чакана савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари

Ҳисоб-китобларга, шу жумладан нақд чет эл валютасидаги ҳисоб-китобларга доир ҳуқуқбузарликларни аниқлаш  мақсадида солиқ органлари назорат харидини ўтказадилар. Назорат хариди қисқа муддатли текшириш доирасида Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши ёки унинг тегишли ҳудудий комиссиялари рухсати асосида амалга оширилади. Назорат хариди ўтказилиб, тўлиқ ҳисоб-китоб қилингандан сўнг, солиқ органларининг ходимлари ўз хизмат гувоҳномалари ва текширишларни ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳномаларини кўрсатишлари керак.

Назорат харидини ўтказиш ва унинг натижаларини расмийлаштириш таомили Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ўтказиладиган солиқ текширувларида назорат харидини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда1 тушунтирилган.

 

1-вазият.

Иккита савдо шохобчасига ва кафега эга бўлган чакана савдо корхонаси учун ЯСТ ҳисоб-китоби. тушумнинг бир қисми пластик карталар қўлланиб олинган

Кичик корхона иккита савдо шохобчасига эга: Тошкентда озиқ-овқат дўкони (солиқ ҳисобига олинган жойда) ва Чирчиқда қурилиш материаллари дўкони.

Ярим йиллик якунларига кўра товарларни реализация қилишдан тушум 326 400 минг сўмни ташкил этди, шундан:

Тошкентдаги дўконда - 206 200 минг сўм, шу жумладан 104 850 минг сўм пластик карталар қўлланиб тўланган;

Чирчиқдаги дўконда - 120 200 минг сўм, шу жумладан 44 750 минг сўм пластик карталар қўлланиб тўланган.

Бундан ташқари, 1 669 минг сўм миқдорида бошқа даромадлар мавжуд.

Ярим йиллик учун бюджетга 10 209,86 минг сўм миқдорида ЯСТ тўланган, қўшимча ҳисоблаш бўлмаган.

III чоракда товарларни реализация қилишдан тушум 126 200 минг сўмни ташкил этди, шу жумладан:

Тошкентдаги дўконда – 86 000 минг сўм, шу жумладан 44 400 минг сўм пластик карталар қўлланиб тўланган;

Чирчиқдаги дўконда - 40 200 минг сўм, шу жумладан 36 800 минг сўм пластик карталар қўлланиб тўланган.

Августда корхона кафе очди. Август–сентябрь ойлари учун кафе бўйича тушум 10 500 минг сўмни ташкил этди, шундан 2 400 минг сўм пластик карталар қўлланиб тўланган.

 

III чорак учун ЯСТ ҳисоб-китобида қуйидагиларни ҳисобга олиш лозим:

умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият (кулинария маҳсулотларини, шунингдек бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш, реализация қилиш ва истеъмолини ташкил қилиш) алоҳида фаолият тури ҳисобланади. Умумий овқатланиш фао­лияти бўйича ҳам ЯСТ тўланади, бироқ умумий овқатланиш шохобчаси жойлашган жойидан қатъи назар 10%лик ставка қўлланади (Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарорига 9-2-илова). 8%лик ЯСТ ставкаси умумий таълим мактаблари, мактаб-интернатлар, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий ўқув юртларига хизмат кўрсатувчи ихтисослашган умумий овқатланиш корхоналари учун белгиланган;

чакана савдо корхоналари учун ЯСТ ставкалари савдо шохобчалари жойлашган жойига қараб табақалаштирилган: Тошкент шаҳрида - 4%, Чирчиқ шаҳрида - 2%;

пластик карталарни қўллаб олинган тушумдан ЯСТ амалдагидан 10%га пасайтирилган ставкада ҳисобланади. Пасайтирилган ставка кафеда терминал орқали олинган тушумга ҳам қўлланилади.

 

Диққат! Мисолларда ҳисоб-китоб минг сўмда кўрсатилган. ЯСТ бўйича ҳисоботда барча кўрсаткичлар яхлит сонлар билан сўмда кўрсатилади.

 

Мазкур ҳолатда ЯСТнинг пасайтирилган ставкалари қуйидагиларни ташкил қилади:

Тошкент шаҳридаги дўкон бўйича – 3,6% (4 - 4 х 10%);

Чирчиқ шаҳридаги дўкон бўйича – 1,8% (2 - 2 х 10%);

кафе бўйича – 9% (10 - 10 х 10%);

кўп тармоқли корхоналарда ЯСТ бўйича база (қатъий белгиланган солиқ ёки ер солиғининг 3 баравари) ҳисобот чораги якунларига кўра (ортиб бормайдиган якун билан) асосий фаолият турига боғлиқ. Агар асосий фаолият тури якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан реализация қилиниши учун рухсат этилган товарлар билан чакана савдо қилиш бўлса, энг кам миқдор шунга ўхшаш фаолият тури учун қатъий белгиланган солиқ ставкасидан келиб чиқиб аниқланади. Бунда иккита савдо шохобчасига ва кафега эга бўлган корхона қуйидагиларни аниқлайди:

савдо шохобчалари жойлашган жой учун белгиланган қатъий белгиланган солиқ ставкаларини қўшиш йўли билан ЯСТнинг энг кам миқдорини;

кафе бўйича тушумни ҳисобга олган ҳолда бутун корхона бўйича солиқ солинадиган ялпи тушум ва ЯСТ бўйича имтиёзларни (шу жумладан пластик карталар қўлланилиши сабабли ставкани пасайтириш тарзидаги) қўлламаган ҳолда белгиланган ставкалардан келиб чиқиб ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммасини. Мазкур ҳолатда солиқ солинадиган ялпи тушум ҳисобот даври ва ундан олдинги ҳисобот даврлари учун ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатрлари кўрсаткичлари ўртасидаги фарқ сифатида, яъни ўсиб бормайдиган якун билан ҳисобланади.

 

ЯСТ бўйича ҳисобот2 тўлдирилаётганда қуйи­дагиларни ҳисобга олиш лозим:

Агар чакана савдо асосий фаолият тури ҳисобланса, мустақил юридик шахслар ҳисобланмайдиган ва ЯСТнинг ҳар хил ставкалари белгиланган турли аҳоли пунктларида жойлашган бир нечта савдо шохобчаси мавжуд бўлганда тушум ҳар бир шохобча бўйича алоҳида 11, 12, 13 ва ҳ.к. рақамлар билан ифодаланадиган (улар асосий рақам белгисининг устида жойлаштирилади) қўшимча устунларда кўрсатилади. Бунда бошқа даромадлар солиқ бўйича ҳисобга олинган жойдаги савдо шохобчасига тааллуқли бўлади;

бошқа фаолият турлари бўйича кўрсаткичлар (бизнинг вазиятда – умумий овқатланиш) алоҳида ажратиб кўрсатилади;

қатъий белгиланган солиқни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўловчиси ЯСТ ҳисоб-китобига Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга3 (кейинги ўринларда 2449-сон Низом деб юритилади) 1-иловага мувофиқ шаклдаги Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловининг маълумотнома-ҳисоб-китобини илова қилади. ЯСТнинг ва (ёки) қатъий белгиланган солиқнинг ҳар хил ставкалари белгиланган савдо шохобчалари бўйича кўрсаткичлар учун ЯСТ ҳисоб-китобига ўхшаш ҳолда қўшимча устунлар (11, 12, 13 ва ҳ.к.) киритилади ҳамда умумий овқатланиш бўйича тушум ва ЯСТ ставкаси алоҳида кўрсатилади.

          

III чорак учун ЯСТ ҳисоб-китоби ўсиб борувчи якун билан қуйидаги тартибда амалга оширилади.

Бутун корхона бўйича товарларни реализация қилишдан соф тушум - 463 100 минг сўм (326 400 + 126 200 + 10 500) Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобининг (кейинги ўринларда Ҳисоб-китоб деб юритилади) 010-сатрида “Жами” устунида кўрсатилади.

Корхонанинг асосий фаолият тури чакана савдо, унинг жойлашган жойига қараб ЯСТнинг турли ставкалари белгиланган иккита савдо шохобчаси мавжуд. Шу сабабли Ҳисоб-китобнинг асосий фаолият тури кўрсаткичлари учун мўлжалланган устунида асосий рақам белгиси устига 11, 12 қўйилади. 11-устунда солиқ бўйича ҳисобга қўйилган жойда (Тошкентда) жойлашган дўкон бўйича тушум - 292 200 минг сўмни (206 200 + 86 000) кўрсатамиз,
12-устунда эса Чирчиқдаги дўкон бўйича тушум - 160 400 минг сўм (120 200 + 40 200) кўрсатилади.

010-сатрда алоҳида устунда умумий овқатланишдан тушум – 10 500 минг сўм кўрсатилади.

Чакана савдодан тушум улуши 98%ни (452 600 / 463 100), умумий овқатланишдан - 2%ни (10 500 / 463 100) ташкил қилади. Ушбу кўрсаткичларни Ҳисоб-китобнинг 020-сатрида кўрсатамиз.

Бошқа даромадлар (Ҳисоб-китобга 2-илованинг 010-сатри) - 1 669 минг сўм Ҳисоб-китобнинг 030-сатрида Тошкент шаҳридаги дўкон кўрсаткичлари учун ажратилган устунда (11) кўрсатилади.

Солиқ солинадиган ялпи тушум (Ҳисоб-китобнинг 040-сатри) соф тушум ва бошқа даромадларни қўшиш йўли билан аниқланади. У 464 769 минг сўмни (463 100 + 1 669) ташкил этади. Шу сумманинг ўзи Ҳисоб-китобнинг 060-сатри “Жами” устунида солиқ солинадиган база сифатида кўрсатилади ҳамда кейинчалик иккита савдо шохобчаси ва умумий овқатланиш бўйича тақсимланади:

Тошкент шаҳридаги дўкон бўйича (бошқа даромадларни ҳисобга олганда) – 293 869 минг сўм  (292 200 +
1 669);

Чирчиқ шаҳридаги дўкон бўйича - 160 400 минг сўм;

 умумий овқатланиш бўйича – 10 500 минг сўм.

Ҳисоб-китобнинг 0601 ва 0602-сатрлари тегишли устунларида пасайтирилган ва умумбелгиланган ставкаларда ЯСТ солинадиган тушум ажратиб кўрсатилади:

Тошкентдаги дўкон бўйича 149 250 минг сўмга (104 850 + 44 400) 3,6%лик ставкада, 144 619 минг сўмга (293 869 - 149 250) 4%лик ставкада солиқ солинади;

Чирчиқдаги дўкон бўйича 81 550 минг сўмга (44 750 + 36 800) 1,8%лик ставкада, 78 850 минг сўмга (160 400 - 81 550) 2%лик ставкада солиқ солинади;

кафе бўйича  2 400 минг сўмга 9%лик ставкада, 8 100 минг сўмга (10 500 - 2 400) 10%лик ставкада солиқ солинади.

Белгиланган ва тузатилган ЯСТ ставкалари Ҳисоб-китобнинг тегишинча 070 ва 0802-сатрларида кўрсатилади.

Сўнгра ягона солиқ тўлови суммаси аниқланади:

пластик карталар қўлланиб товарлар реализация қилинишидан тушумдан –

149 250 х 3,6% + 81 550 х 1,8% + 2 400 х 9% = 7 056,9 минг сўм (Ҳисоб-китобнинг 0901-сатри);

белгиланган ставкаларда солиқ солинадиган тушумдан –

149 619 х 4% + 78 850 х 2% + 8 100 х 10% = 8 171,76 минг сўм (Ҳисоб-китобнинг 0902-сатри);

9 ой учун ҳисоб-китоб қилинганда (умуман корхона бўйича):

7 056,9 + 8 171,76 = 15 228,66 минг сўм (Ҳисоб-китобнинг 090, 120 ва 130-сатрлари).

ЯСТнинг энг кам миқдори ва ҳисоб-китоб суммаси III чорак учун ўсиб бормайдиган якун билан аниқланади. Агар ҳисоб-китоб суммаси энг кам миқдордан кам бўлса, улар ўртасидаги фарқ (қўшимча ҳисобланган ЯСТ) бюджетга ўтказилади. Акс ҳолда бюджетга Ҳисоб-китобга кўра ҳисобланган сумма тўланади.

ЯСТнинг энг кам миқдори ва унинг ҳисоб-китоб суммаси ҳисоби Маълумотнома-ҳисоб-китобда (2449-сон Низомга 1-илова) келтирилади. ЯСТнинг энг кам миқдори умуман корхона бўйича турғун шохобча жойлашган жойдаги якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган қатъий белгиланган солиқ ставкаларини қўшиш йўли билан ҳисобланади. Тошкентда қатъий белгиланган солиқнинг ставкаси ойига ЭКИҲнинг 9 бараварини, Чирчиқда ойига ЭКИҲнинг 6,5 бараварини ташкил этади. Тегишинча, III чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори 3 700,935 минг сўмга [(9 + 6,5) х 79 590 х 3] тенг.

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси солиқ солинадиган ялпи тушум ва белгиланган ставкалардан (4 ва 2% – савдо бўйича, 10% – умумий овқатланиш бўйича) келиб чиқиб ҳисобланади. III чоракдаги ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммасини аниқлаш учун солиқ солинадиган ялпи тушум ҳисобот даври ва II чорак учун ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатрлари маълумотлари ўртасидаги фарқ сифатида ҳисобланади.

III чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси:

(293 869 – 207 869) х 4% + (160 400 – 120 200) х 2% + 10 500 х 10% = 5 294 минг сўмни ташкил қилади.

Ҳисоб-китоб суммаси ЯСТнинг энг кам миқдоридан кўп, шу боис қўшимча ҳисоблаш амалга оширилмайди. Тегишинча, 9 ой якунлари бўйича бюджетга тўланиши лозим бўлган ЯСТ суммаси 15 228,66 минг сўмга тенг (Ҳисоб-китобнинг 130-сатри).

Бюджетга 5 018,8 минг сўм ўтказилади (15 228,66 – 10 209,86).

 

1ДСҚнинг АВ томонидан 28.06.2013 йилда 2475-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган. 2013 йил 1 июлдан кучга кирган.

2МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 13-илова.

3МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

 

 

2-вазият.

Улгуржи савдо билан шуғулланувчи ва кўчмас мулкни ижарага берувчи корхона учун ЯСТ ҳисоб-китоби

Кичик корхона Тошкентда улгуржи савдо билан шуғулланади (аввалги йил якунларига кўра асосий фаолият тури) ва майдони 900 кв.метрлик бўш омборхоналарни бошқа улгуржи савдо корхонасига товарларни сақлаш учун ижарага берилди.

Дастлаб тарафларнинг келишувига кўра ижара ҳақи ойига 700 минг сўм этиб белгиланган эди. 1 апрелдан бошлаб ижара ҳақи 1 000 минг сўмгача кўтарилди, шартнома муддати 2014 йил 1 январга қадар узайтирилди.

Ярим йиллик якуни бўйича корхона ялпи тушуми 30 860 минг сўмни ташкил қилди, шу жумладан:

25 760 минг сўм - улгуржи савдодан;

5 100 минг сўм - ижара ҳақи.

Бюджетга 2 236,53 минг сўм ЯСТ тўланди, шу жумладан ЯСТнинг энг кам миқдоригача қўшимча ҳисобланган сумма 693,529 минг сўм.

III чоракда улгуржи савдодан тушум 41 400 минг сўмни, мол-мулкни ижарага беришдан даромад 3 000 минг сўмни ташкил қилди.

Бундан ташқари, август ойида корхона ўзининг 2 000 минг сўмлик товарлари бир қисмини (канцелярия анжомларини) ҳадя шартномаси бўйича умумтаълим мактабига текинга берди.

Чорак мобайнида бюджетга умумий суммаси 1 980 минг сўм бўлган ЯСТ бўйича бўнак тўловлари ўтказилди.

Жорий йилнинг ҳар бир чораги учун ЯСТнинг энг кам миқдори 324,285 минг сўмни ташкил қилди.

 

ЯСТни ҳисоб-китоб қилишда қуйидагилар инобатга олинади:

Солиқ кодекси (СК) 22-моддасининг таърифига кўра товарларни беғараз бериш реализация деб эътироф этилади. Умумий тартибда беғараз берилган товарлардан тушум уларнинг сотиб олиш нархидан келиб чиқиб аниқланади, ЯСТни ҳисоблашда корхона ялпи тушумига қўшилади (беғараз беришдан зарарлар Ҳисоб-китобнинг 025-сатрида кўрсатилади). Аммо СКнинг 355-моддасига мувофиқ мазкур норма экология, соғломлаштириш ҳамда хайрия жамғармаларига, маданият, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт, таълим муассасаларига текинга бериладиган товарларга татбиқ этилмайди. Бизнинг вазиятда товарлар таълим муассасасига берилиши боис­ ялпи тушумда улар ҳисобга олинмайди ва ЯСТ бўйича ҳисоботда кўрсатилмайди;

мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга солиқ солиш мол-мулкни ижарага бериш ҳисобот даври якунлари бўйича (ўсиб борувчи якун билан) корхонанинг асосий фаолият тури ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигига боғлиқ. Агар реализациянинг умумий ҳажмида ижарадан тушум улуши устунлик қилса (яъни мол-мулкни ижарага бериш асосий фаолият тури ҳисобланса), унга 6%лик ставкада ЯСТ солинади (реализациянинг умумий ҳажмида савдо шохобчаларини ижарага беришдан даромадлар 60%дан ортиқни ташкил этса, ЯСТ ставкаси 30%га тенг). Агар устунлик қилмаса, ижарадан даромадлар СКнинг 132-моддасига биноан бошқа даромадларга киритилиб, уларга асосий фаолият тури ставкасида солиқ солинади. Бундан ташқари, 2013 йилда кўчмас мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадларга шартномада белгиланган ижара ҳақи суммасидан келиб чиқиб солиқ солинади, бироқ у ҳокимнинг 30.12.2012 йилдаги 1052-сон қарори билан белгиланган Тошкент шаҳрида давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақининг энг кам ставкаларидан (“Норма” газетасининг 15.01.2013 йилдаги 2 (391)-сонида эълон қилинган) келиб чиқиб ҳисобланганидан кам бўлмаслиги керак. Бундай тартиб бошқа даромадлар ҳисобланган ижарадан олинган даромадларга, шунингдек асосий фаолият туридан олинган даромадларга нисбатан амал қилади.

Агар шартномада белгиланган ижара ҳақи суммаси энг кам ставкалар асосида ҳисобланган суммадан кам бўлса, ЯСТ энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилиниши керак (МВ ва ДСҚнинг 26.01.2012 йилдаги ММ/04-01-32-14/87 ва 13/1-954-сон тушунтириш хати).

Ҳисобот шаклларида ЯСТ ҳисоб-китобига алоҳида 1-илова назарда тутилган, унда ҳар бир ижара объектининг энг кам ставкалар бўйича ижара ҳақининг шарт­номада белгиланганидан ошган суммаси ҳисоб-китоби кўрсатилади. Агар ЯСТ ҳисоб-китобига 1-иловадаги ҳисоб-китобга кўра ошиш аниқланса (060-сатр), ижарадан олган даромадини корхона:

у реализациянинг умумий ҳажмида устунлик қилса, ошиш суммасини Ҳисоб-китобнинг 026-сатрига кўчиради;

бошқа даромадларга кирса, ушбу суммани Ҳисоб-китобга 2-илованинг 035-сатрида кўрсатади.

 

9 ой якунлари бўйича асосий фаолият тури улгуржи савдо ҳисобланади, шу сабабли СК 132-моддасининг 2-бандига мувофиқ бошқа даромадлар ҳисобланган ижарага беришдан даромадларга 5%лик ставкада солиқ солинади.

Энг кам ижара ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланган ижара ҳақи суммасининг шартномада белгиланган ижара ҳақи суммасидан ошган қисмини аниқлаш учун мўлжалланган Ҳисоб-китобнинг 1-иловасида қуйидагилар кўрсатилади:

011-сатрда – ижарага берилган хоналарнинг умумий майдони (900 кв.метр), ижарага олинган хонадаги ижарачининг фаолият тури (улгуржи савдо) ва объект жойлашган жой (Тошкент шаҳри);

021-сатрда - 1 кв.метр учун бир йилги ижара ҳақининг энг кам ставкаси – 10 000 сўм;

031-сатрда - бир йил ҳисобидаги шартномада белгиланган ижара ҳақи суммаси. Сатр кўрсаткичини бир йил ҳисобида (узайтиришни ҳисобга олганда ижара муддати бир йилни ташкил қилади) II чоракдан бошлаб ижара ҳақининг ошишини ҳисобга олган ҳолда аниқлаймиз - 11 100 минг сўм (700 х 3 + 1 000 х 9);

041-сатрда - энг кам ставкаларда ҳисобланган бир йиллик ижара ҳақи суммаси. Ушбу сатр кўрсаткичи майдонни (011-сатр) энг кам ставкага (021-сатр) кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бизнинг мисолда у 9 000 минг сўмга тенг (900 кв.метр х 10);

051-сатрда - энг кам ставкаларда ҳисобланган сумманинг бир йил ҳисобидаги шартномада белгиланган ижара ҳақидан ошиши (041-сатр - 031-сатр). 041-сатр кўрсаткичи 031-сатр кўрсаткичидан кам, яъни шартнома бўйича ижара ҳақи кўпроқ, шу боис ЯСТ шартномадаги ижара ҳақи суммасидан ҳисобланади, 051 ва ҳ.к. сатрларга эса “0” қўйилади;

061 ва 060-сатрларда - энг кам ставкаларда ҳисобланган сумманинг ҳисобот даври учун ҳисоб-китобда шартномада белгиланган ижара ҳақидан ошиши. Келтирилган мисолда ошиш мавжуд эмас. Тегишинча, III чоракда Ҳисоб-китобга 1-илованинг 060-сатри якуний натижаси ва 2-илованинг 035-сатри кўрсаткичи нолга тенг.

 

III чорак учун ЯСТ ҳисоб-китоби қуйидаги тартибда қилинади:

асосий фаолият туридан соф тушум (Ҳисоб-китобнинг 010-сатри) - улгуржи савдодан - 67 160 минг сўм (25 760 + 41 400);

мол-мулкни ижарага беришдан олинган бошқа даромадлар (Ҳисоб-китобнинг 030-сатри) – 8 100 минг сўм (2 100 + 6 000).

Солиқ солинадиган ялпи тушум (Ҳисоб-китобнинг 040-сатри) ва солиқ солинадиган база (Ҳисоб-китобнинг 060-сатри) 75 260 минг сўмга тенг (67 160 + 8 100).

ЯСТ суммаси - 3 763 минг сўм (75 260 х 5%) Ҳисоб-китобнинг 090 ва 0902-сатрларида кўрсатилади ҳамда 120 ва 130-сатрларга кўчирилади.

Бюджетга тўланадиган ЯСТ суммасини аниқлаш учун ЯСТнинг энг кам миқдори ва ҳисоб-китоб суммасини солиштирамиз.

ЯСТнинг энг кам миқдори (ер солиғининг 3 баравари суммаси) мисол шартида 324,285 минг сўмни ташкил этади. Ушбу сумма Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ягона солиқ тўловининг маълумотнома-ҳисоб-китоби 040-сатрида кўрсатилади (Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга4 3-илова, кейинги ўринларда Маълумотнома-ҳисоб-китоб деб юритилади).

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ЯСТ бўйича имтиёзларни қўлламаган ҳолда ҳисобот даври учун солиқ солинадиган ялпи тушум (ҳисобот даври ва олдинги ҳисобот давр­ларидаги ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатрлари бўйича маълумотлар фарқи) ва белгиланган солиқ ставкасидан келиб чиқиб аниқланади.

 ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси 2 220 минг сўмга (75 260 - 30 860) х 5%) тенг бўлиб, Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 030-сатрида кўрсатилади.

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси энг кам миқдордан кўп, шу боис қўшимча ҳисоблаш амалга оширилмайди.

Ҳисобот даври учун бюджетга тўланадиган сумма (Ҳисоб-китобнинг 180-сатри) 9 ой якунлари бўйича ҳисоблаб ёзилган ЯСТ суммаси (Ҳисоб-китобнинг 130-сатри) ва I чорак учун қўшимча ҳисоблаш суммасининг (Ҳисоб-китобнинг 170-сатри) йиғиндиси сифатида аниқланиб, 4 456,529 минг сўмни ташкил этади (3 763 + 693,529).

Бюджетга 25 октябрдан кечиктирмай 239,999 минг сўм (4 456,529 – 2 236,53 – 1 980) ўтказилади.

 

3-вазият.

Юк ташиш билан шуғулланувчи корхона учун ЯСТ ҳисоб-китоби

Бир фаолият тури - юк ташиш билан шуғулланувчи корхона автопаркида 14 та автомобиль бор. У Андижон шаҳрида рўйхатдан ўтказилган, “Камолот” жамғармасига ажратмалар тўлайди.

Корхона мулки саналган офис (алоҳида бино) шаҳарнинг 1-иқтисодий зонасида жойлашган бўлиб, кадастр ҳужжатларига кўра майдони 280 кв.метрлик ер участкасини эгаллайди.

Автомобилларни сақлаш учун 3-иқтисодий зонадаги майдони 1 100 кв.метрлик ижарага олинган ер участкасидан фойдаланилади. Августда ижарага олинган участка майдони 900 кв.метргача камайтирилди.

Ярим йиллик якунлари бўйича:

хизматлар кўрсатишдан тушум 394 400 минг сўмни ташкил этди;

бошқа даромадлар – 30 420 минг сўм;

“Камолот” жамғармасига 2 039,136 минг сўм ўтказилди;

бюджетга  23 450,064 минг сўм ЯСТ тўланди.

 III чоракда хизматлар кўрсатишдан тушум 95 800 минг сўмни ташкил этди.

Сентябрда 4 000 минг сўмга автомобиль реализация қилинди, у бўйича амортизация тўлиқ ҳисобланган. Тик­лаш қиймати, амортизация суммаси каби 48 600 минг сўм, қайта баҳолаш сальдоси 9 200 минг сўм.

 

Мазкур ҳолатда ЯСТни ҳисоб-китоб қилишда қуйидагилар эътиборга олинади:

асосий воситаларни реализация қилишдан фойда ёки зарар чиқиб кетаётган активни реализация қилиш нархи ва реализация қилиш билан боғлиқ харажатлар, ҚҚС (ҚҚС тўловчиларда) ва қайта баҳолаш сальдосини ҳисобга олган ҳолда қайта баҳолаш сальдоси ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади. Олинган даромад бошқа даромад деб тан олинади (СК 132-моддасининг 1-банди). Бироқ бунда СКнинг 356-моддасига мувофиқ ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база тўлиқ амортизация қилинган асосий воситаларни реализация қилишдан ёки тугатишдан олинган даромадларни чегирган ҳолда аниқланади.

 

ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоб-китоб қилишда:

юридик шахслар мулк, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқида фойдаланадиган ер участкалари инобатга олинади. Ўз биноси учун ажратилган ер участкаси майдони ер кадастри ҳужжатларига, ижарага олинган ер участкаси майдони ижара шартномасига кўра кўрсатилади;

майдон камайиши ЯСТ энг кам миқдорини ҳисоблашда камайиш юз берган ойдан бошлаб ҳисобга олинади. Мисолда ижарага олинган участканинг майдони август ойида 1 100 кв.метрдан 900 кв.метргача камайди, шу боис августдан бошлаб ЯСТ энг кам миқдорини ҳисоблашда 900 кв.метр ҳисобга олинади. Йил давомида ер участкалари (ижарага олинган хоналар) майдонлари ўзгарганда аниқлаштирилган ЯСТ энг кам миқдори маълумотнома-ҳисоб-китоби ҳисобот даври учун ЯСТ ҳисоб-китобини тақдим этиш муддатидан кечиктирмасдан тақдим этилади;

мазкур жой ва ерлар тоифаси учун белгиланган ер солиғининг энг кам ставкалари қўлланади (2013 йил учун республиканинг барча минтақалари бўйича ер солиғининг энг кам ставкалари йиғма жадвали “СБХ”нинг 12.02.2013 йилдаги 6 (966)-сонидаги “Ер солиғининг 3 бараварини ҳисоблаймиз” материалида берилган). Андижон шаҳрида 4-зона учун ер солиғининг энг кам ставкаси (1 га учун) 8 809 455 сўм қилиб белгиланган;

жойлашган жойи ва амалга ошираётган фаолият­ турларига қараб пасайтирувчи коэффициентлар қўлланади. Асосий фаолият тури юкларни ташиш бўлган корхоналар автотранспортни сақлаш учун ер участкалари мавжуд бўлганда 0,35 коэффициентини қўллайдилар.

 

III чорак якунларига кўра ЯСТ ҳисоб-китоби қуйидаги тартибда амалга оширилади.

Хизматлар реализациясидан соф тушум (Ҳисоб-китобнинг 010-сатри ) 490 200 минг сўмни (394 400 + 95 800) ташкил қилади.

Шундан сўнг  бошқа даромадлар суммаси аниқланади.

Учинчи чоракда тўлиқ амортизация қилинган асосий воситани реализация қилишдан 13 200 минг сўм (4 000 –
(48 600 – 48 600) + 9 200) бошқа даромад олинди. У биринчи ярим йиллик якунлари бўйича бошқа даромад (30 420 минг сўм)  билан қўшилади ва олинган натижа (43 620 минг сўм) Ҳисоб-китобга 2-илованинг 010-сатрида кўрсатилади ва Ҳисоб-китобнинг 030-сатрига кўчирилади.

Солиқ солинадиган ялпи тушум (Ҳисоб-китобнинг 040-сатри) 533 820 минг сўмни (490 200 + 43 620) ташкил қилади.

ЯСТ солиқ солинадиган базадан (Ҳисоб-китобнинг 060-сатри) ҳисобланади, у тўлиқ амортизация қилинган автомобилни реализация қилишдан даромадни (13 200 минг сўм) чегирган ҳолда аниқланади. Солиқ солинадиган ялпи тушумнинг камайтириш суммаси Ҳисоб-китобга 4-илованинг 0212 ва 010-сатрларида кўрсатилади ва Ҳисоб-китобнинг 0502 ва 050-сатрларига кўчирилади.

Шу тариқа, солиқ солинадиган база 520 620 минг сўмни (533 820 – 13 200) ташкил қилади.

Юк ташиш билан шуғулланувчи корхоналар учун ЯСТ ставкаси 6%ни ташкил этади. У Ҳисоб-китобнинг
070-сатрида кўрсатилади.

Ягона солиқ тўлови суммаси (Ҳисоб-китобнинг 0902, 090, 120-сатрлари) 31 237,2 минг сўмга (520 620 х 6%) тенг. Ушбу суммадан:

“Камолот” жамғармасига (Ҳисоб-китобнинг 160-сатри) – 2 498,976 минг сўм (31 237,2 х 8%);

бюджетга (Ҳисоб-китобнинг 130-сатри) – 28 738,224 минг сўм (31 237,2 – 2 498,976) ўтказилади.

III чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблашда ер участкаси майдонининг камайиши ҳисобга олинади. Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг майдон кўпайишигача ва кўпайишидан кейинги кўрсаткичларидан фойдаланилади:

июль ойи учун камайишгача  бўлган майдон – Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 030-сатри 11-устуни суммасининг 1/12 қисми август ойида майдоннинг камайишини ҳисобга олмасдан, яъни 0,0115 га (1/12 х 0,138 га);

август–сентябрь ойлари учун аниқлаштирилган Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 030-сатри 11-устуни суммасининг 2/12 қисми – 0,0197 га (2/12 х 0,118 га) қабул қилинади.

 

III чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 040-сатри): 

3 х 8 809 455 х (0,0115 + 0,0197) х 0,35 = 288,598 минг сўмни ташкил қилади.

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ЯСТ бўйича имтиёзларни ҳисобга олмасдан солиқ солинадиган ялпи тушум (ҳисобот даври ва ундан аввалги даврлар учун Ҳисоб-китобнинг 040-сатри кўрсаткичлари ўртасидаги фарқ) ва ЯСТнинг белгиланган ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланади.

 

III чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси:

(533 820 – 424 820) х 6% = 6 540 минг сўмни ташкил қилади.

Ҳисоб-китоб суммаси ЯСТнинг энг кам миқдоридан кўплиги сабабли қўшимча ҳисоблаш амалга оширилмайди (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 050 ва 070-сатрлари кўрсаткичлари нолга тенг) ва бюджетга ҳисоб-китоб бўйича сумма - 28 738,224 минг сўм тўланади.

 

Бюджетга 5 288,16 минг сўм (28 738,224 – 23 450,064) ўтказилади.

 

Бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга солиқларни, бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган солиқ ҳисоботларини, ҳисоб-китобларини ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки белгиланмаган шаклда тақдим этиш, худди шунингдек камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар асосларини ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим этмаслик энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, - энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, 175-модда.

 

 

 

Солиқ тўловчининг мансабдор шахсига нисбатан маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилган солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик ёки камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар асосларини ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим этмаганлик - муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун бир фоиз миқдорида, бироқ белгиланган тўлов муддатида тўланиши лозим бўлган тўлов миқдоридан тегишли ҳисобот даври учун илгари ҳисобланган тўловлар чегириб ташланган сумманинг ўн фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

солиқ кодекси, 115-модда.

 

Ишлаб чиқариш ва чакана савдо билан шуғулланадиган корхона учун ЯСТ ҳисоб-китоби

Ярим йиллик якунлари бўйича “Камолот” жамғармасига ажратмалар тўлайдиган корхонанинг (Бухоро ш.) тушуми 102 010 минг сўмни ташкил этди, шундан:

ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни реализация қилишдан, шу жумладан фирма дўкони орқали реализация қилишдан тушум – 95 700 минг сўм;

чет ташкилотлардан харид қилинган товарларни реа­лизация қилишдан тушум – 6 310 минг сўм.

Бунда солиқ солинадиган база 6 000 минг сўмга (янги технологик ускуна сотиб олиш ва маҳсулотни сертификатлаш харажатлари) камайтирилди.

Бюджетга 4 361,72 минг сўм ЯСТ ўтказилди.

III чоракда ялпи тушум қуйидагича тақсимланган:

ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот 24 300 минг сўмга реализация қилинган;

қайта сотиш учун олинган товарлар 16 600 минг сўмга (нақд пулга) реализация қилинган.

Бундан ташқари, корхона август ойида хорижий ишлаб чиқарувчидан  хом ашё олган. Тўлов АҚШ долларида амалга оширилган. Мазкур операция юзасидан 320 минг сўм миқдорида салбий курс фарқи юзага келди.

III чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори 2 002,965 минг сўмни ташкил қилди.

 

ЯСТни ҳисоб-китоб қилиш ва унга доир ҳисобот шаклларини тўлдиришда қуйидагиларни инобатга олиш лозим:

корхонанинг фаолият турлари (ишлаб чиқариш ва чакана савдо) бўйича алоҳида ҳисоб олиб борилади. Ўзи ишлаб чиқарган товарларни реализация қилишдан (пул ўтказиш йўли билан ва нақд пулга) тушумга ЯСТнинг 5%лик ставкаси қўлланади. Чакана савдодан (дўкон аҳоли сони 100 минг кишидан кўп бўлган шаҳарда жойлашган) ЯСТ 4%лик ставкада тўланади;

ЯСТ ҳисоб-китоби ўсиб борувчи якун билан амалга оширилади. Тегишинча, III чоракда солиқ солинадиган базанинг I чоракдаги камайтириш суммаси (6 000 минг сўм) ҳисобга олинади. Бунда камайтириш суммаси корхонанинг икки фаолият тури бўйича тақсимланиб, ҳар бир фаолият туридан олинган тушумнинг реализация умумий ҳажмидаги салмоғидан келиб чиқиб ҳисобланади;

баланснинг валюта моддалари қайта баҳоланганда ЯСТни ҳисоблашда ялпи тушумга ижобий ва салбий курс фарқлари ўртасидаги сальдо киритилади (СКнинг 355-моддаси). Мавжуд салбий курс фарқи ижобий курс фарқи мавжуд бўлмаган тақдирда ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базани камайтирмайди.

 

9 ой якунларига кўра корхонанинг соф тушуми (142 910 минг сўм) қуйидагича тақсимланган:

ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни реализация қилишдан – 120 000 минг сўм (95 700 + 24 300);

қайта сотиш учун олинган товарларни реализация қилишдан – 22 910 минг сўм (6 310 + 16 600).

Реализациянинг умумий ҳажмида фоизлардаги нисбат (Ҳисоб-китобнинг 020-сатри бўйича салмоғи):

асосий фаолият тури (ишлаб чиқариш) - 84% (120 000 / 142 910);

савдо - 16% (22 910 / 142 910).

III чорак учун Ҳисоб-китобнинг 0502-сатрида камайтириш суммаси салмоққа мутаносиб равишда тақсимланади. Ишлаб чиқариш фаолиятига камайтиришларнинг умумий суммасидан 5 040 минг сўмни (6 000 х 84%), савдога - 960 минг сўмни (6 000 х 16%) киритамиз.

Бошқа камайтиришлар ва имтиёзлар бўлмаса, 050-сатрда 6 000 минг сўм (жами) такрорланади ва фаолият турлари бўйича тегишинча 5 040 минг ва 960 минг сўм кўрсатилади.

Солиқ солинадиган база (Ҳисоб-китобнинг 060 ва 0602-сатрлари) ҳар бир фаолият тури бўйича камайтиришни ҳисобга олган ҳолда аниқланади:

ишлаб чиқариш - 114 960 минг сўм (120 000 – 5 040);

савдо - 21 950 минг сўм (22 910 – 960).

070-сатр бўйича тегишли устунларда ЯСТ ставкалари - 5 ва 4% кўрсатилади.

Ягона солиқ тўлови суммаси (Ҳисоб-китобнинг 090-сатри):

ишлаб чиқариш фаолияти бўйича - 5 748 минг сўм (114 960 х 5%);

савдо бўйича - 878 минг сўм (21 950 х 4%);

жами – 6 626 минг сўм (Ҳисоб-китобнинг 120-сатри).

ЯСТнинг умумий суммасидан:

“Камолот” жамғармасига (Ҳисоб-китобнинг 160-сатри) - 530,08 минг сўм (6 626 х 8%);

бюджетга (Ҳисоб-китобнинг 130-сатри) - 6 095,92 минг сўм (6 626 – 530,08) ўтказилади.

Ишлаб чиқариш корхоналарида тўланиши лозим бўлган ЯСТ суммаси энг кам миқдор - ер солиғининг 3 бараваридан кам бўлмаслиги керак.

Шартга кўра III чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори 2 002,965 минг сўмга тенг.

ЯСТнинг энг кам миқдори билан таққосланадиган ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ЯСТга доир имтиёзларни (шу жумладан солиқ солинадиган базани камайтириш кўринишидаги) қўлламасдан ҳисобот чорагидаги солиқ солинадиган ялпи тушумдан келиб чиқиб ҳисобланади.

III чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси умуман корхона бўйича ҳисобланади:

(120 000 – 95 700) х 5% + (22 910 – 6 310) х 4% = 1 879 минг сўм.

ЯСТнинг энг кам миқдори ва ҳисоб-китоб суммаси ўртасидаги фарқ - 123,965 минг сўмга (2 002,965 – 1 879) III чорак учун ЯСТ қўшимча ҳисобланади. Қўшимча ҳисоблаш суммаси Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 050 ва 070-сатрлари ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 170-сатрида кўрсатилади.

Ҳисобот даври учун бюджетга тўланадиган ЯСТ (Ҳисоб-китобнинг 180-сатри) Ҳисоб-китобнинг 130 ва 170-сатрлари кўрсаткичларини қўшиш йўли билан аниқланади.

 Бюджетга 1 858,165 минг сўм (6 095,92 + 123,965 – 4 361,72) ўтказилади. 

Прочитано: 2282 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика