Бизнинг тегишли лицензияга эга бўлган корхонамиз (ягона солиқ тўлови тўловчиси) дори-дармонларни улгуржи реализация қилиш билан шуғулланади. Яқиндан бошлаб дори-дармонларни воситачилик шартномалари бўйича маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан қабул қилган ҳолда уларни балансдан ташқари ҳисобга олиб, мижозларга нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича реализация қилишни амалга оширмоқдамиз. Ушбу фаолият бутун фаолиятимиздан олинган даромаднинг 2,4%ини ташкил қилмоқда.
Корхонамизнинг товарларни воситачилик шартномалари бўйича қабул қилиши қонунийми? Мазкур товар айланмасидан ягона солиқ тўлови қандай ҳисобланиши керак?
Дилбар Имомқулова, МЧЖ раҳбари.
Андижон шаҳри.
– Корхоналарнинг воситачилик шартномаси бўйича дори-дармонлар реализациясига доир фаолиятни амалга оширишлари қонунга зид эмас. Воситачилик шартномасини тузишда Фуқаролик кодекси 48-бобининг қоидаларига амал қилиш керак бўлади.
Солиқ кодексининг 355-моддасига асосан, ялпи тушум солиқ солиш объектидир. Солиқ солиш мақсадида ялпи тушум таркибига товарларни (ишларни, хизматларни) қўшилган қиймат солиғини чегирган ҳолда (қўшилган қиймат солиғи тўлашга ўтган солиқ тўловчилар учун) реализация қилишдан тушган тушумлар киритилади. Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум деганда воситачилик ва топшириқ шартномалари ҳамда воситачилик хизматлари кўрсатишга оид бошқа шартномалар бўйича воситачилик хизматлари кўрсатадиган юридик шахслар учун - кўрсатилган хизматлар учун ҳақ суммаси тушунилади.
Демак бундай шартномалар бўйича воситачилик хизматларини кўрсатиш пайтида ягона солиқ тўлови солиш объекти бўлиб воситачилик ҳақи суммаси ҳисобланади ва ушбу фаолият тури бўйича ЯСТ 33%лик ставка бўйича ҳисобланади.
Шу тариқа, корхонангиз солиқ солишнинг турли объектлари ва ягона солиқ тўловининг турли ставкалари белгиланган икки хил фаолиятни амалга ошираётган экан, сиз дори-дармонларни улгуржи реализация қилиш ва воситачилик тусидаги хизматлар бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишингиз ҳамда улар бўйича ЯСТни белгиланган ставкалар бўйича тўлашингиз керак бўлади.
Жавобни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ
тайёрлади.