Бизнинг жамиятимиз ишлаб чиқариш заруриятидан келиб чиқиб ўз фаолиятини маълум муддатга тўхтатди. Жамиятимиз ўзининг балансида бошланғич қиймати 548,5 млн сўмлик асосий воситаларга эга бўлиб, фаолиятимиз вақтинчалик тўхтатилганлиги туфайли улардан фойдаланмаяпмиз.
Балансимиздаги асосий воситаларга ушбу даврда амортизация ҳисобламасак бўладими?
Каримжон Самадов, МЧЖ бухгалтери.
Фарғона вилояти.
– Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ тўловчи томонидан ҳисобга олинадиган асосий воситалар ва номоддий активлар амортизация қилинадиган мол-мулк деб эътироф этилади.
Шу билан бирга, қуйидаги асосий воситаларга амортизация ҳисобланмайди:
1) ер участкалари ва табиатдан фойдаланишга доир бошқа объектлар (сув, ер ости бойликлари ва бошқа табиий ресурслар);
2) маҳсулдор чорва моллари;
3) кутубхона фонди;
4) музей қимматликлари (музей ашёлари);
5) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда консервациялашга ўтказилган асосий воситалар;
6) архитектура ёдгорликлари;
7) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, йўлаклар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган ободонлаштириш иншоотлари;
8) қиймати илгари тўлиқ чегирилган мол-мулк;
9) асосий воситалар ва номоддий активлар таркибига ўтказилмаган капитал қўйилмалар. (СКнинг 144-моддаси).
Бундан ташқари, амортизация ҳисобланмайдиган асосий воситалар объектлари «Асосий воситалар» 5-сон БҲМСнинг 32 ва 35-бандларида ҳам белгилаб берилган.
Буткул тўхтатиш шарти билан асосий воситани қуриб битказиш, қўшимча жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизациялаш, техник қайта қуроллантириш даврида асосий воситалар объекти бўйича амортизация ҳисоблашни тўхтатишга рухсат берилади.
Бундан ташқари, Фойдаланилмаётган асосий воситаларни, қурилиши тугалланмаган объектларни консервация қилиш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 16.09.2003 йилдаги 401-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ консервациялашга ўтказилган асосий фондларга амортизация ҳисоблаш тўхтатилади.
Асосий воситаларни консервациялашга ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлганда корхона мазкур таомилни ўтказа олади. Юқоридаги Низомнинг 4-бандига кўра мол-мулк эгаси фойдаланилмаётган асосий воситаларни консервациялашга ўтказиш тўғрисида қарорни қабул қилиши мумкин (Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ўзларига қарашли бўлган корхоналар бўйича қабул қиладиган қарорлар бундан мустасно). Бироқ шуни таъкидлаш лозимки, мол-мулк эгаси фақат асосий фондларни консервацияга ўтказиш таклифини киритади, қарорни эса ваколатли органлар қабул қилади.
Шу тариқа, қолган барча ҳолларда корхона фаолияти натижаларидан қатъи назар, асосий воситалар амортизациясини ҳисоблаш у дахлдор бўлган ҳисобот давридаги бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади (5-сон БҲМСнинг 33-банди).
Асосий воситалар объектлари бўйича ҳисобланган амортизация суммалари бухгалтерия ҳисобида тегишли суммаларни алоҳида ҳисобварақда жамлаш йўли билан акс эттирилади.
Жавобни экспертимиз
Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.