Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 41 / Амалий бухгалтерия

Эскисини ямагач...

Бино ва иншоотлар, қурилиш конструкциялари қисмларга ажратилган ёки бузиб ташланган тақдирда, демонтаж материаллари вужудга келади. Демонтаж вақтида уларнинг бир қисми синади, тўкилади, яроқсиз ҳолга келади. Натижада қисмларга ажратилган материалларнинг ҳаммасидан ҳам таъмирлаш, реконструкциялаш ва қурилишда такроран фойдаланиб бўлмайди.

Буюртмачи аввал фойдаланилган (А/Ф) бундай қурилиш материаллари, деталлар, буюм ва конструкцияларнинг сақланиши, самарали фойдаланишини таъминлаш ёки муайян ҳақ эвазига четга сотиб юборилиши бўйича чораларни кўриши керак. Бундан моддий наф кўрилиши муқаррар. Олинган даромадлар буюртмачининг қурилиш харажатларини камайтиради.

Демонтаж чоғида деярли доим қатор саволлар туғилади: такроран фойдаланиш учун қанча қайтариладиган материаллар ҳосил бўлиши керак? Уларни қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин? Улардан қурилиш объектининг ўзида такроран фойдаланиш мумкинми ёки яхшиси четга сотиб юборган маъқулми?

 

МЕЪЁРИЙ ТАРТИБГА СОЛИШ

Қурилишда қайтариладиган мате­риаллардан фойдаланишни тартибга соладиган асосий меъёрий-услубий ҳужжат КМК 1.04.04-99 “Қурилишда буюмлар, ускуналар ва материаллардан такрорий фойдаланиш (Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг 1.12.1998 йилдаги 81-сон буйруғи билан тасдиқланган) ҳисобланади. Ҳужжат қайтариладиган материалларнинг ҳосил бўлиши, ҳисоби, қайта ишлов берилиши ва фойдаланилиши тартибини белгилайди.

КМК 1.04.04-99 1983 йилда қабул қилинган худди шундай ВСН 39-83(р) меъёрий ҳужжатининг ўрнини босди. Аввалги ҳужжат қурилиш конструкцияларини қисмларга ажратиш ва турар жой, жамоатчилик биноларининг мукаммал таъмирланиши, реконструкция қилиниши ва бузилиши вақтида муҳандислик ускуналарини демонтаж қилишда олинадиган буюмлар, ускуналар ва материаллардан такрорий фойдаланилиши бўйича техник ва ташкилий чоралар тизимини белгилар эди.

КМК 1.04.04-99 да қисмларга ажратиладиган конструкциялар ва олинувчи қайтариладиган материалларнинг тавсифи келтирилган, уларга дастлабки қайта ишлов бериш ҳамда бунда олинган материаллар ва буюмлардан фойдаланиш имко­ниятлари бўйича тавсиялар берилган.

Аввалги меъёрий ҳужжатдан фарқли ўлароқ, КМК 1.04.04-99 нинг қоидалари саноат биноларига нисбатан ҳам қўлланила бошлади ҳамда ундан қайтариладиган материалларнинг “чиқиш меъёри” тушунчаси чиқариб ташланди.

Қайтариладиган материаллар билан ишлашни ШНК 4.01.16-09 “Қурилиш қийматини шартномавий жорий нархларда белгилаш бўйича қоидалар” (Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг буйруғи билан тасдиқланган, 2009 йил) ҳам тартибга солади.

Уларга мувофиқ, конструкцияларни (бинолар, иншоотларни) реконструкция қилиш (бузиш) лойиҳаси такроран фойдаланиш учун яроқли материаллар чиқишини назарда тутган ҳолларда бинолар ва иншоотларни қисмларга ажратиш (демонтаж қилиш, бузиш)нинг локал сметалари якуни чиқарилгач, маълумотнома тарзида капитал қўйилмалар миқдорини камайтирувчи қайтариладиган ресурслар келтирилади (ШНКнинг 2.17-банди).

Қайтариладиган материаллар “Шу жумладан қайтариладиган ресурслар” алоҳида сатрида кўрсатилади ва номенклатура сметаси якуни чиқарилганидан кейин келтириладиган ҳамда кейинчалик фойдаланиш учун олинадиган конструкциялар, материаллар ва буюмлар миқдори асосида ҳам аниқланади. Буюртмачи уларнинг қийматини эскиришни чегирган ҳолда воситачилик асосида бозор қиймати бўйича белгилайди, шунингдек уларнинг фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтирилиши ва жойлаштириладиган омборларга етказилиши бўйича харажатлар ҳисобга олинади. Қийматга пудратчининг бошқа харажатлари ҳисобланади (ШНКнинг 2.18-банди).

Бундан ташқари, Молия вазирлиги томонидан Марказлаштирилган манбалар ҳисобига қурилаётган объектларни молиялаш учун буюртмачининг ички резервларини сафарбар этиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (молия вазирининг АВ томонидан 9.03.2001 йилда
1013-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган)
ишлаб чиқилган. Унинг 3 ва 5-бандларига мувофиқ, марказлаштирилган манбалар ҳисобига қурилувчи объектларни молиялаш учун буюртмачиларнинг ички резервларини сафарбар этиш манбалари қаторига қурилиш майдонидаги объектларни қайта тиклаш ва бузишда қайтариладиган материаллар қиймати ҳам киради. У буюртмачи томонидан лойиҳа институти билан биргаликда лойиҳа-смета ҳужжатларини (ЛСҲ) ишлаб чиқишда белгиланади. Бу қайтариладиган материаллар объектлар, уларнинг вақтинчалик бинолари ва иншоотларини қуришда ишлатилади. Улар қийматининг суммаси буюртмачиларнинг молиявий ресурсларга эҳтиёжини белгилашда ҳисобга олинади.

 

А/Ф ҲАЖМЛАРИНИ АНИҚЛАЙМИЗ

Буюртмачи қуйидагиларни ўз ичига олувчи қурилиш ишларига тайёргарлик ва уни ўтказишнинг барча босқичларида қайтариладиган материалларнинг сақланишини кузатиб бориши керак:

oбъектнинг техник кўриги;

унинг пудрат ташкилотига берилиши;

қурилиш ишларининг олиб борилиши;

қайтариладиган материалларни ташиш ва сақлаш;

уларни яроқли ҳолга келтириш.

Бу ишларни турли ижрочилар – пудрат ташкилоти, лойиҳа институти, транспорт ташкилоти ва ҳ.к. бажариши мумкин. Шунинг учун мазкур ижрочилар томонидан хизматлар кўрсатиш бўйича шартномага уларнинг қайтариладиган ресурсларнинг сақланиши учун моддий жавобгарлиги ва улар томонидан етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисида алоҳида бандни киритиш тавсия этилади.

Конструкциялар қисмларга ажратилишидан (демонтаж қилинишидан, бузилишидан) қайтариладиган материалларнинг чиқиш ҳажми уларнинг қисмларга ажратиладиган конструкцияда мавжудлигига, такроран фойдаланиш учун материални қисмларга ажратиш технологияси қўлланилганда назарий жиҳатдан олиниши мумкин бўлишига ва уларнинг техник ҳолатига (эскиришига) боғлиқдир. Таъмирлаш, реконструкция қилиш ва бузиш объектларида қайтариладиган материалларнинг миқдори ва номенклатураси “тўғридан-тўғри ҳисоблаш” йўли билан, ­яъни объектнинг натура жиҳатдан текширилиши ва конструкцияларни қисмларга ажратиш бўйича ишлар ҳажми  натижалари асосида аниқланади. Уларнинг ҳажми таъмирланаётган бинонинг қурилиш конструкциялари ва муҳандислик ускуналарини лойиҳалашдан олдин ўрганиш жараёнида аниқланади. Қайтариладиган материалларнинг миқдори, сифати ва номенклатурасини буюртмачи ва лойиҳа ташкилоти вакиллари ҳамда зарур мутахассислардан ташкил топган комиссия белгилайди. Таъмирлаш объектини пудратчига беришда қисмларга ажратиладиган конструкциялар ва бунинг натижасида олинадиган материалларнинг техник ҳолатини текшириш конструкцияларни очиш ёки улар элементларини қисмларга ажратиш йўли билан бажарилиши мумкин. Бунда қайтариладиган материаллар чиқиши ҳажми ва сифати, шунингдек улардан мазкур объектда фойдаланиш имкониятлари аниқлаштирилади.

Текширув асосида қайтариладиган материалларни олишнинг смета ҳажмлари ва ҳужжатлар билан назарда тутилган такроран фойдаланиладиган ресурслар чиқилишини таъминловчи таъмирлаш ишларининг технологияси аниқланади. Бундай амалиёт лойиҳа ишлари босқичидаёқ буюртмачининг капитал харажатларини камайтиради.

Қайтариладиган материаллардан фойдаланиш имконияти реконструкция қилиш ёки бузиш объектида зарарланишнинг локал зоналари бор-йўқлигига ҳам боғлиқдир. Махсус ишлов бермасдан туриб, улардан такроран фойдаланиш ёки четга сотиш мумкин эмас.

Қайтариладиган ресурсларнинг миқдорини аниқлаш билан бирга, буюрт­мачи уларни яроқли ҳолга келтириш харажатлари даражасини ва бундай А/Ф мате­риалларнинг маҳаллий бозордаги эҳтимолий қийматини аниқлаши мақсадга мувофиқдир. Шунинг учун қурилиш мобайнида материаллар маҳаллий бозорда бозор нархида сотилган тақдирда, унинг демонтаж қилинган материалларни яроқли ҳолга келтириш бўйича харажатлари қопланиш-қопланмаслигини техник-иқтисодий жиҳатдан ҳисоб-китоб қилиши лозим бўлади.

Тегишли техник ҳужжатларни қурилиш технологиялари соҳасидаги ихтисослаштирилган ташкилотлар шартнома асосида ишлаб чиқадилар. Таъмирлаш объекти буюртмачидан пудратчига берилаётганда қайтариладиган материаллар ҳажмлари аниқлаштирилади ва тузатилади. Қайтариладиган материаллар смета ҳажмларининг аниқлаштирилган натижалари тегишли далолатномалар билан расмийлаштирилади, улар буюртмачи, пуд­ратчи ва лойиҳа ташкилоти томонидан имзоланади.

 

Диққат! Айрим саноат биноларида радиацион, бактериологик, кимёвий ёки биологик зарарланиш локал ўчоқлари мавжуд бўлиши мумкин. Бундай зоналар тўғрисидаги ахборотни буюртмачи бинонинг олдинги мулкдоридан ёки мазкур объектда амалга оширилган ишлаб чиқариш технологиясини ўрганиш натижасида билиб олиши мумкин.

Шунинг учун саноат биноларини техник жиҳатдан текшириш (муҳандислик тадқиқотлари) жараёнидаёқ буюртмачи тегишли ваколатли ташкилотларни жалб этган ҳолда зарарланган зоналарни аниқлаш ва текшириш бўйича чораларни кўриши керак. Текшириш натижаларини тегишли далолатнома билан расмийлаштириш лозим.

 

Равшан ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Аудиторлар

палатаси раиси.

Давоми бор.

 

Прочитано: 1593 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика