Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 41 / Божхона

Вақтинча сақлашга доир

Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 17.09.2013 йилда 447-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан “Вақтинча сақлаш” божхона режими тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 17.06.1998 йилда 447-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 447-сон Низом) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Шулар, шунингдек “Вақтинча сақлаш” божхона режимининг айрим хусусиятлари ҳақида махсус мухбиримизга ДБҚ Божхона назоратини ташкил этиш бош бошқармасининг катта инспектори Миракбар АЛИХЎЖАЕВ сўзлаб берди.

 

– Ҳужжатга киритилган янгиликлар вақтинча сақлаш божхона режимини қўллаш амалиё­тини кескин ўзгартираётгани йўқ. Улар ТИФ таомилларини соддалаштириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган. 1998 йилда 447-сон Низом қабул қилингандан кейин божхона амалиётида ҳам, ишбилармонлик муҳитини бошқаришда ҳам кўп нарса ўзгарди. Божхона кодексига бир неча маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунинг учун ҳужжатни янгилашни давр талаб этди.

– 447-сон Низомдан қандай рухсат берувчи таомиллар чиқариб ташланди?

– 447-сон Низомнинг
1.3-бан­ди иккинчи хатбошисига мувофиқ товарларни (транспорт воситалари билан ташишда эса транспорт воситаларини ҳам) бошқа жойларга етказиб беришга фақат уларни олиб ўтаётган шахс фаолият зонасида бўлган божхона органининг ёхуд юқори турувчи божхона органининг розилиги билан йўл қўйилар эди. Бунда уларга очиқ ёки ёпиқ турдаги божхона омборида турган товарлар ва транспорт воситалари сифатида қаралар эди. Эндиликда бу талаб ҳужжатдан олиб ташланди.

Бошқа рухсат берувчи меъёрлар таҳрир қилинди. Масалан, 447-сон Низом 2.3-бандининг учинчи хатбошисига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, товарлар ва транспорт воситалари келтирилганлиги тўғрисида хабарнома берилгандан кейин ва уларни божхона омборига жойлаштиргунга қадар транспорт воситалари ва товарларни кузатувсиз қолдириш, транспорт воситасининг тўхташ жойини ўзгартириш, товарларни юклаб тушириш ва қайта юклаш, товарларнинг дастлабки жойлашган жойини ўзгартириш, товарлар ўровини очиш, идентификация воситаларини ўзгартириш, ўчириш ёки йўқ қилишга фақатгина божхона органи мансабдор шахсининг ҳозирлигида рухсат берилади (илгари божхона органининг рухсатномаси талаб қилинар эди).

447-сон Низомнинг 2.10 ва 4.2-бандларига ҳам худди шундай ўзгартишлар киритилди. Эндиликда божхона омборида вақтинча сақлашда турган товарлар божхона омборининг эгалари, товарларга нисбатан ваколати бўлган бошқа шахслар, улар вакиллари томонидан кўздан кечирилиши ва ўлчаниши; уларнинг ўзгаришсиз ҳолатда сақланиши, шу жумладан шикастланган ўрови нуқсонининг йўқотилишини таъминлаш учун зарур бўлган операцияларга жалб этилиши; божхона органи ходимининг ҳозирлигида омбор доирасида бошқа жойга олиб ўтилиши мумкин (илгари божхона органининг розилиги керак бўлган).

Илгари товарлар ва транспорт воситалари божхона органининг рухсатномаси бўлмаган ҳолда берилган тақдирда, божхона омборининг эгаси бундай омборда вақтинча сақланаётган товарлар ва транспорт воситалари учун божхона тўловларини улар божхона расмийлаштирувидан ўтгандан кейин товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан ваколатларга эга бўлган шахсга ҳақиқатда бергунга қадар тўлаш учун жавобгар бўлган. Энди эса божхона омбори эгаси тегишли божхона режимида декларацияланмаган товарлар ва транспорт воситаларини берган тақдирда бундай жавобгарликка тортилади. 

– 447-сон Низом 2.1-бан­дидан қуйидаги мазмунга эга бўлган биринчи хатбошисининг чиқариб ташланиши нима билан изоҳланади: “Божхона омборига Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган исталган товарлар ва транспорт воситалари жойлаштирилиши мумкин. Ўзбекистон Респуб­ликасига олиб кирилиши ёхуд Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши, шунингдек божхона қонунчилигини бузганлик тўғрисидаги иш бўйича ашёвий далил сифатида олиб қўйилган товарлар ва транспорт воситалари фақатгина эгаси божхона органи ҳисобланган очиқ турдаги божхона омборига жойлаштирилиши мумкин”.

– Ушбу хатбоши Божхона омбори фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомнинг (ВМнинг 20.11.2003 йилдаги 523-сон қарорига 1-илова) 3-бандига зид келар эди. Унда белгиланишича, божхона омборида:

Ўзбекистон Республикасига олиб келиш ва ундан олиб чиқиш тақиқланган товарларни сақлашга рухсат берилмайди, божхона органлари томонидан олиб қўйилган ва божхона органлари томонидан таъсис этилган божхона омборига жойлаштирилган товарлар бундан мустасно;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида айланиши ва сотилиши тақиқланган товарларни сақлашга рухсат берилмайди.

– 447-сон Низомнинг
1.1-бандига “товарни етказиб бериш жойи” тушунчасининг киритилганлиги муҳим қўшимчалардан бўлди, десак хато бўлмаса керак?

– Аввалги таҳрирга кўра, товарлар ва транспорт воситалари божхона органига тақдим этилган пайтдан бошлаб ва улар чиқарилгунга ёхуд танланган божхона режимига биноан шахсга берилгунга қадар божхона назорати остида вақтинча сақлашда бўлади. Аниқлаштирилган 1.1-бандга мувофиқ, улар етказиб бериш жойида (божхона юк декларациясининг божхона расмийлаштирувини амалга ошираётган божхона постида) божхона органига тақдим этилган пайтдан бошлаб ва чиқариб юборилгунига ёхуд танланган божхона режимига биноан шахс­га берилгунига қадар божхона назорати остида вақтинча сақлашда бўлади.

Тегишинча, вақтинча сақлашда бўлиш мақомини ҳам улар етказиб бериш жойида божхона органига тақдим этилганлиги учун айнан шу пайтдан бошлаб автоматик тарзда оладилар (447-сон Низомнинг 1.2-банди). Шу тариқа, божхона ҳуқуқий муносабатларининг тарафлари томонидан вақтинча сақлаш муддатлари бошланишини талқин қилишдаги ихтилофларга барҳам берилади ва юк тақдим этилиши лозим бўлган жой (БЮДни божхона расмийлаштирувидан ўтказувчи божхона пости) қатъий белгиланади.

– 447-сон Низомга киритилган муҳим янгиликлардан бири унинг юкларни етказиб бериш жойида транспорт, товарларга илова қилинувчи ва бошқа тижорат ҳужжатларини тақдим этиш билан боғлиқ 2.5-бандига киритилаётган ўзгартиришдир. Бунда нималарга эътиборни қаратиш лозим бўлади?

– Биринчи навбатда, божхона органига товарлар ва транспорт воситалари билан бирга тақдим этиладиган транспорт, товарларга илова қилинувчи ва бошқа тижорат ҳужжатларининг рўйхати юк етказиб берилган транспорт турига боғлиқ ҳолда (масалан, ҳаво, темир йўл, автомобиль, сув орқали) табақалаштирилганлигига ­эътибор қаратиш керак. Етказиб берувчилар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар ва маълумотларнинг аниқ рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг “Товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтишни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (4.03.2013 йилдаги 63-сон) билан тасдиқланган. Мазкур ўзгартириш олиб кириладиган товарлар тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилигини ошириш, божхона таомилларининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш, ТИФ қатнашчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, республика ҳудуди бўйлаб товарлар ва контрафакт маҳсулотлар ноқонуний олиб ўтилишига барҳам бериш мақсадида киритилган.

Ушбу янгилик муносабати билан 2.6 ва 2.8-бандлар ўз кучини йўқотди. Уларда транспорт, товарларга илова қилинувчи ва бошқа тижорат ҳужжатларида мавжуд бўлиши лозим бўлган маълумотлар санаб ўтилган эди. 2.7-банд эса янги таҳрирда ­баён этилди. Хусусан, унда товарлар божхона мақсадлари учун зарур бўлган маълумотларни божхона юк декларация­си бланкасида ёзма тарзда ёки “Товарларни электрон декларациялаш” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиш йўли билан электрон шаклда ­баён этиш орқали декларацияланиши кўрсатилмоқда.

– Ташувчи ёки у вакил қилган шахс томонидан товарлар ва транспорт воситалари республиканинг божхона ҳудудига олиб кирилганлиги тўғрисида божхона органини хабардор қилиш тартибига қандайдир ўзгартиришлар киритилдими?

– Хабардор қилиш тартиби олдингидек қолди. У товарлар ва транспорт воситалари етиб келгандан кейин ярим соат мобайнида, улар божхона органининг иш вақтидан ташқари пайтда етиб келган тақдирда эса – иш бошлангандан ке­йин 30 дақиқадан кечиктирмай амалга оширилади. Бироқ, агар авваллари ташувчи томонидан ташиш қайдномаси ёки бошқа ташиш ҳужжатларини тақдим этиш божхона органини хабардор қилиш ҳисобланган бўлса, 447-сон Низом
2.3-бандининг янги таҳририда ташиш қайдномаси юкларни етказиб беришни назорат қилиш дафтарчаси билан алмаштирилди.

Дарвоқе, товарлар ва транспорт воситалари етказиб берилганлиги тўғрисида божхона органи хабардор қилинганидан кейин 24 соат мобайнида улар вақтинча сақлаш учун тегишли турдаги божхона омборига жойлаштирилиши кераклигини эслатиб ўтиш жоиз. Агар хабар етказилмаган бўлса, ҳисоб хабарнома юборилиши лозим бўлган муддат тугашидан бошлаб юритила бошланади. Агар юк 1 сутка ичида божхона расмийлаштирувидан ўтказилган бўлса, бунда уни божхона омборига амалда жойлаштириш (омбор эгаси томонидан ҳақиқатда қабул қилиш) талаб этилмайди.

– Вазиятдан фойдаланиб, божхона омбори эгаси билан тушунмовчилик келиб чиққан ўқувчимиз О.Шариповнинг саволига жавоб олмоқчи эдим. Импорт қилувчи вақтинча сақлашда турган товарлар билан қандай операцияларни амалга оширишга ҳақли?

– 447-сон Низомнинг
2.10-бан­дида товарларга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахс­лар ва уларнинг вакиллари божхона органи ходимининг ҳозирлигида божхона омборида вақтинча сақлаш режимида бўлган товарлар билан оддий операцияларни амалга ошириши мумкинлиги, бунда улар товарларни ўзгаришсиз ҳолда сақлашни таъминлаши, шу жумладан шикастланган ўровнинг нуқсонини йўқотиши кераклиги белгиланган. Шунингдек, товарларнинг ҳолатини ўзгартирмай, ўровларни бузмай, идентификация воситаларини ўзгартирмай, товарларни кўздан кечириш ва ўлчаш, омбор доирасида жо­йини ўзгартириш ҳуқуқига эгадирлар. Шу билан бирга ваколатли шахслар, уларнинг вакиллари ва назорат қилувчи органлар назоратни амалга ошириш мақсадида товарлар эгаси ёки унинг вакилининг ҳозирлигида намуналар ва нусхалар олишлари мумкин.

– Товарлар ва транспорт воситаларини божхона омборида вақтинча сақлаш муддатларига ҳам ўзгартиришлар киритилдими?

– Йўқ. Божхона кодексининг 24-моддасига мувофиқ, товарлар ва транспорт воситалари вақтинча сақлаш режимида туришининг умумий (чегараланган) муддати 2 ойни ташкил этади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Бинобарин, божхона органи ташувчи ва омбор эгасининг розилигисиз муайян товарлар учун муайян муддатларни белгилаши мумкин, лекин бу муддат кўрсатилганидан ошиб кетмаслиги керак.

Прочитано: 1476 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика