Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 35 / Назорат

Ёнғин хавфсизлиги қоидалари: жарималар оғир бўлиши мумкин

Газетанинг 33-сонидаги «Ҳузурингизга ўт ўчирувчи келса...» материалида ёнғин назорати инспекторининг ташрифига қандай тайёрланиш кераклиги тўғрисида сўз юритган эдик. Бугун корхонада ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилмаслиги қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ва бундай қоидабузарликлар учун қонун ҳужжатларида жавобгарликнинг қандай турлари назарда тутилганлигини таҳлил қилишга уриниб кўрамиз.

 

ТЕКШИРИШ НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

Аввало текшириш натижаларини лозим даражада расмийлаштириш керак. Текшириш тугагач давлат ёнғин назорати (ДЁН) органининг мансабдор шахси (шахслари) белгиланган шаклда икки нусхада далолатнома тузади. Мажбурий ахборотдан (далолатнома тузилган сана, вақт ва жой, ДЁН текширувчи органи номи, назорат тадбири ўтказилишига асос бўлган фармойишнинг санаси, рақами ва ҳоказо) ташқари, далолатномада назорат ўтказилган пайтда аниқланган натижалар, шу жумладан қоидабузарликлар, уларнинг хусусияти, бунга йўл қўйган шахслар саналиши керак. Агар корхона вакили, шунингдек текшириш ўтказилаётганда ҳозир бўлган шахс далолатнома билан танишишдан бош тортсалар, ушбу далилни унда қайд этиш лозим. Далолатномани назорат ўтказган мансабдор шахс имзолайди.

Далолатноманинг бир нусхаси иловаларнинг нусхалари билан бирга юридик шахс раҳбари ёки унинг ўринбосари ёхуд уларнинг вакилларига тилхат олиб топширилади ёки топширилганлиги тўғрисидаги хабарнома билан бирга почта алоқаси воситасида юборилади, у (хабарнома) давлат ёнғин назорати органининг йиғмажилдида қоладиган далолатнома нусхасига қўшиб қўйилади.

«Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (24.12.1998 йилдаги 717-I-сон) 17-моддасига мувофиқ корхонани текшириш пайтида қоидабузарлик аниқланган тақдирда ДЁН органининг мансабдор шахслари ўзларининг қонуний ваколатлари доирасида:

текширилаётган хўжалик юритувчи субъектларга аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш хусусида уларни бартараф этиш муддатларини кўрсатган ҳолда ижро этиш учун мажбурий бўлган кўрсатмаларни беришлари;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган таъсир чораларини кўришлари шарт.

 

ЖАВОБГАРЛИК

Ёнғин инспекторлари ўтказган текширишнинг оқибатлари бевосита унинг натижаларига (аниқланган қоидабузарликларга) боғлиқдир. Чунончи, агар текшириш вақтида текширувчилар ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг жузъий бузилишларини аниқласалар, улар корхонани жавобгарликка тортмасликлари, балки огоҳлантириш ва мазкур қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар билан чек­ланишлари мумкин. Бироқ агар қайтадан режадан ташқари текшириш чоғида назоратчилар уларнинг талаблари бажарилмаганлигини аниқласалар, жарима жазоси қўлланиши муқаррар.

Мансабдор шахслар ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ интизомий, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиладилар.

Бироқ асосий ва энг кўп қўлланиладиган жавобгарлик тури – маъмурий жавобгарлик, у назорат органларининг ҳуқуқлари сифатида ҳам, суд тартибида ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (МЖТК) мувофиқ амалга оширилиши мумкин.

 

ЖАРИМА ЖАЗОЛАРИ

МЖТКнинг  211-моддасида    қоидабузарликлар-нинг бир неча тури учун жавобгарлик назарда тутилади. Чунончи, корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда, жамоат жойларида, омборхона биноларида, шунингдек тегишли объектларни лойиҳалаштириш, қуриш ва қайта қуриш чоғида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш ёки ёнғинга қарши инвентарлар, ускуналар, ёнғинни аниқлаш ва ўчиришнинг автомат воситаларидан фойдаланиш ва уларни сақлаш қоидаларини бузиш ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахслар учун ЭКИҲнинг 3 бараваридан 7 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Юқорида кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар ёнғинга олиб келганда мансабдор шахслар ЭКИҲнинг 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима билан жазоланади.

Ёнғин хавфсизлиги соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни давлат ёнғин назоратини амалга оширадиган органлар кўради (МЖТКнинг 249-моддаси).

Шуни ҳам ҳисобга олиш лозимки, МЖТКнинг 36-моддасига кўра маъмурий жазо маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб 2 ойдан кечиктирмай қўлланиши мумкин.

 

ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК

Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги қоидабузар-ликлар учун жавобгарлик уларнинг оқибатларига боғлиқ. Мисол учун, йўл қўйилган қоидабузарлик-лар натиждасида жисмоний шахс (шахслар)нинг баданига ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилса ёки одам ўлиши ёхуд бошқа оғир оқибатлар (ёнғин натижасида кишиларнинг оммавий ўлими ва ҳоказо) юз берса, жиноий жавобгарлик тўғрисида сўз боради. Айбдорлар Жиноят кодексининг (ЖК) 259-моддаси бўйича жазоланадилар.

Хусусан, кишининг соғлиғига оғир шикаст етказилишига олиб келган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун айбдор мансабдор шахс қуйидагича жавобгар бўлади:

энг кам жазо – ЭКИҲнинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима;

энг юқори жазо – 5 йилга ёнғин хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ мансабни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш (ЖК 259-моддасининг биринчи қисми).

Агар мазкур қоидаларни бузиш одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига олиб келса, айбдор муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин (ЖК 259-моддасининг иккинчи қисми).

Уни фақат жиноий ишлар бўйича суд қўллашга ҳақли. ДЁН органлари эса суриштирув органлари сифатида мазкур моддада назарда тутилган жиноят аломатларини аниқлаш чоғида жиноят ишини қўзғатиш ва суриштирув ўтказиш ҳуқуқига эгалар (Жиноят процессуал кодекс 39-моддасининг биринчи қисми ва 38-моддасининг 5-банди).

Корхонада ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз вақтида қилинган қуйидаги ҳаракатлар давлат ёнғин назорати органлари жарима солиши хатарини имкони борича камайтиришга ёрдам беради:

ёнғин хавфсизлиги бўйича ҳужжатларни тўғри тайёрлаш;

ёнғинга қарши режимга риоя этиш;

ёнғинга қарши муҳофазанинг автомат тизимларига ҳар ойда техник хизмат кўрсатиш;

ДЁН текшириш ўтказишига қадар мавжуд қоидабузарликларни аниқлаш ва бартараф этиш.

Елена ЕРМОХИНА,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 7956 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика