Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 35 / Бизнинг маслаҳатлар

Фоизсиз қарз олиш оқибатлари

2012 йилда вақтинчалик молиявий шароит тақозосига кўра бизнес бўйича шеригимдан жорий харажатлар учун фоизсиз, қисқа муддатли қарз олдим. Қарз шартномаси 9 ой муддатга тузилган эди. Шартнома муддати тугаши билан қарз тўлиқ ҳажмда қайтарилди. 2013 йилда эса корхонамизда давлат солиқ хизмати органининг режали текшируви бўлиб ўтди. Текширув натижасида солиқ хизмати органлари мен Марказий банк қайта молиялаш ставкасини (йиллик 12%) ҳисобга олган ҳолда солиқ тўлашим керак­лигини айтишди. Уларнинг фикрига кўра, қарз 9 ойда қайтарилганлиги туфайли мазкур қарз суммаси учун 12% ставкага мос равишда 9%ни қўллаган ҳолда келиб чиқадиган суммани ўзимга бошқа даромадлар қаторига киритиб, ҳосил бўлган суммадан солиқ тўлашим керак экан. Мен бундай ёндашувга қўшилмасам-да, солиқ назоратчилари шу тартибда ҳисобланган, амалда эса умуман йўқ сумма учун қўшимча солиқлар ҳисоблаб, ундириб олишди.

Ушбу фоизсиз олинган қарзга Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси бўйича солиқ солиниши тўғрими? Агар шу ҳолда солиқ солиш объекти вужудга келадиган бўлса, бу объект қайси меъёрий ҳужжат билан белгиланган?

МЧЖ раҳбари.

 

Йўқ, фоизсиз олинган қарз учун солиқ солиш объекти вужудга келмайди. Қарз муносабатларида солиқ солиш объекти вужудга келиши учун қарз фоизсиз эмас, балки қайтармаслик шарти билан берилган бўлиши шарт.

Фуқаролик кодексининг (ФК) 732-моддасига мувофиқ, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, шунча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига тенг ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Солиқ кодексининг (СК) 135-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, солиқ тўловчи томонидан текинга олинган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, шунингдек, ишлар ва хизматлар солиқ тўловчининг даромади бўлиб ҳисобланади. Қарз шартномасида шартнома предмети бўлиб пул маблағларининг ўзи ҳисобланади, уларга бўлган мулкий ҳуқуқлар эмас. Фоизсиз тарзда қарз бериш мол-мулк ёки унга бўлган ҳуқуқни текинга бериш деган маънони англатмайди. Чунки бу пул қарз сифатида берилмасдан, ҳисобрақамда шу вақт давомида тураверган тақдирда ҳам, пул эгасида 12 фоизлик даромад шакл­ланиб қолмайди. Мазкур моддадан келиб чиққан ҳолда қарз шартномасига асосан пул маблағлари қарзга берилаётган предмет (мол-мулк) ҳисобланиб, мазкур предмет, яъни мол-мулк шу миқдорда қайтарилиши пайтида қарзни олган шахсда ҳеч қандай даромадни юзага келтирмайди.

СК 135-моддасининг мазмунига кўра «текинга олинган» мол-мулк деганда қайтариш мажбуриятисиз топширилган мол-мулк тушунилади. Масалан, ҳадя шартномаси бўйича берилган пуллар мазкур моддага асосан солиқ тўловчининг даромади сифатида эътироф этилиши мумкин. Чунки улар ҳадя қилувчига қайтарилмайди. Қарз шартномаси бўйича бериладиган пуллар эса қайтариладиган мол-мулкдир. Чунки бу қарз шартномасининг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун қайтариш шарти билан берилган фоизсиз қарз суммасини СКнинг 135-моддасига биноан текинга олинган мол-мулк деб эътироф этиш нотўғри.

ФКнинг 734-моддаси биринчи қисмига биноан, агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу тариқа, агар шартномада қарз берилаётган пул маблағлари фоизларни ҳисоблаб ёзиш шартисиз берилса, қарз берувчи қарз олувчидан фоизларни олишни талаб қилишга ҳақли эмас. Ушбу қоидага асосан фоизсиз қарз олувчига нисбатан фоизларда даромад ҳисоблашга рухсат берилмайди.

2-сон БҲМСнинг 4.1-бандига мувофиқ, бир корхонанинг активларидан бошқа корхона томонидан фойдаланиш хўжалик юритувчи субъектга қарашли бўлган ва ҳақ тўлаш шарти билан фойдаланиш учун берилган пул маблағи ёки пул ўрнини босадиган бойликлар ёхуд сўмни акс эттирувчи фоизлар кўринишидаги даромадларга олиб келади.

Шундай қилиб, агар шартномада кўзда тутилган бўлса, фоизлар олиш ҳуқуқи қарз берувчида, уларни тўлаш мажбурияти эса – қарз олувчида вужудга келади. Тегишли равишда, қарз муносабатларида фоизлар шартномада кўзда тутилган тақдирдагина солиқ солиш объекти вужудга келади. Агар томонлар шартномада қарзнинг фоизсиз берилишини назарда тутган бўлсалар, қарз олувчида фоизларни тўлаш мажбурияти, ўз навбатида бепул олинган мол-мулк ёки мулкий ҳуқуқ ҳам юзага келмайди.

СКнинг 135-моддаси иккинчи ва учинчи қисмларига биноан мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар текин асосда олинаётганда олувчи шахснинг даромадлари бозор қиймати бўйича белгиланади. Мол-мулкнинг, мулкий ҳуқуқларнинг бозор қиймати ҳужжатлар билан ёки баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи билан тасдиқланади. Ҳужжатлар билан тасдиқлаш деб қуйидагилар эътироф этилади:

жўнатиш, етказиб бериш ёки топшириш ҳужжатлари;

етказиб берувчиларнинг нархларга оид маълумотлари (прайс-варақлар);

оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар;

биржа маълумотлари;

давлат статистикаси органларининг маълумотлари.

Кўриб турганингиздек, текин берилган мол-мулк ва мулкий ҳуқуқларнинг қийматини аниқлаш усули белгиланган. Фоизсиз олинадиган қарзлар эса текин берилган мол-мулк бўлиб эътироф этилмайди.

Қолаверса, шуни таъкидлаш лозимки, Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси солиқ ҳисоблаш мақсадида даромадни аниқлаш учун эмас, балки тижорат банкларига қайта молиялаш кредитларини бериш учун татбиқ этилади.

СКнинг 132-моддасида бошқа даромадлар рўйхати келтирилган бўлиб, унда фоизсиз олинган қарз учун Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси даромад ҳисобланиши кўзда тутилмаган. Демак, юридик шахсларнинг бир-бирларига берган фоизсиз қарз суммалари қарз берувчининг харажатлари ҳисобланмагани сингари, қарз олувчи учун даромад бўлиб ҳам ҳисобланмайди ва уларга Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси бўйича солиқ солинмайди.

Солиқ кодексининг 1-моддасидан келиб чиқадиган бўлсак, солиққа оид муносабатлар фақат мазкур Кодекс билан тартибга солинади. Қайта молиялаш ставкаси бўйича солиқ солиш Солиқ кодексида назарда тутилмагани учун ҳам мазкур ставка бўйича солиқ солиниши мумкин эмас.

Жавобни экспертимиз

Мурод МУҲАММАДЖОНОВ

тайёрлади.

Прочитано: 3374 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика