Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 35 / Бизнинг маслаҳатлар

«Матиз»ни текинга берсак...

Корхонамиз (ЯСТ тўловчиси) балансида 2008 йилда харид қилинган бир нечта автомобиль мавжуд. Улардан бири – «Матиз» автомобилини бошқа шахсга текинга беришга қарор қилдик. Ушбу операцияни амалга оширишимиз мумкинми? Агар мумкин бўлса, бизни қандай солиқ оқибатлари кутади ва бунинг учун қандай ҳужжатлар расмийлаштирилади?

Адҳам Ўринов,

МЧЖ раҳбари.

Жиззах вилояти.

 

– Корхонангиз балансидаги мол-мулкни, хусусан автомобилни ўз хоҳишингизга кўра тасарруф қилишингиз, яъни текинга беришингиз мумкин.

«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамият­лар тўғрисида»ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон) 44-моддасига кўра, агар жамиятнинг уставида йирик битимларнинг анча катта миқдори назарда тутилган бўлмаса, бундай битимларни тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинадиган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланган жамият мол-мулки қийматининг 25 фоизидан ортиқ қийматга эга бўлган мол-мулкни жамиятнинг олиши, тасарруфидан чиқариши ёки жамият бевосита ёхуд билвосита мол-мулкни тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ бўлган битим ёки ўзаро боғлиқ бир неча битим йирик битим деб ҳисобланади. Жамиятнинг одатдаги хўжалик фаолияти жараёнида тузиладиган битимлар йирик битимлар деб эътироф этилмайди.

Бунда йирик битим натижасида жамиятнинг тасарруфидан чиқариладиган мол-мулкнинг қиймати унинг бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида, жамият оладиган мол-мулкнинг қиймати эса таклиф қилинган баҳо асосида аниқланади.

Бинобарин, йирик битимни тузиш тўғрисидаги қарор жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.

Демак, агар сизнинг ҳолатингиздаги мазкур битим йирик битимлар сирасига кирса, яъни берилаётган автомобилнинг қиймати жамият мол-мулкининг битим тузилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия ҳисоботи маълумотлари асосида белгиланган қийматининг 25 фоизидан ошса (агар уставда йирик битимнинг янада юқори миқдори назарда тутилган бўлмаса), уни тузиш тўғрисидаги қарор жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилиниши керак.

Шуни билингки, Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранс­порт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсга беришни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (7.03.2006 йилдаги 38-сон) биноан 2008 йил 1 декабрдан бошлаб, нотариуслар томонидан автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ишончномаларини, бошқа шахсга бериш (олди-сотди, алмаштириш, ҳадя этиш, рента), ижарага бериш, текин фойдаланиш, гаровга қўйиш, лизинг шартномаларини нотариал тасдиқлаш фақат «Давлат белгиси» ДИЧБ томонидан тайёрланадиган, ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган қатъий ҳисобот бериладиган гербли (махсус) бланкаларда амалга оширилади.

Бошқа шахсга бериш шартномалари нотариал тасдиқланиб, рўйхатдан ўтказилиши керак, фойдаланиш ва (ёки) тасарруф этиш ҳуқуқига ишончномалар ва ижарага бериш, текин фойдаланиш, гаровга қўйиш, лизинг шартномалари эса Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ДЙҲХХ органларида ҳисобга қўйилиши керак.

Шу тариқа, сизнинг ҳолатингизда автомобилни текинга бериш ҳадя шартномаси билан расмийлаштирилади, у нотариал тасдиқланиши керак. Автомобиль текинга берилаётганда албатта асосий воситалар объектини қабул қилиш-топшириш далолатномаси ва ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади.

Солиқ оқибатлари масаласига келсак, Солиқ кодексининг 355-моддасига кўра, солиқ солиш мақсадида ялпи тушум таркибига Кодекснинг 132-моддасида назарда тутилган бошқа даромадлар киритилади. Бошқа даромадларга товарларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ бўлмаган операциялардан олинадиган даромадлар, жумладан Солиқ кодексининг 133-моддасига мувофиқ асосий воситалар ва бошқа мол-мулк чиқиб кетишидан олинадиган даромадлар ҳам киради.

Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган асосий воситалар ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинадиган фойда асосий воситалар ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинадиган даромаддир.

Асосий воситалар ва бошқа мол-мулк объектларининг чиқиб кетишидан олинадиган молиявий натижани (фойдани ёки зарарни) аниқлашда асосий воситалар ва бошқа мол-мулк объектларининг илгариги қайта баҳолашлардаги ортган суммасининг ушбу асосий воситалар ва бошқа мол-мулк объекти қийматининг илгариги қайта баҳолашлардаги камайиши суммасидан ортган қисми асосий воситалар ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинган даромад таркибига киритилади.

Демак, ягона солиқ тўлови ҳисоб-китоби чоғида солиқ солинадиган базага асосий воситалар чиқиб кетишидан олинган даромадлар киритилади. Асосий воситалар қолдиқ қиймати бўйича текинга берилганида ЯСТга доир солиқ оқибатлари берилаётган
объект илгари қўшимча баҳоланган тақдирдагина, яъни қайта баҳолаш сальдоси берилаётган активнинг қолдиқ қийматидан ошган тақдирда юзага келиши мумкин.

Солиқ кодексининг 356-моддаси биринчи қисмининг 7-бандига асосан тўлиқ амортизация қилинган асосий воситаларни реализация қилишдан ёки тугатишдан олинган даромадлар чегириб ташланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ялпи тушум солиқ солинадиган база бўлиб ҳисобланади.

Шу тариқа, тўлиқ амортизация­ланган асосий воситаларни беришдан олинган фойдага ЯСТ солинмайди.

Жавобни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ

тайёрлади.

Прочитано: 2425 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика