Ёлғиз пенсионерларга ер солиғи бўйича имтиёз бериш амалиётининг барқарорлиги масаласи (Солиқ кодекси (СК) 290-моддасининг 5-банди) «Солиқ ва божхона хабарлари» босма версиясининг икки материалида* ва gazeta.norma.uz сайтида материалларга шарҳларда муҳокама қилинди. Муҳокама жараёни билан бир вақтда таҳририят экспертлари солиқ инспекциялари ва ижтимоий таъминот органларида бўлиб, ушбу органларга қўнғироқ қилиб, қонун ҳужжатларининг муҳокама қилинаётган қоидаларини давлат тузилмаларининг ходимлари амалда қандай қўллаётганликларини таҳлил қилдилар.
Бугун биз уларнинг хулосаларини чоп этиб, мавзу муҳокамасини якунлаймиз.
*«Сиз бир оиласиз» («СБХ», 6.08.2013 йилдаги 31 (991)-сон; «Ёлғизларга имтиёз берилади» («СБХ», 13.08.2013 йилдаги 32 (992)-сон).
СОЛИҚ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ БЎЙИЧА
«Ер солиғидан қуйидагилар озод қилинадилар: ... ёлғиз пенсионерлар. Ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногирон боласи билан алоҳида уйда бирга яшовчи пенсионерлар ёлғиз пенсионерлар деб тушунилади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномаси асосида берилади» (СК 290-моддасининг 5-банди).
ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТ ВА МУҲОФАЗА ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ БЎЙИЧА
«Ёлғиз пенсионер» тушунчаси Ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш тартибида (АВ томонидан 23.02.2000 йилда 900-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин Тартиб) мавжуд. Ушбу таърифга амалиётда ижтимоий ҳимоя органлари томонидан маълумотнома бериш асосланади, у мавжуд бўлганда, Солиқ кодексига биноан, ёлғиз пенсионер ер солиғидан озод этилиши мумкин. Мазкур Тартибда, шунингдек ижтимоий таъминот ва ҳимояга татбиқан олганда ким ёлғиз эмас, лекин муҳтож кекса, пенсионер ва ногирон ҳисобланиши белгиланган. Уларга бериладиган имтиёзларнинг тавсифлари ва ҳажми ёлғиз пенсионерлар учун назарда тутилганидан бир қадар бошқача.
«Қўшимча манзилли ижтимоий ёрдамга муҳтож ёлғиз кекса, пенсионер ва ногирон деб алоҳида уй, квартира, ётоқхонада ёлғиз яшайдиган ва болалари (шу жумладан асраб олган болалари), ота-онаси, эри (хотини), васийси, ҳомийси бўлмаган белгиланган пенсия ёшига (эркаклар – 60 ёш, аёллар – 55 ёш) етган ва ундан ошган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, ёшидан қатъи назар, I ёки II гуруҳдаги ногирон эътироф этилади.
Муҳтож кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга қўшимча ижтимоий ёрдам берилиши мумкин, агар:
улар маъмурий ҳудуд (маҳалла, қўрғон, овул ва бошқа)дан ташқарида яшайдиган, бироқ уларга доимо турли хил моддий ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлмаган қариндошларга эга бўлсалар;
уларнинг болалари ёки ота-оналари, эри (хотини) узоқ муддат даволанишда ёки озодликдан маҳрум қилиш жойларида бўлсалар;
кекса, пенсионер ва ногирон эр ва хотин биргаликда яшашса ва қариндошларга эга бўлишмаса;
улар ногирон бола билан бирга яшашса (Тартиб II бўлимининг 1-банди).
ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ ВА ИЖРО АМАЛИЁТИ
СК 290-моддасининг 5-бандида белгиланганидек, ер солиғи бўйича имтиёз олишга даъвогар пенсионернинг ёлғизлигини, яъни алоҳида уйда бир ўзи ёки вояга етмаган болалари ёхуд ногирон боласи билан бирга яшашини солиқ органлари, табиийки, мустақил тарзда аниқлай олмайдилар – бунинг учун уларда штат ҳам, ҳуқуқий ваколат ҳам йўқ. Шу боис улар Пенсия жамғармаси бўлимининг маълумотномасига** асосланадилар. Мазкур бўлимдан маълумотномани эса пенсионер, агар у ёлғиз пенсионер сифатида ҳисобда турса ва тегишинча унинг учун назарда тутилган ижтимоий имтиёзлардан фойдаланаётган бўлсагина олиш мумкин.
Ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлар ҳисобини Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш туман (шаҳар) марказлари (бундан кейин – Марказлар) ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари юритадилар, улар пенсионернинг аризаси ёки мурожаатига қараб дарҳол ёлғиз шахснинг турар жой-маиший ва моддий шароитларини текширадилар.
Марказда ҳисобга қўйиш учун қуйидаги ҳужжатлар зарур:
ёлғиз кекса, пенсионер ёки ногироннинг аризаси ёхуд фуқаролар йиғини (маҳалла, қўрғон, овул ва бошқа) оқсоқолининг тавсияси;
ёлғиз кексанинг турар жой-маиший ва моддий шароитларини текшириш далолатномаси;
ёлғиз кексага уйда ижтимоий хизмат кўрсатиш заруратида Марказ томонидан бошқаларнинг парваришига эҳтиёж тўғрисида ТМК ёки ТМЭК хулосасини расмийлаштиришда ёрдам кўрсатилади.
Шу тариқа, Марказда ҳисобда турувчи ёлғиз пенсионер, агар у солиқ органларига Пенсия жамғармаси бўлимининг маълумотномасини олиб келса, албатта унинг турар жой-маиший ва моддий шароитлари тегишли текширишдан ўтган ҳамда СК 290-моддаси 5-бандининг талабларига риоя этилган бўлади, бу талаблар ёлғиз пенсионерга ижтимоий имтиёзлар беришни шартлайдиган омиллардан анча торроқдир.
Бироқ бунда яна қайта таъкидлаймиз: авж олган мусоҳабада экспертларнинг бир қисми ер солиғидан озод этилиш ҳуқуқига нафақат бир ўзи яшайдиган пенсионер, балки шунингдек алоҳида уйда бирга яшовчи эр-хотин пенсионерлар ҳам эга деган нуқтаи назарни ҳимоя қилди. Имтиёз уларга, деб таъкидлайди экспертларнинг ушбу қисми, ҳатто агар уларнинг ота-онадан алоҳида манзилларда яшовчи (прописка қилинган) балоғатга етган фарзандлари бўлса-да, болаларнинг сони ва фаровон яшашидан қатъи назар, берилиши керак. Ушбу ёндашув тарафдорлари, солиқ муносабатлари солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинишига асосланадилар. Агар бирор-бир ҳужжатнинг (бизнинг ҳолатимизда, масалан, ижтимоий ёрдам ва ҳимоя тўғрисидаги ҳужжатнинг) қоидалари солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ келмаса, уларни солиқ муносабатларида қўллаб бўлмайди.
Бундай ёндашув қанчалик ҳуқуқий асосланган бўлмасин, уни мазкур ҳолда амалга ошириб бўлмайди. Бунга ўзаро боғлиқ икки омил тўсқинлик қилади.
Биринчидан, СК 290-моддасининг худди шу 5-банди имтиёз берилишини ижтимоий таъминот ва фуқароларнинг маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларидан олинадиган ҳужжатларда асослашни тақозо этади. Ва иккинчидан, кўрсатилган органлар солиқчиларга ёлғиз пенсионер тўғрисидаги маълумотларни фақат уларнинг бундай шахсларни ижтимоий таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича фаолиятларини тартибга солувчи меъёрий талабларга мувофиқ юритадиган ҳисоб асосидагина тақдим этишлари мумкин. Ер солиғи бўйича имтиёзлар тақдим этиш учун талабларга мувофиқ келадиган алоҳида маълумотлар Марказларда ҳамда Пенсия жамғармаси бўлимларида мавжуд эмас. Ёлғиз пенсионерларнинг ижтимоий имтиёзларга оид ҳуқуқларини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларда эса ер солиғи бўйича имтиёз ва солиқчиларга тақдим этиладиган маълумотларнинг хусусиятлари тўғрисида умуман сўз йўқ.
Шундай экан, экспертлар қанчалик баҳслашмасинлар, амалда солиқчилар ижтимоий соҳа учун қоидалар бўйича юритиладиган ҳисоб маълумотларидан фойдаланишга мажбурлар, ёлғиз пенсионер эса ушбу қоидаларга кўра – ҳақиқатан ҳам бир ўзи яшайдиган пенсионердир (ёлғиз ёки ёлғиз бўлмаган, бироқ муҳтож пенсионер учун фарқлар ҳам бугунги «Ёлғиз ва муҳтожга ижтимоий ёрдам» тахламида келтирилган. Ушбу ахборот мавзуга бевосита алоқадор бўлмаса-да, бироқ фойдали. Яна мавзу муҳокамасига қайтамиз).
Кенг баҳслашилган масалага келсак... Бу борада ижтимоий таъминот тизими ходимлари тажрибаларини баҳам кўрдилар. Агар пенсионернинг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи илтимос билан мурожаат қилса, эр-хотин пенсионернинг иккови ёрдам ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ҳолларда, улардан бирини Марказлар ёлғиз пенсионер сифатида ҳисобга олишлари ҳамда тегишли имтиёз ва компенсацияларни тақдим этишлари мумкин. Агар у ер участкасининг мулкдори бўлса, унга ёлғиз пенсионер мақоми тўғрисида маълумотнома ҳам беришлари мумкин ва, тегишинча, солиқ органлари ер солиғи бўйича имтиёз берадилар. Бироқ эр-хотинларга нисбатан бундай ҳол кўп учрамайди. Кўпчилик ҳолларда эса уйда икки ёки ундан кўп қон-қариндош одам яшаса, ҳатто уларнинг ҳаммаси пенсия олса ҳам, ижтимоий таъминот тизимлари уларнинг бирортасига ёлғиз пенсионернинг мақоми тўғрисида маълумотнома бермайди. Солиқ кодексидан аён бўлиб турибдики, модомики мақом тўғрисида ҳужжат йўқ экан – СК 290-моддасининг 5-банди бўйича ер солиғидан озод қилиш ҳам бўлмайди.
**Илгари Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари ёлғиз пенсионерларга имтиёз ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжат сифатида пенсия гувоҳномаларига махсус қўшимча варақлар берарди. Бироқ ушбу бўлимларда тушунтиришларича, қўшимча варақларнинг бланкаларини анчадан бери олишмайди, улар тугаган ва маълумотномалар бемалол уларнинг ўрнини босяпти. Шу муносабат билан бўлим ходимларининг айтишича, на уларда, на имтиёз ҳуқуқини тасдиқлайдиган маълумотномаларни олувчи ёлғиз пенсионерларда бу борада муаммо мавжуд эмас.
ЁЛҒИЗ ВА МУҲТОЖГА ИЖТИМОИЙ ЁРДАМ
Қўшимча манзилли ижтимоий ёрдам (Президентнинг 30.05.2011 йилдаги ПҚ-1542-сон қарори билан тасдиқланган 2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастурига қаралсин) нафақат ёлғизларга, балки ёлғиз деб эътироф этилмайдиган, бироқ муҳтож кексалар, пенсионерлар ва ногиронлар деб топиладиган бошқа тоифадаги шахсларга ҳам тақдим этилади (Тартиб II бўлими 1-бандининг иккинчи хатбошиси). Хусусан, улар қуйидаги ҳолларда қўшимча манзилли ижтимоий ёрдам олишга умид қилишлари мумкин, агар:
маъмурий ҳудуд (маҳалла, қўрғон, овул ва бошқа)дан ташқарида яшайдиган, бироқ уларга доимий тарзда турли хил моддий ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлмаган қариндошларга эга бўлсалар;
уларнинг болалари ёки ота-онаси, эри (хотини) узоқ муддатли даволанишда ёки озодликдан маҳрум этиш жойларида бўлсалар;
кекса, пенсионер ва ногирон эр-хотин бирга яшашса ва қариндошлари бўлмаса;
ногирон бола билан бирга яшасалар.
Бироқ белгиланган тартибда ёлғиз деб эътироф этилган фуқаролар яна қуйидаги ҳуқуқларга ҳам эгалар (Президентнинг 27.05.1991 йилдаги ПФ-212-сон Фармони 1-банди):
умумий фойдаланишдаги шаҳар йўловчи ташиш транспортида (таксидан ташқари) ва қишлоқ жойларда ўзлари яшайдиган маъмурий туман ҳудудида умумий фойдаланишдаги автотранспортда бепул юриш ҳуқуқи;
шифокорлар рецепти билан бериладиган дорилар учун ҳақ тўламаслиги;
белгиланган миқдордаги энг зарур молларни бепул олиш.
Бундан ташқари, улар уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича ЭКИҲнинг 45%и миқдорида ойлик компенсация пул тўловлари олиш ҳуқуқига эгалар (Президентнинг 13.04.2005 йилдаги ПФ-3596-сон Фармони билан тасдиқланган Уй-жой-коммунал хизматларига ҳақ тўлаш бўйича ойлик компенсация пул тўловлари бериладиган имтиёзли тоифадаги шахслар рўйхатининг 3-банди). Ушбу тўловларни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Марказлар тақдим этадиган маълумотларга кўра тайинлайди ва тўлайди.
Ижтимоий имтиёзларга ҳуқуқларни тартибга соладиган ҳужжатларда, аввалроқ кўрсатиб ўтилганидек, солиқ имтиёзларини олиш имконияти ва тартиби эътиборга олинмаган.
СОЛИҚ ИНСПЕКЦИЯЛАРИ, ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТ ВА ҲИМОЯ ҚИЛИШ, МАҲАЛЛИЙ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИГА БОРГАНИМИЗДА...
Бизга нима деб жавоб беришди
Саволлар берарканмиз, биз турли вазиятлардан келиб чиқдик: гоҳ бутунлай ёлғиз яшайдиган ёшга доир пенсионер, гоҳ эр-хотин бўлиб яшаётган пенсионер нуқтаи назаридан туриб ер солиғидан озод этиш ҳуқуқи билан қизиқдик. Баъзида биз умуман болалари бўлмаган, гоҳида эса болалари бўлган, бироқ улар бошқа манзил бўйича битта шаҳар доирасида (республиканинг бошқа минтақасида, Ўзбекистондан ташқарида) яшайдиган ёлғиз пенсионерлар номидан сўз юритдик.
Солиқ инспекцияларида суҳбатдошларимизнинг кўпчилиги бош қотириб ўтирмасдан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг ёлғиз пенсионер мақомини тасдиқлайдиган маълумотномасининг борлигини эътибор марказига қўядилар. Агар пенсионерга маълумотнома берилган бўлса – унинг мақоми бор, демак унга ер солиғи бўйича имтиёз тақдим этиш мумкин.
СКдаги ёлғиз пенсионер аломатлари ижтимоий таъминот бўйича қонун ҳужжатларидан анча фарқланиши ва ер солиғи бўйича имтиёзларга пенсионерларнинг анча кенг доираси даъвогар бўла олиши мумкинлиги ҳақидаги фикрларимизга улар сабр-тоқат билан сукут қилдилар. Солиқчилар очиқдан-очиқ мавзуни «чуқурлаштиришга» хайрихоҳлик билдирмадилар ва имтиёзга даъвогарнинг ҳуқуқларини текшириш учун жавобгарлик ижтимоий хизмат ходимлари зиммасига юкланишини эслатдилар.
Суҳбатдошларимизни бир савол тараддудга солиб қўйди: солиқ имтиёзи ногиронлик бўйича пенсионерга ҳам бериладими ёки у фақат ёшга доир пенсионерларгами? Жавоб шундай бўлди: пенсионер ижтимоий таъминот органларидан ёлғиз пенсионер мақоми тўғрисида ҳужжат олиб келса – имтиёз берилади.
Маҳалла ўзини ўзи бошқариш органларида на солиқ тўғрисидаги ҳужжатлар, на ижтимоий қонунчиликдаги таърифларга умуман муштарак бўлмаган талқинлар бир неча маротаба янгра-
ди, – бу эса жуда ҳам ташвишли ҳол. «Агар ҳеч қандай қон-қариндоши бўлмаса, ҳеч кимга мерос қолдира олмаса – ўша ёлғиз». «Агар кишига ёрдам берилса-ю, сўнгра унинг мол-мулки давлат ихтиёрига ўтадиган бўлса – ўша ёлғиз». Бундай мулоҳазаларнинг пайдо бўлиши, фикримизча, имтиёз бериладиган шахсларнинг мақоми ва ҳуқуқларини янада батафсилроқ изоҳларни талаб қилади. «Ёлғиз пенсионер»га қонун ҳеч қандай мулкий чеклашларни юкламайди. Ушбу мақомга эга бўлган киши ҳам, ҳар қандай фуқаро каби, ўзининг мол-мулкини ўз хоҳиши бўйича тасарруф этиши – уни жисмоний шахс ёки ташкилотга васият қилиши, совға қилиши, сотиши мумкин... Жамоатчилик тасаввурида имтиёзга ҳуқуқларни расмийлаштириш масаласини ҳал қилишни бирор-бир ноқонуний чеклашлар ёки талаблар билан боғлаб олиб боришга йўл қўйиб бўлмайди. Қонун ҳужжатларида ёлғиз пенсионер мақомини янада батафсил тавсифлаб бериш бундай имкониятнинг ҳам олдини олар эди.
ЯКУН ЧИҚАРАМИЗ
Эътиборни қуйидаги ҳолга қаратишни хоҳлардик.
«Ёлғиз пенсионер» мақомига эга шахсларга бериладиган имтиёзларнинг ҳажми ва мазмуни қонунлар ёки ҳукумат ҳужжатлари билан белгиланган. Ушбу мақомнинг ўзи идоралараро даражадаги ва бир ижтимоий соҳадаги муносабатларни тартибга соладиган таърифда ғоятда батафсил очиб берилган. Бундан ижрочиларда иккиланиш юзага келган: идоравий ҳужжатнинг қоидаларини улар бошқа соҳаларда тўқнаш келадиган аниқ масалалар учун қўллаш мумкинми? Агар улар ҳозирдагидан юқорироқ юридик кучга эга ҳужжатларда батафсил ва бир маънода қайд этилган бўлса, айтилган мақом тўғрисидаги қоидалар ишончлироқ ва барқарорроқ қўлланган бўлармиди.
Агар ер солиғи бўйича имтиёзлардан «ёлғиз пенсионерлар» сифатида бошқа ижтимоий қонунчилик бўйича белгиланганига қараганда янада кенгроқ шахслар доираси фойдаланиши мумкинлигини эътироф этсак, бундай шахсларнинг алоҳида ҳисоби ва уларнинг имтиёзларга ҳуқуқларини текшириш зарур. Бу иш катта харажатлар билан боғлиқ ва реал бўлиши даргумон. Ўзга ҳолда «ёлғиз пенсионер» мезонларини солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва ижтимоий қонунчиликда уларни ўзаро яқинлаштириш ёки ер солиғи бўйича имтиёзлар берилиши учун Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси асос ҳисобланади деб қатъиян белгилаш ҳамда СК 290-моддасининг 5-бандидан «ёлғиз пенсионер» тушунчасининг мустақил таърифини чиқариб ташлаш лозим. Ҳозир эса солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва ижтимоий қонунчилик ўртасидаги тафовут юридик жиҳатдан асосланган талабларни туғдиряптики, уларни қондириш учун амалий дастаклар мавжуд эмас.
Давлат ижтимоий мадад масалаларида, маълумки, икки нарсага интилади: бир тарафдан, муҳтож фуқаролар ижтимоий ҳимоя ва моддий мададга эга бўлишлари керак; бошқа тарафдан эса – ушбу мадад манзилли бўлиши керак. Мутлоқ ёлғиз яшовчи пенсионерлар орасида ҳам ғоятда таъминланган кишиларнинг учраб туриши тушунарли. Нимага бўлмаслиги керак? Бирга яшовчи, кам таъминланган эр-хотин пенсионер давлат нуқтаи назаридан қараганда солиқ имтиёзларини тақсимлаш борасида манзилли гуруҳ ҳисобланмаслиги ҳам мумкин. Бунда кимга ва қандай имтиёзлар берилишини ҳал қилиш – қонун чиқарувчининг ваколати. Бироқ қонун чиқарувчининг ҳар қандай қарори мумкин бўлган барча даражаларда бир хилда тушунилиши ва қўлланиши керак. Агар бундай бўлмаса, давлат органининг ходими мураккаб масалада ўзини эҳтиёт қилишни афзал билади ва барча мумкин бўлган меъёрнинг энг қатъий вариантини танлайди. Қонун ҳужжатларининг зиддиятли қоидалари яна заиф тарафнинг манфаатларига қарши бўлади. Лекин сўз ёлғиз ва ҳимоясиз кишилар тўғрисида бораётганлигини унутмаслик керак...