Ўзбекистондан ташқарига хизмат сафарига юбориладиган ходимларга нақд шаклда АҚШ долларида суткалик пуллар берилади. Қулайлик учун улар шахсий пластик карточкаларига депонентланиб, хизмат сафари даврида республикадан ташқарида маблағлар ана шу карточкалардан сарфланади.
Қайтиб келгач, ходимлар бухгалтерияга бўнак ҳисоботи билан бирга ҳақиқий харажатларни тасдиқлайдиган ҳужжатлар: борган мамлакати валютаси ва АҚШ долларида суммани кўрсатган ҳолда (шу жумладан алмаштириш курсини кўрсатиб) меҳмонхонада яшаганлик учун тўловнома (счёт), пул маблағлари пластик карточкадан олинганлиги тўғрисида квитанция ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган бошқа ҳужжатларни тақдим этадилар.
Бундан ташқари, хизмат кўрсатувчи банкнинг АҚШ долларида ҳақиқатда сарфланган маблағларни тасдиқлаш учун кўчирмаси тақдим этилади (уларни картадан олиш тўғрисида квитанция мамлакат валютасида кўрсатилган, банк кўчирмасида эса ушбу сумма хизмат кўрсатувчи банкнинг алмаштириш курсини кўрсатган ҳолда АҚШ доллари ва мамлакат валютасида берилган). Бинобарин, хизмат сафаридан қайтган ҳисобдор шахс якуний бўнак ҳисоботида суммани, банк кўчирмасига мувофиқ, АҚШ долларида кўрсатади.
Бироқ компания бухгалтерияси келиш кунидаги ЎзР МБ курси бўйича хорижий валюталарнинг кросс-курс усулини қўллаб, якуний ҳисоб-китоб қилади. Бунда картадан ҳақиқатда олинган сумма ҳисобга қабул қилинмайди. Оқибатда хизмат сафарига юборилган мамлакат валютаси билан ходим томонидан қопланадиган АҚШ доллари ўртасида курс фарқи юзага келади.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, хорижий валютани ҳақиқатда сарф қилиш хусусида гувоҳлик берувчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда кросс-курсни қўллаш тўғрилигини тушунтириб берсангиз.
– Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартибига1 кўра бўнак ҳисоботи ташкилот бухгалтериясига хизмат сафаридан қайтиб келингандан кейин 3 иш кунидан кечиктирмай бўнак олинган валютада тақдим этилади. Хизмат сафари натижалари бўйича якуний ҳисоб-китоб ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳақиқий харажатлар бўйича, белгиланган меъёрлар ва қўшимча тўловларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ҳар ҳафтада эълон қилинадиган курс бўйича бўнак ҳисоботини қабул қилиш кунига амалга оширилади. Сўм курсининг чет эл валютасига нисбатан жорий ўзгаришидан юзага келадиган курсдаги фарқлар ҳисобда амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ акс эттирилади. Бўнак ҳисоботида кўрсатиладиган барча харажатлар тегишли равишда расмийлаштирилган ҳужжатлар билан, шунингдек ташкилотнинг раҳбари томонидан ҳам тасдиқланган бўлиши керак.
Шу тариқа, бухгалтерия ҳисобида Марказий банк курсидан фарқ қилувчи курсни қўллаш назарда тутилмаган, шу сабабли меҳмонхона инвойсида кўрсатилган курсни бухгалтер қўллай олмайди. Хизмат кўрсатувчи банкнинг кўчирмаси юридик шахс учун бошланғич ҳужжатларга кирмайди, чунки у «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг2 9-моддасида белгиланган талабларга мувофиқ келмайди. Қонунга кўра бошланғич ҳисоб ҳужжатларининг мажбурий реквизитлари қуйидагилардир: корхонанинг (муассасанинг) номи; ҳужжатнинг номи ва рақами, у тузилган сана ва жой; хўжалик операциясининг номи, мазмуни ва миқдор ўлчови (натура ҳолида ва пулда ифодаланган ҳолида); масъул шахсларнинг шахсий имзолари.
Хизмат кўрсатувчи банкнинг кўчирмаси карта эгаси учун бошланғич ҳужжат ҳисобланади.
Долларда, яъни бўнак валютасида ва сўмларда ҳақиқатда қилинган харажатлар суммасини аниқлаш учун бухгалтерия томонидан кросс-курс қўлланади. Кросс-курс икки валюта ўртасидаги нисбат бўлиб, ушбу нисбат учинчи валюта курсига нисбат бўйича улар курсидан келиб чиқади. Жаҳон бозоридаги операцияларда одатда учинчи валюта бўлиб АҚШ доллари майдонга чиқадиган кросс-курслардан фойдаланилади, зеро АҚШ доллари нафақат асосий резерв валюта, балки кўпчилик валюта операцияларида битим валютаси бўлиб ҳам ҳисобланади.
Жавобни Ўзбекистон бухгалтерлар
ва аудиторлар миллий уюшмасининг
экспертлари тайёрладилар.