Кичик корхонамиз чакана ва улгуржи савдо фаолияти билан шуғулланади. Корхонамизнинг ходимлари бир қисмининг иши қатнов ёки сайёр тусга эга деб ҳисоблаймиз. Чунки ушбу ходимлар айрим товарларни харидорга етказиб, уларга сотувдан кейин тегишли хизматлар кўрсатадилар.
Мазкур ходимларга ҳар ойда йўл карточкалари бериб борамиз. Ушбу йўл карточкалари қийматини ходимларнинг даромади таркибига киритиш ва улардан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ушлаш керакми ёки йўқми?
Абдували Сарижонов,
кичик корхона раҳбари.
– Солиқ кодекси 171-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандига кўра, юридик шахслар амалга оширадиган диний расм-русумлар ва маросимларни, байрам тантаналарини ўтказиш, вакиллик харажатлари, шаҳар йўловчилар транспортида ходимларнинг хизмат қатновлари учун фойдаланиладиган йўл карточкаларини олиш, шунингдек юридик шахснинг ходимларнинг меҳнат ва дам олиш шароитларини таъминлаш билан боғлиқ ҳамда муайян жисмоний шахсларнинг даромади ҳисобланмайдиган бошқа харажатлар жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди.
Шундан келиб чиқиб, корхона томонидан шаҳар йўловчилар транспортида ходимларнинг хизмат қатновлари учун фойдаланиладиган йўл карточкаларини олиш харажатлари, агар мазкур ходимларнинг корхонадаги иши хизмат қатновлари билан боғлиқ ва улар учун ойлик йўл карточкалари олинадиган ходимларнинг рўйхати белгиланган бўлса, жисмоний шахсларнинг жами даромади таркибига киритилмайди.
Сиз иши қатнов тусида бўлган лавозимларнинг рўйхатини тегишли буйруқ билан тасдиқлаб қўйишингиз керак. Йўл карточкалари ходимларга қайднома бўйича берилади.
Юқорида кўрсатилган шартлар бажарилганида, ходимларга бериладиган йўл карточкаларининг қийматини корхонанинг ходим даромади ҳисобланмайдиган ва, тегишинча, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайдиган харажатлари деб баҳолаш лозим бўлади.
Жавобларни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.