Энг илғор технологияларни, илмий-техникавий изланишларнинг энг сўнгги ютуқларини, юксак малакали кадрларни жалб қилишни тақозо этадиган автомобилсозлик мустақиллик Ўзбекистон иқтисодий ҳаётига нақадар улкан ўзгаришлар олиб келганига ёрқин мисолдир. Йигирма икки йил аввал оддий велосипед ишлаб чиқарадиган корхона қуришни орзу қила олмаган мамлакатимиз тарихан ғоят қисқа вақтда эришди бу муваффақиятга!
Мустақилликка эришганимиздан кейин орадан бор-йўғи беш йил ўтиб ўз машинамиз чиқа бошлади. Тарихда бўлмаган воқеа бу! Президентимиз Ислом Каримов 1996 йил 19 июль куни Асака автомобиль заводининг очилишига бағишланган маросимда бундай деган эди: «Бир вақтлар мен катта умидлар билан: «Қани энди, бизнинг юртимизда ҳам ўзбек йигит-қизлари, Ўзбекистон фуқаролари бошқа тараққий топган давлат ва минтақалардагига ўхшаб, улардан ҳеч кам бўлмасдан, мана шундай замонавий енгил машиналарни бемалол миниб юрса!» деб ҳавас қилар эдим. Беш-уч йил олдин бундай ҳавас-умид ўзгалар у ёқда турсин, кўпчилик аҳолимизга ҳам афсонадай туюларди. Мана энди ана шу пок ва холисона ниятларимиз Оллоҳнинг инояти, марҳамати билан рўёбга чиқди».
Ўтган давр мамлакатимиз автомобилсозлиги учун том маънодаги юксалиш йиллари бўлди. Бугунги кунда автомобилсозлик соҳасида дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган «GM Ўзбекистон», «СамАвто», «JV MAN Auto – Uzbekistan», «General Motors Powertrain Uzbekistan» сингари кўплаб корхоналарда енгил ва юк автомобиллари, автобуслар, махсус машиналар, кенг турдаги бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилмоқда, ушбу корхоналарда минглаб юртдошларимиз иш билан таъминланган. Бозор шароити ишлаб чиқарилаётган автомобиль моделларини муттасил ўзгартириб, сифатини янада яхшилаб боришни тақозо этади. Чунки кучли рақобат шароитида муайян мамлакат бозорига кириб бориш, жой эгаллаш ва уни сақлаб туриш осон эмас. Маҳсулотни вақт ўтиши билан янада замонавийлаштириш, кўркамлаштириш, харидорбоплигини ошириш борасида мунтазам чора-тадбирлар кўрилмаса, замон билан ҳамнафас қадам қўйилмаса, тараққиётдан ортда қолиш ҳеч гап эмас. Шу боис мамлакатимиз автомобилсозлари истеъмолчиларнинг талаб ва таклифларини инобатга олган ҳолда, автомобилларни такомиллаштириш, моделлари турини кўпайтириш юзасидан мунтазам иш олиб бормоқда. Ҳозир «GM Ўзбекистон» корхонасида машҳур «Chevrolet» бренди билан «Malibu», «Captiva», «Lacetti», «Cobalt», «Nexia», «Spark», «Damas» автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда.
«Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси автомобилларимиз экспорти ҳажмини ва географиясини янада кенгайтириш юзасидан доимий иш олиб бормоқда. Бугунги кунда МДҲ мамлакатларида Ўзбекистон автомобиль саноатининг 250 дан ортиқ дилерлари фаолият кўрсатмоқда. Кейинги пайтда юк автомобиллари ва махсус машиналар ишлаб чиқараётган «JV MAN Auto – Uzbekistan» қўшма корхонаси Россия, Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон, Афғонистон каби мамлакатларда ўз маҳсулотлари сотувини йўлга қўйди.
Юқори сифат Ўзбекистон автомобилларининг ички ва ташқи бозорда харидоргирлигининг муҳим омилларидандир. Маҳсулот сифатини янада яхшилаш мақсадида ишлаб чиқариш тизимини, сифат назорати жараёнларини, бутловчи қисмлар етказиб берувчи корхоналарни ривожлантиришни қамраб олган чора-тадбирлар изчил олиб борилаётгани ўз самараларини бермоқда.
Автомобилсозликни ривожлантириш ва унинг ишлаб чиқариш салоҳиятини юксалтиришда маҳаллийлаштириш муҳим ўрин тутади. Бу иқтисодиётни барқарор тараққий эттириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, ишлаб чиқаришга янги ва самарали технологияларни татбиқ қилишни жадаллаштириш имконини бермоқда. Маҳаллий хом ашё ва ишлаб чиқариш ресурсларидан кенг фойдаланиш замонавий, рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлашни рағбатлантириш ва бутловчи қисмлар импортини қисқартириш ҳисобига валютани тежашга хизмат қилаётир.
Шу боис машинасозларимиз автомобиллар учун зарур кўплаб деталларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш устида мунтазам иш олиб бормоқда. Бамперлар, автомобиль ойналари ва ўриндиқлари, автомобиль салонининг ички қоплаш қисмлари, лок-бўёқ материаллари, тутунчиқаргичлар ва зарбага қарши балкалар, ёнилғи баклари, ташқи ёритиш воситалари, жгутлар, автомобиль электр ўтказгичлари, аккумуляторлар, ғилдирак дисклари ва шасси узеллари, ёнилғи насослари, генераторлар, компрессорлар ишлаб чиқарувчи ва бошқа ўнлаб корхоналар фаолият кўрсатмоқда. «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналар мамлакатимиздаги икки юздан зиёд корхона билан кооперация алоқаларини йўлга қўйган.
Мустақиллик – бу аввало ҳуқуқ, жумладан, ўз тараққиёт йўлини эркин белгилаш, меҳнатининг самарасини, роҳатини кўриш ҳуқуқи демакдир. Ушбу ҳуқуқ ўзлигимизни англаш, саховатли заминимиз бойликларини, халқимизнинг улкан яратувчанлик ва интеллектуал салоҳиятини Ватанимиз равнақи, ҳеч кимдан кам бўлмай яшашимиз, буюк орзуларимиз рўёби йўлида сафарбар этиш имконини берди. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақилликка эришгач, юртимизда қисқа вақт ичида автомобилсозликка асос солингани ва ушбу соҳа барқарор ривожлантирилаётгани, узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилаётган миллий автомобилларимиз ана шу ҳуқуқнинг ҳаётимиздаги ёрқин амалий ифодасидир.
ЎзА материали асосида
тайёрланди.