Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 29 / Кўп билган кам бўлмайди

Пул пулни чақирармиш

Бир хил рақамлар омад келтирадими?

Омадли пул (купюра) бойлик даракчиси деган ақида ҳам бор. Бундай пулни топилса бўлди – омад чопди деяверинг.
Банкнотадаги рақами одамнинг туғилган санаси, телефони, паспорти ёки автомобили рақамига тўғри ва мос келса, бундай пул омад келтиради дейишади. Пул рақами фирма очилган санага ёки рўйхатга олинганлик тўғрисидаги гувоҳнома рақамига монанд келган тақдирда ҳам у омадли саналади. Мабодо шунақа пул қўлга тушса, уни, албатта, ҳамёнга жойлаб ҳеч қачон ишлатмаслик керак.
Дарвоқе, бунақа банкнотларни қидириш сердаҳмаза иш. Шу сабабли ҳам омадли қоғоз пул ўз соҳибини ўзи топадиган ҳолларни мўъжизалар сирасига киритадилар.
Ўтган асрнинг 90-йиллари охирида Россияда қизиқ бир бизнес соҳаси юзага келди: пул ишлаб олиш истагидаги ўқувчилар исталган купюрани олиб, ундаги рақам бўйича қўнғироқ қилишган. Уддабурон болалар қўнғироққа жавоб берган одамларга қўлларидаги омадли пулни сотиб олишни таклиф қилишган. Тўғри, бунда пулни унинг ҳақиқий миқдоридан бир неча баравар кўпроққа ўтказишган. Қизиғи шундаки, бунақа келишувга кўпчилик бажонидил рози бўлган – ўз «оёғи билан келган» омад туморидан ким ҳам бош тортарди дейсиз?!

 

ИККИ ДОЛЛАР

Рақамларнинг мос келиши ҳадеб учрайвермайдиган нарса. Аммо омад келтиради деб қараладиган купюрали бўлиш истагидагилар ортиқча ташвишланмасалар ҳам бўлади – икки долларлик банкнота унинг ўрнини босиши мумкин. Бундай купюра жуда кам учрайди. Шу сабабли ҳам кимнинг қўлига шундай пул тушса, уни омад белгиси сифатида эҳтиётлаб қўяди.
Бир пайтлар икки долларлик банкнот ҳозиргидек қадрланмасди, аксинча у омадсиз саналарди. Маълум пайтлар уни чиқаришни тўхтатиб ҳам қўйишган. Одамлар бундай банкнотдан тезроқ қутилиш пайида бўлишарди. Бунинг мантиқий изоҳоти бор. Қачонлардир Қўшма Штатларда суюқоёқ аёллар ўз танларини икки долларга сотишарди. Сайловларда сайловчи овозини ҳам айни шунча долларга сотиб олиш мумкин бўлган. От пойгаларида ҳам тикиладиган пуллар ставкаси икки долларга тенг эди. Бунақа банкнот эгаларини ана шу ишларга алоқадорликда айблаш мумкин бўлган. Ахлоқ-одоб қоидалари тизгинлаб турган Америкада бундай «доғ» хизмат пиллапоясидан юқорилаб бориш ёки жамиятнинг гуллари деб саналган жамоага мансуб кишилар даврасида бўлиш йўлини узил-кесил беркитиб қўйиши мумкин эди.
Шу сабабли ҳам одамлар икки долларлик купюра ўзларини бадном қилиб қўйишидан ниҳоятда чўчирдилар. Бу банкнотга ёт кўз билан қаралишига яна бир сабаб бор эди: икки долларлик купюрани оддий халқ эркалаб айтадиган атама инглизчадаги «шайтон» сўзининг синоними эди. Бугунги кунда мазкур банкнот ўзини узил-кесил оқлаб олган ва камёблиги туфайли бемалол тумор ўрнига ўтиши мумкин.

РУС МУСАВВИРИ РЕРИХ ВА СИР-АСРОРГА ТЎЛА ДОЛЛАР


Кўпчилик бир долларлик банкнотни яхши билади, қўлига бундай пул кўп марта тушган бўлса керак. Лекин у ҳам омадли саналишини баъзилар билмаса керак. Зотан бундай купюра дастлаб назар ташлангандагига қараганда, анчагина мураккабдир. Унда Миср эҳроми тасвирланган бўлиб, унинг чўққисидаги кўз ифодаси валюта мустаҳкамлиги рамзи, тўкинлик белгиси ҳисобланади. Лекин унга синчковлик билан қаралса, талайгина қизиқарли нарсаларни кўриш мумкин. Масалан, унда эҳромнинг 13 поғонаси тасвирланган. Яҳудийларнинг кўҳна таълимотига кўра бу маърифатнинг 13 поғонасидир. Эҳромнинг ғиштлари шажаравийликка эга бўлган жаҳондаги барча пулларнинг бир бутунлигини мужассам этади, энг юқорида эса кўзли учбурчак турибди, бу – Коинот сарвари тимсолидир.
Банкнотанинг ўнг тарафида 13 та йўл-йўлдан ташкил топган қалқонни ҳамда 13 та барг ва шунча миқдордаги гулдан иборат акация навдасини ушлаган бургут тасвирланган. Унинг чап чангалида 13 та камон ўқи – уруш рамзидан ташкил топган боғлама. Тумшуғида 13 ҳарфдан иборат шиор ёзилган лента. Ундаги ёзувни кўп образлиликдаги бирлик сифатида таржима қилиш мумкин.
Бургут узра Ҳазрати Довуднинг 13 пентаграммадан иборат олти қиррали юлдузи жойлашган. Ана шу бағоят қизиқ расм муаллифлари ҳақида олимлар ҳанузга қадар баҳс-мунозара юритиб келадилар. Уларнинг аксарияти купюрадаги тасвирлар рус мусаввири ва сайёҳи Николай Рерих қаламига мансуб деб ҳисоблайдилар.
Банкноталар ўтган асрнинг 30-йиллари охирида кўпроқ хуфиёна ишлари билан танилган вице-президент Генри Уоллес томонидан муомалага киритилган. Бундай купюра жамики валютани ҳимоя этади ва вақтлар келиши билан уни жаҳондаги энг бақувват валютага айлантиради деб ҳисоблаб келинган. Дарвоқе, бир долларлик банкнот бошқаларига нисбатан анчагина кўп бўлиб, АҚШда босилаётган барча пуллар умумий ҳажмининг 45 фоизини ташкил этади. Хуллас, бунақа тумор ҳаммага етади!



ЯНГИ ЙИЛГА АТАБ ЧИҚАРИЛГАН ПУЛЛАР


Хитойда бошқа жойлардагига нисбатан омадли пулларга кўпроқ ишонишади. Хитой тақвими бўйича янги йил арафасида қизил хатжилдга солинган яп-янги пул бебаҳо ҳадя, зўр яхшилик белгиси саналади. Байрам арафасида чиқарилган купюралар айниқса қадрли саналади. Уларга талаб катта бўлгани сабабли ҳам банклар бир мижозга бериладиган банкнотлар миқдорини чеклаб қўйишга ҳам мажбур бўладилар.
Баъзи молия тузилмалари янги йил тантаналари арафасида янгиланган купюраларни чиқарадилар. Бу анча серташвиш ва катта чиқим талаб этадиган иш бўлса ҳам анъана барибир устунлик қилади. Қолаверса, омадли пул соҳиби бўлиш кимга ёқмайди дейсиз. Хитой халқи айниқса байрам рамзи – шер тасвири туширилган купюраларни хуш кўради.

 


ҒАЛАТИ ТУРМАК


1954 йили Канадада банкнотлар билан боғлиқ қизиқ ҳодиса рўй берган. Турли қийматга эга бўлган янги пуллар чиқарилаётганда қирол Георг VI қиёфасини Елизавета II қиёфаси билан алмаштиришади. Бироқ купюралар муомалада пайдо бўлишига улгурмай, кимдир қироличанинг турмагида шайтон тасвирланган деб гап тарқатади.
Табиийки, мусаввир иш бунақа тус олишини истамаган – бу ҳол кутилмаганда рўй берган. Аммо бундай банкнотлар ўз соҳибларига ҳам, давлатга ҳам омад келтириши мумкин эмас деган гап-сўзлар тез тарқалади.
Купюраларни дарҳол муомаладан йиғиштириб оладилар ва Елизаветанинг турмаги рисоладагидек бўлган янги банкнотлар босиб чиқарадилар. Лекин аввалги банкнотлар, агар уларни топишга муваффақ бўлинса, омад келтиради деб ҳисобланади. Ҳозирги кунда уларни ҳатто сотиб олиш ҳам мумкин: Бундай «тумор» 30 долларга тушади, 100 Канада доллари деб ёзилган эски купюраларни эса 350 доллардан сотишмоқда.


МИЛЛИЙ САОДАТ


Инқилобдан олдинги Россияда ҳам ўзининг омадли купюралари бўлган. Ўша кезлари қатъий қоида амал қилган: пул босиб чиқаришда банкнотага банк бошқарувчиси ва кассирлари имзо қўйишган. XIX аср охирларида банкда Брут фамилияли кассир ҳам ишлаган бўлиб, у ҳам купюраларга ўз имзосини қўйган. У ўзини осиб ўлдирган деган гаплар юради, лекин унинг имзоси қўйилган банкноталарга омадли деб қаралади.
Ўлим билан якун топган умр ва омад келтирадиган купюра ўртасида қанақа муштараклик бўлиши мумкин деб ўйланасан киши. Ўша даврларда ўлимга ҳукм қилинган кишиларни кўпинча осиш билан ҳаётдан маҳрум этиларди. Қатлни ижро этишда восита вазифасини бажарган арқон омад келтиради деган ирим бор. Шу сабабли бўлса керак, ҳар ким бундай арқондан бир бўлак бўлса ҳам олишни истарди. Осиб ўлдирилган Брут имзоси қўйилган купюралар, буни қарангки, шу вазифани ўтаган. Бундай банкнотларни эҳтиётлаб келишган. Инқилобдан кейин узоқ йиллар мобайнида ҳам баъзи одамларнинг ҳамёнида бунақа пуллар яп-янгилигича турган.

Омадли пуллар бор-йўқлиги муаммосини ҳал этиш ўзингизга ҳавола. Лекин кимдир омадга ишонса, бойлик, давлат оқиб келиши учун омадли банкнотларни бемалол тўплайверса бўлади. Ким билсин, балки чиндан ҳам улар омад келтирар...
Хорижий матбуот
материалларидан.

Прочитано: 6886 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика