Бизнинг МЧЖ чакана савдо билан шуғулланади (ХХТУТ бўйича коди – 71211). Солиқ органлари ягона солиқ тўловини тўлайдиган корхонамиздан ЯСТнинг энг кам миқдорини тўлашни талаб қилишяпти. Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда ЯСТнинг энг кам миқдори чакана савдо корхоналарига татбиқ этилмаслиги кўрсатилган.
Президентнинг 15.12.2010 йилдаги ПҚ-1442-сон қарори ва ВМнинг 3.10.2011 йилдаги баённомасига мувофиқ Қорақалпоғистон ишлаб чиқаришини ривожлантиришнинг минтақавий Инвестиция дастури ишлаб чиқилган, унга бизнинг корхонамиз ҳам «Газ қуйиш шохобчаси қурилиши» лойиҳаси билан киритилган. СК 282-моддаси иккинчи қисмининг 18-бандига кўра солиқ солинмайдиган ер участкаларига Инвестиция дастурига киритилган объектлар қурилиши учун ажратилган ва уларга юкланган вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланиладиган ерлар киради.
Юқорида баён этилганлар асосида биз корхонамизга ЯСТнинг энг кам миқдорини тўлашдан озод этиш имтиёзи қўлланиши керак деб ҳисоблаймиз. Шу муносабат билан имтиёзларни қўллаш тартибини тушунтириб берсангиз.
М.Жаулибоев.
– Чакана савдо корхоналарига қатъий белгиланган солиқ кўринишида ёки ер солиғининг 3 баравари тарзида энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўлаш тартиби татбиқ этилади. ЯСТ ҳисоб-китобида унинг базаларидан фақат биттаси (энг кам миқдор) ҳисобга олинади.
База тури (қатъий белгиланган ёки ер солиғи) реализация қилинадиган товарнинг турига боғлиқ. Чунончи, агар корхонанинг асосий фаолият тури бўлиб қуйидаги товарларнинг чакана савдоси ҳисобланса:
якка тартибдаги тадбиркорларга реализация қилиш тақиқланган товарлар бўлса, корхона ЯСТни ер солиғининг 3 бараварини ҳисобга олган ҳолда тўлайди. Бундай товарларга нефть маҳсулотларининг барча турлари, ўсимлик мойи, алкоголли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари, янги импорт автомобиллари ва фармацевтика товарлари, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар ёхуд бундай материаллар қўлланилган буюмлар, аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурлар киради (ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон қарори билан тасдиқланган Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатининг 1 ва 3-позициялари);
якка тартибдаги тадбиркорларга реализация қилиш рухсат берилган, яъни юқорида кўрсатилмаган барча қолган товарлар бўлса, бундай корхонага Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) мувофиқ қатъий белгиланган солиқни ҳисобга олган ҳолда ЯСТни тўлаш тартиби татбиқ этилади.
Агар корхонангиз ер солиғининг 3 баравари суммасини ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўловчилар тоифасига кирса, сиз ЯСТ ҳисоб-китобида Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (МВ, ИВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 3.03.2011 йилдаги 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – 2203-сон Низом) амал қилишингиз керак. Унда ер солиғи базасини ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўлаш тартиби татбиқ этилмайдиган юридик шахсларнинг рўйхати белгиланган. Улар:
ЯСТни қатъий белгиланган солиқ тарзида энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби амал қиладиган чакана савдо корхоналари;
ЯСТ тўловчиси бўлмаган юридик шахслар;
ЯСТ тўлашдан тўлиқ озод этилиш кўринишида имтиёзга эга бўлган юридик шахслар;
уларга нисбатан ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган юридик шахслар;
оилавий корхоналар.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқадики, корхонада Солиқ кодекси (СК)да ер солиғи бўйича имтиёзлар назарда тутилган ер участкаларининг борлиги ер солиғининг 3 баравари суммасини ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўлашдан озод қилиш учун асос ҳисобланмайди. 2203-сон Низомнинг 3-бандида белгиланишича, ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқаришда СК 280-моддасининг иккинчи қисми ва 282-моддасининг иккинчи қисмига асосан ер солиғи солинмайдиган ер участкалари ҳисобга олинмайди.
Шу тариқа, ер солиғи солинмайдиган ер участкаларига эга бўлган корхоналар умумий асосларда энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўловчилари ҳисобланадилар, бироқ ер солиғи 3 баравари суммасининг ҳисоб-китоби фақат ер солиғи солинадиган ер участкалари бўйича амалга оширилади.
ЯСТнинг энг кам миқдори қуйидаги формула бўйича ҳар чоракда аниқланади:
ЭКМяст = 3 х С х К1 х К2 / 4, бу ерда:
С – ер солиғи, ер участкалари майдони мазкур жой ва ер тоифаси учун белгиланган солиқнинг энг кам ставкасига кўпайтириш билан ҳисобланади. 2013 йилга ер солиғининг ставкалари Президентнинг 25.12.2012 йилдан ПҚ–1887-сон қарорига 19-иловада белгиланган;
К1 ва К2 – амалга оширилаётган фаолият туридан ва корхонанинг жойлашган жойидан келиб чиқиб қўлланиладиган пасайтирувчи коэффициентлар (2203-сон Низомнинг 1-иловасида келтирилган).
МИСОЛ. Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси (Нукус шаҳрида) умумий майдони 1 780 кв.метр бўлган ер участкасига эга, шундан 880 кв.метри – АЁҚШ майдони,
900 кв.метри Инвестиция дастурини амалга ошириш доирасида автомобилга газ тўлдириш компрессор станцияси қурилиши учун ажратилган майдон.
АЁҚШга ер солиғининг 3 баравари суммасини ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўлаш тартиби татбиқ этилади. Инвестиция дастури доирасида газ қуйиш шохобчаси қурилиши учун ажратилган участка майдонига қурилишнинг меъёрий муддати даврида ер солиғи солинмайди (СК 282-моддаси иккинчи қисмининг 18-банди). Шу сабабли мазкур участканинг майдони қурилишнинг меъёрий муддати даврида ЯСТнинг энг кам миқдори ҳисобланаётганда ҳисобга олинмайди ва энг кам миқдор АЁҚШ майдонидан келиб чиқиб белгиланади – 0,088 га (880 кв.метр).
Ер солиғининг энг кам ставкаси 6 021 208 сўм/га ни ташкил этади (Нукусдаги 4-иқтисодий зона). Кўрилаётган вазиятда АЁҚШ учун пасайтирувчи коэффициент назарда тутилмаган.
Ҳисобот чораги учун ЯСТнинг энг кам миқдори:
3 х 0,088 х 6 021 208 / 4 = 397 399,73 сўмни ташкил қилади.
ЯСТнинг энг кам миқдори ЯСТнинг ҳисобланган суммаси билан таққосланади, у шунингдек ҳар чоракда, ЯСТ бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзларни қўлламаган ҳолда чорак учун олинган солиқ солинадиган ялпи тушумни ЯСТнинг белгиланган ставкасига кўпайтириш йўли билан ҳисоблаб чиқарилади (2203-сон Низомнинг 9-банди). Агар ҳисоб-китоб суммаси энг кам миқдордан кам бўлса, ягона солиқ тўлови энг кам миқдорнинг ҳисоб-китоб суммасидан ошиш суммасига қўшимча ҳисоблаб ёзилади. Агар ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси энг кам миқдордан кўп бўлса ёки унга тенг бўлса, қўшимча ҳисоблаб ёзиш амалга оширилмайди.
Жавобни «Norma Ekspert» мутахассислари
тайёрладилар.