Вазирлар Маҳкамасининг 16 июлдаги мажлисида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари кўриб чиқилди ҳамда 2013 йил 18 январда республика ҳукумати мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов томонидан белгилаб берилган 2013 йилги иқтисодий дастурнинг йўналишлари ва энг муҳим устувор вазифалари амалга оширилишини таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ЯИМнинг ўсиши 8%ни, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш – 8,2%ни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш – 7,3%ни, қурилиш ишлари – 16,1%ни ташкил қилди. Давлат бюджети ЯИМга нисбатан 0,1% миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз кўрсаткичларидан ошмади.
Ички талабни мутаносиб рағбатлантириш ҳамда маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларни ва хизматлар кўрсатувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмининг 14,4%га, чакана товар айланмасининг – 14,6%га,
хизматларнинг – 12,1%га ўсишини таъминлади. ЯИМда хизматлар соҳасининг улуши 2012 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича 52,2% ўрнига 52,4%гача ўсди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 36,1%га кўпайди.
Энг юқори даражада қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар туфайли кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаол ривожланмоқда. Бу уларнинг ЯИМ, саноат ишлаб чиқариши, экспорт ва бандликдаги улушининг изчил ўсишида акс этмоқда. Фақат жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида кичик бизнеснинг 15,8 мингта янги субъекти ташкил этилди.
«Обод турмуш йили» Давлат дастури доирасида халқнинг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, мамлакатнинг фаровонлиги ва равнақини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Уларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобига 3,4 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Жорий йилнинг I ярим йиллигида 554,4 мингта янги иш ўринлари, улардан 334,4 мингтадан кўпроғи ёки 60,3%и қишлоқ жойларда ташкил этилди. Аҳолининг реал даромадлари 16,3%га ўсди.
Ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмини 10,2%га, шу жумладан хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми-ни – 13,2%га кўпайтириш таъминланди. 1 233 ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди, умумий қиймати 6,8 млрд АҚШ долларига тенг бўлган 141 янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирувчи автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дастури доирасида 349,9 млрд сўм ўзлаштирилди.
Мажлисда экспортга йўналтирилган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва экспортдан олинадиган валюта тушумини кўпайтириш ишларининг ҳолати ҳар томонлама кўриб чиқилиб, батафсил таҳлил қилинди. Жаҳон бозорлари конъюнктурасидаги ноқулай ўзгаришларга қарамай, иқтисодиёт тармоқларининг экспорт салоҳиятини ривожлантиришни рағбатлантириш, экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар экспорт ҳажмининг 11,4%га ўсишини ва ташқи савдо айланмасининг салмоқли ижобий сальдосини таъминлади. Маҳаллий товарлар ва хизматларни экспорт қилиш турлари ва географияси кенгаймоқда.
Ушбу масалани муҳокама қилиш давомида экспортга етказиб бериладиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмини ва уларнинг турларини кенгайтириш захираларини аниқлаш ва мавжуд захираларни сафарбар этиш ишларини зарур даражада ташкил этишни таъминламаётган бир қанча хўжалик бирлашмалари ва вилоятлар ҳокимликлари раҳбарларининг фаолияти танқид қилинди. Улар олдига экспорт қилинадиган маҳсулот ишлаб чиқариш билан шуғулланмайдиган саноат корхоналарини экспорт фаолиятига жалб этишга, шунингдек халқаро стандартларга мувофиқ маҳсулот сифатини бошқариш ва унинг сертификациясини ўтказишнинг замонавий тизимларини кенг жорий этишга йўналтирилган комплекс қўшимча чора-тадбирлар кўриш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, республикадаги йирик корхоналар ва вилоятлар ҳокимликлари раҳбарлари сўзга чиқдилар. Республика ҳукумати мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди, уларда 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифалари амалга оширилишини сўзсиз таъминлашга доир аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
ЎзА материали
асосида тайёрланди.