Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 26 / Амалиёт

Ҳунаридан зар ундираётганлар

Ўзбек ҳунармандчилигининг тарихи узоқ асрларга бориб тақалади. Йиллар давомида сайқал топиб келган бу соҳанинг довруғи айниқса мустақиллик йилларида «етти иқлим»га бориб етди. Хусусан, Италияда ўтказиладиган «Жаҳоннинг йирик ҳунармандчилик санъати», Туркияда анъанавий тарзда ўтказиладиган «Қўл маҳорати, совғабоп буюмлар», Малайзиядаги «Халқаро ҳунармандлар», Россиянинг «Уста ва ҳунармандлар этник олами» номли халқаро кўргазмаларида қўли гул уста ва моҳир ҳунармандларимиз тайёрлаган маҳсулотлар барчани ҳайрату ҳаяжонга солди.

«СУЛОЛАНИНГ ВАКИЛИМАН»
Бой тарихимиз, маданий ва маънавий қадриятларимиздан далолат берувчи кулолчилик, каштадўзлик, ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик, тўқувчилик, зардўзлик ҳунарларининг янада тараққий этишига Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун қарийб 17 йилдан буён ўтказиб келинаётган «Ташаббус» кўрик-танлови янгича эпкин бағишлади, янги «юлдуз»ларни кашф этди.
Бухоролик уста ҳунарманд Маҳфуза Салимованинг ҳам ташаббуслари мазкур танлов томонидан муносиб баҳоланиб келган. Масалан, у «Ташаббус-2003» кўрик-танловида «Энг яхши аёл тадбиркор» номинациясининг ғолиби бўлган бўлса, орадан ўн йил ўтиб, бу кўрик-танловда «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» деган номга сазовор бўлди ва Президентимизнинг соврини – «Spark» автомобили билан тақдирланди.
– Зардўзлар сулоласининг учинчи авлод вакилиман, – дейди Маҳфуза Салимова. – Юз ёшни қоралаган бувимиз Қурбоной ая зардўзлик ҳунари билан халқ орасида ҳурмат-эътибор қозониб келдилар. Онам Маликабиби Бухоро зардўзлик фабрикасида 40 йилдан ортиқ меҳнат қилганлар. Мен ҳам болалигимдан шу ҳунарга меҳр қўйдим, авлодлар анъанасини давом эттириб, 1998 йилда «устоз-шогирд» мактаби асосида «Садбарг» фирмасини очдим.
«Садбарг» асосан зардўзлик, патдўзлик, зар оёқ кийимлари, миниатюра гиламлари ва миллий тикувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Фаолияти давомида у Швейцария, Россия, Корея, Америка, Канада, Япония, Греция, Франция ва Қозоғистон давлатларида ўзининг маҳорат дарслари ва кўргазмаларини намойиш қилиб улгурди ва бу мамлакатларнинг юқори эътирофига сазовор бўлди. Ҳозирги кунда у 112 нафар шогирдни ўз бағрида камолга етказмоқда. Ўтган йилни «Садбарг» 36 млн сўмлик соф фойда билан якунлади. 
Маҳфуза Салимованинг олиб борган муттасил изланишлари самараси ўлароқ, патдўзлик санъатининг 130 турдаги қадимий усулларини қайта тиклашга муваффақ бўлинди. Шунингдек, буюк бобокалонимиз Камолиддин Беҳзоднинг миниатюра асарларини, Алишер Навоий, Амир Темур каби тарихий шахслар сиймоларини панноларда акс эттиришни олдиларига мақсад қилиб қўйишган.

ТАНБУРНИ ИТАЛИЯДА ЧАЛДИРГАН УСТА
Андижонлик Абдумалик Абдураимовни том маънода «қўли гул уста» дейиш мумкин. Устанинг мўъжизакор қўлларидан чиққан дутор, ғижжак каби миллий чолғу асбобларининг ноёб намуналарини бугунги кунда АҚШ, Италия, Корея, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа қатор давлатларнинг йирик музейларидан топиш мумкин.
Абдумалик ака ўзининг 44 йиллик фаолияти давомида қарийб ўн асрлик маънавий-маданий меросимиз тарихини қунт билан ўрганди, айниқса Камолиддин Беҳзод миниатюраларида акс эттирилган чолғу асбоблари уста эътиборини ўзига жалб этди. Ана шу узоқ йиллик изланишлари меваси сифатида ўзининг «Ғижжаки Бобурий», «Дилрабо», «Дилнаво», «Мерос», «Хушнаво», «Қўштор» деб номланган ажойиб созларини кашф этди.
У 2006 йилда Тожикистон Республикасида ўтказилган «Шашмақом» мусиқа фестивалида иштирок этиб, Тожикистон ва ЮНЕСКО ташкилотининг махсус дипломини қўлга киритган. 2009 йилги «Наврўз садолари» II Республика кўп овозли миллий чолғу ансамбллари фестивалига ҳам ҳомий, ҳам ташкилотчилик қилган.
Айни пайтда Абдумалик Абдураимов миллий мусиқа созлари ишлаб чиқарувчи корхона очиб, унга технологик асбоб-ускуналар жалб қилган. Ҳозир бу ерда 120 нафардан ортиқ ёш усталар (уларнинг 20 нафари мусиқа коллежининг битирувчиларидир) «устоз-шогирд» усулида ушбу ҳунарнинг сир-асрорларини ўрганишмоқда.
Диққатга сазовор жиҳати шундаки, Абдумалик Абдураимов ва унинг шогирдлари яратаётган миллий чолғу асбоблари дунёнинг кўплаб мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Корхонанинг 2012 йилда маҳсулот сотишдан тушган соф тушуми 102,7 млн сўмни, ялпи фойдаси эса 30,9 млн сўмни ташкил этди.
Унинг меҳнатлари ҳам «Ташаббус–2013» кўрик-танловида алоҳида эътироф этилган ва махсус соврин билан тақдирланган.

ҲАРАКАТДА – БАРАКАТ
Республика «Ҳунарманд» халқ ҳунармандлари уюшмасининг вилоятларда 13 та бошқармаси, туманларда 154 та бўлими бўлиб, бугунги кунда у 21 минг нафардан зиёд ҳунармандни ўзида бирлаштирган. Уюшма ўз аъзоларининг ижтимоий ҳимояси, эркин меҳнат қилиши ва фаолият кўламини кенгайтиришига яқиндан кўмаклашиб келади.
– Уюшмамиз қўли гул усталарга ҳар жиҳатдан кўмаклашади, – дейди «Ҳунарманд» уюшмаси масъул ходими Лутфия Мирзаева. – Юртимизда яратилган кенг имкониятлар туфайли кўплаб ҳунармандларимиз хорижий давлатларда ўтказиладиган халқаро кўргазмаларда фаол иштирок этмоқдалар. Ҳаракатда – баракат деганларидек, ҳунармандчиликда шогирд етиштириш мактабининг йўлга қўйилиши ёшлар учун айни муддао бўлмоқда, фарзандларимиз ҳунарли бўлиш билан бирга даромад манбаига ҳам эга бўлаётирлар.
Бошқа жиҳатдан бунинг маънавий-тарбиявий аҳамияти ҳам бор: аввало, ҳунармандчилик ёшларни меҳнат билан уйда, яъни оила даврасида шуғулланиш, уларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилиш имконини беради. Бунда ота-оналар «болам қаерда, нима қилаётган экан?» деган хавотирдан холи бўлишади. Шу йўл билан оиланинг кичик аъзоси ҳам ҳунармандчилик сирларини ўзлаштириб олади. Бундай оилада ўз-ўзидан ишсизлик, моддий етишмовчилик ёки ҳуқуқбузарликлар бўлмайди. Фикримизни респуб­ликамизнинг турли ҳудудларида турли ҳунарлар билан машғул оилаларнинг тажрибаси яққол тасдиқлайди.

«ЯНГИ АВЛОД» СОВРИНДОРИ
Республика Рассомлик коллежи 3-курс ўқувчиси, қашқадарёлик Гулҳаё Абдуллаеванинг ота-онаси ҳам ўз қизларидаги санъатга бўлган иштиёқни пайқаб, бу қобилиятни тўғри ўзанга сола билишди.
Гулҳаё анъанавий миниатюра, миниатюра композицияларини замонавий кўринишда ишлаш ва уларни маҳаллий хом ашёлардан яратилган сувенир ва буюмлар юзасига туширишдек ҳунарни эгаллашга астойдил бел боғлади. У 2008 йилда «Янги авлод» бешинчи болалар фестивалида иштирок этиб, сертификат билан тақдирланди. 2011 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган Амир Темур таваллудининг 675 йиллигига бағишланган «Соҳибқирон бунёдкорлиги» номли ёш миниатюрачи мусаввирлар беллашуви ва бошқа бир қатор танловларда махсус дипломларга эга бўлди. Зулфия номидаги давлат мукофоти сов­риндори бўлган Маҳлиё ўтган йили «Мустаҳкам оила йили»га бағишлаб ўзининг «Илк қадам» номли шахсий кўргазмасини ташкил этди.
У очган кичик корхонада бугун унинг тенгқурлари – 12 нафар ёшлар иш билан таъминланган. Жорий йилда ўтказилган «Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам» кўргазмасида «Йилнинг энг яхши ҳунарманд аёли» номинацияси ғолиби бўлди. Шунингдек, «Ташаббус–2013» танловининг республика босқичида иштирок этди.

ТАРИХНИ
ТИЛГА КИРИТИБ...
Орадан даврлар ўтди, замонлар ўзгарди. Йирик саноат корхоналари, завод ва фабрикаларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўпайиб, ҳунармандчилик буюмларига эҳтиёж бироз камайгандек бўлди. Ҳатто тўқув дастгоҳлари, босқону сандонлар кераксиз матоҳга айлангандек туюлди.
Бироқ ўтмишидан қувват оладиган, бобокалонларимиз шижоатидан руҳланадиган халқимиз қалб қўри, кўз нуридан бунёд этиладиган ҳунармандчилик буюмлари «мода»дан тушмайдиган асл маҳсулотлар эканлиги яна ўз исботини топмоқда. Тарихий манбаларда қайд этилишича, мамлакатимиз ҳудудида неолит давридаёқ сопол буюмлар ишлаб чиқариш ва тўқимачилик вужудга келган. Хоразм воҳасидаги Калтаминор маданияти, Сурхондарёдаги Сополлитепадан топилган ноёб ёдгорликлар бунинг ёрқин далилидир. Милоддан аввалги II асрдан бошлаб, Буюк ипак йўли орқали юртимиз ҳунармандлари томонидан тайёрланган маҳсулотлар Европа бозорларига кириб борган. Юқори сифатли, нозик дид ва юксак маҳорат билан тайёрланган шойи газламалар, мис ва темирдан тайёрланган рўзғор буюмлари, бетакрор нақшли гиламлар ўша кезларда ғарбликларни лол қолдиргани айни ҳақиқат.
– Ота-боболаримиз, момо-бувиларимизнинг ҳаётига мазмун бағишлаган, нонини бутун, ризқини улуғ қилган ҳунармандчилик билан шуғулланишни кўпчилик соғинганди, – дейди ургутлик Мавлуда Ҳамдамова. – Истиқлол шарофати билан бундай ниятларимиз ижобат бўлди. Мен ҳам Самарқанд вилоятида XIX асрларда тикилган, ҳозирги вақтда турли музейларда сақланаётган сўзана, нимсўзана, жойнамоз, чойшаб, белбоғ каби каштачилик маҳсулотларини асл намуналарга мувофиқ тикишни мақсад қилдим. Секин-аста бу ишга маҳаллада ишсиз юрган ёшларни жалб қилиб, ўзимнинг кичик корхонамни очишга қарор қилдим. Бугунги кунда корхонамизда 20 нафар қиз-жувонлар ўзининг иш ўрнига эга бўлди. Биз фақатгина палак, сўзана тикиш билан чекланиб қолмай, каштачилик услубидаги замонавий буюмлар, жумладан аёллар сумкалари, уяли телефонлар учун ғилофлар тикишни ҳам йўлга қўйганмиз – бозор талаби шу! Корхонамиз юртимизда ҳар йили ўтказиладиган «Базар-Арт» кўргазма-ярмаркасида ҳам фаол қатнашиб, хорижликлар эътиборига тушди. «Ташаббус–2013» кўрик-танловининг республика босқичида иштирок этиш шарафига ҳам муяссар бўлдик.

ҚОНУН ҲУНАРМАНД ТОМОНДА
Мустақиллик йилларида миллий ҳунармандчилик, касаначилик қайтадан равнақ топди. Соҳа вакиллари ҳуқуқларини давлат томонидан кафолатловчи бир қатор меъёрий ҳужжатлар дунё юзини кўрди.
Президентимизнинг 31.03.1997 йилдаги «Халқ бадиий ҳунармандчилик-лари ва амалий санъатини янада ривожлантиришни давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (ПФ-1741-сон), Вазирлар Маҳкамасининг 4.06.1997 йилдаги «Ҳунарманд» халқ ҳунармандлари уюшмасини ташкил этиш ва унинг фаолияти масалалари» (282-сон), 29.07.2009 йилдаги «Юридик шахс ташкил этмасдан оилавий тадбиркорликни ҳамда ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (216-сон) қарорлари шулар жумласидандир. Масалан, ПФ-1741-сон Фармонга мувофиқ, халқ бадиий ҳунармандчилик ва амалий санъат буюмлари қатъий белгиланган солиқлар ва божхона тўловидан 2014 йилнинг 1 январига қадар озод қилинган. Вазирлар Маҳкамасининг 25.05.2011 йилдаги «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тартиби тўғрисидаги низомга қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қарорига (152-сон) асосан 24 йўналишдаги ҳунармандчилик маҳсулотлари экспертиза йиғимидан озод этилди. Мусиқа асбоблари, гилам, кашта, заргарлик буюмларига эса йиғимлар миқдори 2-3 баробарга камайтирилди, натижада ҳунармандларнинг моддий манфаатдорлиги ортди ва маҳсулотларни экспорт қилишга янада кенг имконият яратилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 24.08.2001 йилдаги «Юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар ва деҳқон хўжаликлари аъзоларини давлат томонидан ижтимоий суғурталаш тўғрисида»ги қарорига (351-сон) асосан юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар, жумладан ҳунармандлар, касаначиларга меҳнат дафтарчаси, пенсия ва суғурта дафтарчалари очилади ҳамда фаолияти даврида мунтазам юритиб борилади.

РАҒБАТ – МУВАФФАҚИЯТГА КАФОЛАТ
Ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан рағбатлантирилаётган ҳунармандларимиз бугун нафақат ички бозор, балки экспорт учун ҳам маҳсулотлар ишлаб чиқара бошладилар. Ўз навбатида, уларнинг фидокорона меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланмоқда.
Масалан, риштонлик уста-кулол Тоҳиржон Ҳайдаров «Дўстлик» ордени билан, наманганлик тўқувчи ҳунарманд Латипжон Аҳмаджонов ва қашқадарёлик миллий гиламдўз Салтанат Қўлдошева «Шуҳрат» медали билан тақдирланиб, давлатимизнинг ҳурмат ва эътирофига сазовор бўлмоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ҳар йили ўтказиладиган «Ташаббус» кўрик-танловида алоҳида «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» номинациясининг борлиги ҳам юртимиз ҳунармандлари ўз маҳсулотларини намойиш этишлари учун улкан имкониятдир.


Гулбаҳор САТТОРОВА,
 «СБХ» мухбири.

Прочитано: 3522 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика