Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 26 / Қонунни қўллаш амалиёти

Cолиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси ишлаяптими?

Қуйида сўз юритиладиган, тадбиркорлар учун ҳаётий муҳим икки принцип – қонун ҳужжатларимизда мустаҳкамлаб қўйилган ва кўпчилик яхши биладиган икки принцип нима сабабдан амалиётда иш бермаяпти, тўғрироғи, нега ундан фойдаланмаяптилар? Улардан бири солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципи бўлиб, унга кўра солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин қилинади, бошқача қилиб айтганда, солиқ органлари билан баҳс ёки низо келиб чиққан тақдирда солиқ тўловчининг ҳақлиги эътироф этилишига асос бўлади. Иккинчиси янада кўламдорроқ принцип бўлиб, тадбиркорнинг ҳуқуқлари устуворлигида мужассам топадиган мазкур принципга мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар тадбиркорнинг фойдасига талқин қилинади.
Суд мажлисхонаси атрофида, касби тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш ҳамда бу ҳуқуқлар амалга оширилишини таъминлаш ҳисобланган мутахассисларнинг расмий ва норасмий учрашувларида муайян вазиятда ана шу принципларни қўллаган ҳолда нималарга эришиш мумкинлиги хусусида кўпинча қизғин баҳс-мунозара юритадилар. Уларнинг амал қилишини қай йўсинда таъминлаш эса муаммолигича, тушунарсиз ҳолатда қолиб келмоқда... Аниқ масала билан боғлиқ низода бу принциплар таърифининг салмоғи йўқдек кўринади. Негаки қонун ҳужжатларида берилган таърифларда ноаниқликлар кўп.
Анчадан бери кўпчиликнинг эътиборидан тушмаётган муаммоларни таҳририят тадбиркорлар, корхоналарнинг раҳбарлари, юрисконсультлар, адвокатлар ва аудиторлар, давлат органларининг ходимлари амалий муҳокамасига чиқаришни лозим топди. Зотан бу доираларда масаланинг муҳимлиги, қонун ҳужжатларида мужассам топган нормаларни бир тусдаги барқарор амалиёт даражасига етказиш аҳамияти изоҳ талаб қилмайди.
Мазкур ҳолатда қонун ҳужжатларидаги атамаларни ва таърифларни бир тарзда тушунишни таъминлаш бозор иқтисодиётини ривожлантираётган кишиларнинг каттароқ кўламда ҳимояланганлигини ва ишончи комиллигини таъминлаш йўлидир.
«Business Legal Advisers» АФ бошқарувчи ҳамкори Азизбек ҚУРБОНОВ қуйида ўз нуқтаи назарини баён этиб берди.


– Тадбиркорнинг ҳақлиги презумпцияси қонунчилик асосида мустаҳкамлаб қўйилганлиги амалиётда ишламаяпти – нуфузли органлар тадбиркорнинг далилларини норматив ҳужжатлардаги «бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар» деб ҳисобламай қўя қоладилар: уларга ҳаммаси аниқ ва равшан. Бундай ҳолларда мазкур нормадан қай йўсинда фойдаланиш, ҳуқуқий ҳужжатларда учраши эҳтимоли бўлган бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларни қандай қилиб исботлаб бериш керак? Бу ишни амалга ошириш нега шунчалар машаққатли?
Қонун ҳужжатларининг матнига мурожаат этайлик. Солиқ кодексининг (бундан кейин – Кодекс) 11-моддасида белгиланишича, «Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин қилинади».
Мамлакат Президентининг «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (24.08.2011 йилдаги ПФ-4354-сон) қабул қилингач, солиқ тўловчининг ҳақлиги принципи тадбиркорлик фаолияти субъектларининг барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, тижорат банклари билан ўзаро муносабатларида татбиқ қилина бошланди ва тадбиркорлар ҳуқуқлари устуворлиги принципи номини олди.
Қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган ана шу кафолатлар тадбиркорлик учун қулай ва мақбул шароит яратишда олға қараб ташланган катта қадам бўлди, ташаббускор иқтисодий фаолиятни амалга оширишда кичик ва хусусий бизнес субъектларига кенг эркинликлар бериш учун асос вазифасини ўтаб келмоқда.
Бироқ бизнес аҳли ва назорат қилувчи органларнинг ҳуқуқни қўлланиш амалиётида Кодекс 11-моддасини талқин қилишда ҳар хил фикрлар мавжуд. Бир тарафдан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ноаниқликлар, икки хил талқинлар, қарама-қаршиликлар бўлиши эҳтимолини ҳам истисно этувчи зўр қонунчилик базаси мавжуд («Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунга, Қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Рес­публикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш бўйича дастурларни тайёрлаш ва қабул қилиш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторинги тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 5.08.2011 йилдаги 227-сон қарорининг 1-иловаси) ҳамда Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларига (АВ томонидан 14.02.2009 йилда 1905-сон билан рўйхатдан ўтказилган) қаралсин).
Бошқа тарафдан олганда, қонун ҳужжатларида «бартараф этиб бўлмайдиган», «қарама-қаршиликлар» ва «ноаниқликлар»нинг аниқ тушунчаси йўқ, тадбиркор ҳуқуқларининг устуворлиги кафолатини қўлланишнинг, шу жумладан солиқ соҳасида қўлланишнинг тартиби белгиланмаган. Буларнинг ҳаммаси, фикримизча, мазкур принципни амалда юридик кучдан маҳрум этиб, рўёбга чиқариб бўлмайдиган қилиб қўйган. Чунончи, мазкур кафолатдан фойдаланишдан аввал қонун ҳужжатларида шундай қарама-қаршиликлар ёки ноаниқликлар борлигини ва уларни бартараф этиб бўлмаслигини исботлаб бериш тақозо этиладики, бундай исботлаш тартибини ҳуқуқий жиҳатдан расамадга солинмаган бир шароитда уни амалга оширишни имконсиз қилиб қўяди.
Энг аввало «бартараф этиб бўлмайдиган», «қарама-қаршиликлар» ва «ноаниқликлар» тушунчаларининг ўзи аниқлаштиришни, ҳуқуқни қўлланиш амалиёти учун мазмуний аҳамиятга молик таърифланишини талаб қилади.
«Бартараф этиб бўлмайдиган» тушунчаси қолган икки тушунча, яъни «қарама-қаршиликлар» ва «ноаниқликлар» тушунчалари билан уйғунликдагина белгиловчи аҳамият касб этади. Демак, «бартараф этиб бўлмайдиган» деган ҳуқуқий тушунча асосий мазмун ва моҳияти бўйича қабул қилинмоғи керак.
Қарама-қаршиликлар, муайян муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатда бир масалада бир-бирига мос келмайдиган кўрсатма ва йўл-йўриқ бор бўлган ҳолатдир. Ё бўлмаса бир норматив ҳужжатнинг қоидалари бошқа шундай ҳужжатнинг қоидаларига мувофиқ келмаслиги ҳолатидир. «Қарама-қаршиликлар» тушунчаси деганда бир қонунда мустаҳкамлаб қўйилган нормалар бошқа қонунларда белгиланган нормаларни тўғридан-тўғри рад этишинигина эмас, балки турли талабларни белгилаётган иккита қонун ёки қонуности ҳужжати мавжудлигини ҳам тушунмоқ керак.
Ноаниқлик қонуннинг қоидалари тарафларнинг аниқ ҳуқуқлари ва бурчларини, уларнинг мажбуриятларини, бу қоидаларнинг амал қилиш механизми ва шу сингариларни белгилаб олиш имкониятини бермайдиган ҳолатлардир. Бундай қараганда, қонуннинг қоидалари мазмуни аниқ, лекин уни қандай ҳолларда қўлланиш жоизлиги ноаниқ ёхуд унда юзага келган ноаниқликлар ёки қарама-қаршиликларни тартибга солмайдиган қонуннинг бошқа қоидаларига ҳавола қилинади.
Энди энг асосийси: қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар бартараф этилмайдиган бўлиши лозим. Шу ўринда бартараф этиб бўлмаслик қандай хусусиятда бўлиши керак, ҳуқуқни қўлланиш амалиётида бартараф этилмайдиган ҳолатлар назарда тутилганми, юзага келган қарама-қаршиликлар ёки ноаниқликларни бартараф этиб бўлмаслигини қай тартибда ва ким белгиламоғи керак деган ўринли саволлар туғилади.
«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 43-моддасида айтилишича, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ноаниқликлар топилган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасининг Конституция­сига мувофиқ қонунларга расмий шарҳни Конституциявий суд беради. Қонуности ҳужжатлар нормаларига расмий шарҳни уларни қабул қилган органлар беради. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш жараёнида уларга нормаларни аниқлаштиришга қаратилган тузатишлар, ўзгартиришлар, қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.
Қонуннинг юқорида зикр этиб ўтилган қоидалари инобатга олинса, қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларнинг «бартараф этиб бўлмаслиги» шундай бўлиши керакки, бу ҳол фақат солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини (Кодекс ва бошқа ҳужжатлар) қабул қилган Ўзбекистон Респуб­ликасининг қонун чиқарувчи органи (Парламент) ва бошқа орган тимсолидаги органларнинг аралашувини талаб этади. Ёки улар ваколатли давлат органи – Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди томонидан ҳал қилинмоғи (шарҳланмоғи) лозим («Ўзбекистон Респуб­ликасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддаси).
Айни бир вақтда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нисбатини белгиловчи 16-моддасини ҳам албатта инобатга олмоқ керак. Турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юридик кучи бўйича ўзаро нисбати Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилган органларнинг ваколатига ва мақомига, ушбу ҳужжатларнинг турларига мувофиқ белгиланади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши шарт. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда, юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади. Тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда, кейинроқ қабул қилинган ҳужжат қоидалари амал қилади.
Агар норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган вазирликнинг, давлат қўмитасининг ёки идоранинг ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун махсус ваколати бўлса, ушбу орган қабул қилган ҳужжат бир хил даражадаги бошқа вазирлик, давлат қўмитаси ёки идора томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга нисбатан юқори юридик кучга эга бўлади.
Шундай қилиб, Кодекснинг 11-моддасини ҳамда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасини қўлланиш юзасидан бу ерда ҳам етарлича муфассал йўл-йўриқлар бор деб бўлмайди. Кодекснинг ёки «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг ана шу моддалари қоидаларини иккала норматив-ҳуқуқий ҳужжатда қарама-қаршиликлар бўлган ва улардан бири муносабатларнинг айни шу соҳасини тартибга солишга махсус йўналтирилган бўлган тақдирда уларни қўлланиш мумкинми? Тадбиркорликка кўпроқ эркинлик берувчи нормалар тадбиркор ҳаракатини чекловчи нормаларни ўзида мужассам этган ҳужжатга нисбатан юридик кучи камроқ ҳужжатда мустаҳкамлаб қўйилган бўлса, нима қилиш керак?
Юзага келган вазият «солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар» оқибатида келиб чиққанлигини қай йўсинда аниқлаш мумкин? Мазкур ҳолатни тушунтириб бериш, изоҳлаш иложсизлиги ҳақида ёхуд тушунтиришни рад этиш ёки аризачининг мурожаатини жавобсиз қолдириш тўғрисида Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси тимсолида ваколатли органларнинг расмий фикрини олиш талаб этиладими? Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар борлиги масаласи ким тарафидан қўйилиши кераклиги ҳам ечим топиши, бу иш текширувчи орган, текширилаётган корхона ёки суд томонидан амалга оширилишида ҳам аниқлик бўлиши талаб этилади. Мабодо тадбиркорлик субъекти солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар борлигини кўрсатган бўлсаю, мазкур субъект юзасидан тергов ишлари олиб борилаётган бўлса, нима қилиш лозим? Тергов органлари бундай кезларда солиқ тўловчининг қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларнинг бартараф этиб бўлмаслигига ҳамда ҳуқуқлари устуворлигига оид далиллари эътиборга олингани билан боғлиқ биронта ҳам ҳолат бизга маълум эмас. Терговнинг кейинги материалларида жиноят тўғрисидаги суд ҳукми билан тадбиркорлик субъекти ходимининг «солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик»даги айби аниқланганлиги ўз тасдиғини топади ҳамда ҳукм солиқ органининг тадбиркорлик субъектига нисбатан молиявий жазо чораларини қўлланиш ҳақидаги аризасини ижобий тарзда кўриб чиқиш учун асос бўлиб қолади. Шу зайил ҳуқуқ-тартибот ва судлов тизимининг фаолият олиб бориши билан боғлиқ бутун бир силсила юзага келади, унинг ибтидосида эса солиқ тўловчининг ва тадбиркорнинг ҳақлиги презупмцияси принципини қўлланишнинг аниқ таърифланган ҳуқуқий механизми йўқлиги ётади.
Бордию, бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар суд томонидан аниқланадиган бўлса, бу иш қай пайтда ва қанақа тартибда амалга оширилади? Бу иш содир бўлган ҳолатни бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршилик ва ноаниқлик деб топиш ҳақидаги ариза асосида амалга ошириладими ёки низони кўриб чиқиш асносида амалга оширилади-
ми – ҳозирча ноаён.
Ушбу мақолада жавобларга нисбатан саволлар кўпроқ эканлигига ажабланмаслик лозим. Назаримизда, жамоатчилик муҳокамаси мобайнида мазкур масала юзасидан амалиётчи юристлар, тадбиркорлик субъектлари, назорат қилувчи органлар ва олимларнинг фикр-мулоҳазаларини шакллантириш лозим. Шундан ке­йингина Конституциявий судга мурожаат этса бўлади. Мазкур суд барча ҚАРАМА-ҚАРШИЛИКЛАР ВА НОАНИҚЛИКЛАРни бартараф этиб, Солиқ кодексининг 11 ва «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаларига расмий шарҳ бермоғи лозим!
Фикр-мулоҳазаларингизни газетамизга йўллайсиз ҳамда мазкур материалнинг norma.uz сайтидаги муҳокамасида фаол иштирок этасиз деб умид қиламиз.

Прочитано: 2563 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2020-02-21 21:20:57, Гость_:
Билмадим лекин Вазирлар Махкамасининг 812-сонли қарорида бу масалага ёндашув қандай бўлиши белгиланган. Яъни норматив ҳужжатларни қўллашда ноаниқликлар вужудга келганида тадбиркор томонга хал қилиниб, Вазирлар махкамасига ноаниқларни хал этиш учун юборилиши кўрсатилган.

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика