Россия компанияси билан сотишга мўлжалланмаган ўғитларнинг кичик синов туркумини (20 кг атрофида) етказиб беришлари тўғрисида келишиб олдик. Ишлаб чиқарувчининг аннотациясига кўра ўғитлар органик маъданли, заҳарсиз бўлиб, хавфлилик даражасига эга эмас. Бундай товарни республикамиз ҳудудига олиб кириш тартиби қандай? Бунинг учун қандай ҳужжатлар зарур?
А.Ҳафизова.
– Аввало шуни эслатиш жоизки, Божхона кодексининг 80-моддасига кўра божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви ветеринария, фитосанитария, экология назорати ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда давлат назоратининг бошқа турлари амалга оширилганидан кейин тугайди.
Маъданли ўғитлар Давлат ветеринария хизмати назорат қиладиган товарлар рўйхатига (АВ томонидан 22.01.2004 йилда 1302-сон билан рўйхатдан ўтказилган Давлат ветеринария назорати остидаги юкларнинг экспорт, импорт ҳамда транзитида ветеринария ҳужжатларини расмийлаштириш ва уларни ташиш қоидаларига 1-илова) киритилган.
Ветеринария хизмати назорат қиладиган юкларни экспорт-импорт учун етказиб бериш билан шуғулланадиган барча юридик ва жисмоний шахслар, идоравий мансублиги ва мулк шаклидан қатъи назар, Давветназорат назоратида бўладилар. Яъни, сиз юк эгаси (импорт чоғи-
да – олувчи) сифатида ветеринария хизмати назорати остидаги маҳсулотни олиб кириш мақсадида ветеринария ҳужжатларини расмийлаштириш учун юк келиб тушадиган жойдаги унинг ҳудудий бўлинмасига ёзма равишда мурожаат қилишингиз керак.
Мурожаатда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак: юк эгасининг номи (Ф.И.Ш.); олиб кириш мақсади; олиб келинаётган маҳсулотнинг тури ва миқдори; келиб чиқиш мамлакати; юкни олиб келиш мўлжалланаётган транспорт тури; давлат чегараси кесиб ўтилиши мўлжалланаётган чегара пунктлари; сақлаш ва карантинга қўйиш жойи.
Мурожаат асосида ҳудудий ветеринария бошқармаси бир ҳафта ичида сиз импорт қилаётган ўғитни сақлаш, ишлатиш (эркин реализация, лабораториядаги ва бошқа текширишлар, қайта ишлаш ва бошқалар) шарт-шароитлари билан танишади. Шундан сўнг Бош давлат ветеринария инспекторига юкни импорт қилишга рухсатнома бериши тўғрисида ёзма сўровнома юборади. Шунингдек юк эгасига юкни импорт қилиш учун ветеринария талаблари, экспортчи давлатнинг марказий ветеринария органи билан келишилган шаклда ветеринария гувоҳномаси ёки сертификатининг намунасини тақдим этади.
Республика бош ветеринари ёки унинг ўринбосари сўровномани 3 кун ичида кўриб чиқиб, ёзма шаклда рухсат беради ёки асосланилган сабабларни кўрсатган ҳолда уни беришни рад этади.
Берилган рухсатнома Ўзбекистонга тегишли назорат остидаги юкни олиб кириш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланади. У 1 кун ичида ЎзР давлат чегараси ва транспортидаги ветназорат бошқармасига, шунингдек ҳудудий ветеринария бошқармасига жўнатилиб, бевосита импортчига топширилиши шарт.
Юк чегарага етиб келгач, чегарадаги ветеринария назорат пунктининг ходими ветеринария сертификати ўрнига рухсатнома ёки унинг нусхаси асосида белгиланган шаклда тегишли ветеринария гувоҳномасини расмийлаштиради. Унда мажбурий тартибда Бош давлат ветеринария инспектори томонидан берилган рухсатноманинг рақами ва уни бериш санаси кўрсатилади.
Олиб киришга рухсатнома бериш рад этилганда ҳудудий ветеринария бошқармаси 1 кун давомида бундан импортчини ёзма равишда хабардор қилиб, рад этиш хатининг нусхасини илова қилиши шарт.
ДБҚнинг Божхона
назоратини ташкил қилиш бош бошқармаси кўмагида тайёрланди.
«Божхона» рукнини Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.